Суҳбат чоғида томонлар икки мамлакат раҳбарияти кўмагида стратегик шериклик муносабатлари сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилганини ва бугунги кунда деярли барча соҳаларни қамраб олганини таъкидлади. Ҳинд компаниялари томонидан Ўзбекистон ҳудудида амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари, бошқа йўналишлар қаторида, соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳаларини қамраб олгани мамнуният билан қайд этилди. Хусусан, ҳозирги вақтда ҳинд сармояси иштирокидаги 22 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш ишлари давом этяпти. Бундан ташқари, Тошкент шаҳрида - « Eurosun healthcare», Фарғона вилоятида - « Apollon hospital enterprises», Наманган вилоятида - « Mitesh Varma» каби етакчи ҳинд тиббиёт клиникаларининг Ўзбекистондаги филиалларини очиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш доирасида Ўзбекистон томони саъй-ҳаракатларни дори воситалари ишлаб чиқаришга мўлжалланган қўшма лойиҳаларни ташкил этишга йўналтиришни таклиф этди. Шунингдек, бугунги кунда беморлар учун энг зарур бўлаётган тиббиёт йўналишлари, яъни жарроҳлик, ортопедия ва радиология йўналишлари бўйича ўзбек мутахассислари учун ўқув курсларини ташкил этиш муҳимлиги қайд этилди.
Мулоқот чоғида томонлар ўзларини қизиқтирган бошқа масалаларни ҳам муҳокама қилдилар. Барча келишувларни амалиётга самарали татбиқ этиш юзасидан конструктив мулоқотни давом эттиришга келишилди, деб хабар беради Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.