Халқимиз тиббиётдан тўлақонли рози бўлиши учун малакали тиббий хизмат аҳолига янада яқинлашиши шарт. Бу борада энг катта масъулият бирламчи бўғин муассасалари зиммасига тушади. Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов Самарқанд вилоятига хизмат сафари доирасида мазкур йўналишда амалга оширилаётган ишлар билан танишиш мақсадида Ургут туманида бўлди.
Туман марказидан 18 километр узоқликда, чегара ҳудудда янгидан барпо этилиб, ишга туширилган Жарқишлоқ оилавий шифокор пункти 2 та маҳалланинг 8,4 мингга яқин аҳолисига хизмат кўрсатади. 50 қатновга мўлжаллаган. Муассасада 3 нафар шифокор ва 13 нафар ўрта тиббиёт ходими фаолият юритмоқда. Тўртта тиббий бригада ташкил этилган.
Вазир мазкур оилавий шифокор пунктини замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан таъминлаш, куз-қиш мавсумида юзага келиши мумкин бўлган муаммоларнинг олдини олиш, патронаж хизмати фаолиятини такомиллаштириш каби масалалар юзасидан масъулларга тегишли топшириқлар берди.
Шунингдек, А.Иноятов аҳоли вакиллари билан мулоқотда уларнинг таклиф ва мурожаатларини тинглаб, амалий ёрдам кўрсатадиган бўлди.
Эслатиб ўтамиз, келгуси йилда юртимиз бўйича 100 дан зиёд ана шундай оилавий шифокорлик пунктларини барпо этиш режалаштирилган, деб хабар беради Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.