Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш борасида давлат бюджети маблағларининг самарали сарф этилишини таъминлаш, давлат хизматида ҳалоллик стандартларини кенг жорий этиш, давлат идораларининг очиқ ва ошкора фаолият юритишини таъминлаш каби қатор муҳим йўналишларда замонавий ахборот технологиялари ютуқларини фаол татбиқ этиш масаласига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.
Жумладан, Қурилиш соҳасида “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизими республиканинг барча ҳудудларида 2021 йил 1 январдан реал вақт режимида тўлиқ ишга туширилди. Ушбу тизимнинг ишга туширилиши натижасида қурилиш объектларини реконструкция қилиш, лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлаш, экспертиза, назорат ва мониторинг фаолиятлари тўлиқ рақамлаштирилди.
Соғлиқни сақлаш тизимида “электрон соғлиқни сақлаш” тизими доирасида 16 та янги ахборот тизимлари жорий қилинди. Шунингдек, 3 та ахборот тизими тажриба сифатида ишга туширилди ҳамда “Электрон таълим”, “Вакцина логистикаси” каби электрон тизимлари жорий қилинмоқда.
Олий таълим тизимида докторантурага кириш учун ўтказилган имтиҳон жараёнлари imtihon.edu.uz платформасида онлайн трансляция қилинди. Касбий (ижодий) имтиҳон жараёнлари ҳам imtihon.edu.uz платформасида онлайн трансляцияси ташкил этилди. Магистратурага қабулда 2-босқичли танлов жараёни йўлга қўйилиб, ҳужжатлар magistr.edu.uz платформасида онлайн шаклда қабул қилинди.
Иккинчи мутахассисликка ҳужжат топшириш учун ikkinchitalim.edu.uz, академик лицейларга ҳамда профессионал таълим муассасаларига ўқишга кириш учун litsey.edu.uz, kasb.edu.uz, kollej.edu.uz, texnikum.edu.uz ҳужжатларни онлайн топшириш платформалари ишлаб чиқилди ва жорий этилди.
Давлат харидлари соҳасида 2022 йил 1 январдан бошлаб, барча давлат харидлари (энг яхши таклифларни танлаш ва тендер харид қилиш) тартиб-таомилларини мажбурий тартибда электрон шаклда ўтказилиши жорий қилинди. Ҳозирда давлат харидлари махсус ахборот портали (http://xarid.uz) орқали амалга оширилади. Унда давлат харидларини режалаштириш, харид қилиш тартиб-таомилларини амалга ошириш, шартнома тузиш, давлат харидлари мониторингини олиб бориш ва назорат қилиш жараёнлари тизимлаштирилган.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан яратилган яна бир платформа бу “E-anticor.uz” электрон платформасидир. Мазкур электрон платформа Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган. Мазкур платформани яратишда коррупцияга қарши курашиш бўйича халқаро стандартлар инобатга олинди ва хорижий мамлакатлар тажрибаси, хусусан Жанубий Корея тажрибаси ўрганилди.
Электрон платформа давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан, маҳаллий давлат ҳокимияти органларида (давлат ташкилотлари) коррупцияга қарши курашиш бўйича тадбирларнинг самарадорлигини таҳлил қилиш, баҳолаш имконини беради. “E-anticor.uz”нинг ўзига хос хусусияти бу маълумотларни автоматик қайта ишлаш ва ҳисоблаш бўйича сунъий интеллект технологиясидан фойдаланилганидир. Электрон платформа мустақил равишда давлат органлари ва ташкилотлари томонидан киритилган маълумотларни баҳолайди.