Она табиатда нега шундай ҳолатлар юз бераётгани, бунда қайсидир маънода бизнинг ҳам айбимиз борлигини ўйлаб кўрмаймиз.

Бундан бир неча йил аввал юртимизга хитойлик бир гуруҳ ҳамкасблар ташриф буюрди. Улар билан дилдан суҳбат қурдик. Биринчи сўраганимиз, “Тошкент сизда қандай таассурот уйғотди,” деган савол бўлди.

— Самолёт  аэропортга қўниб, эшиги очилиши билан биринчи қилган ишим шаҳарнинг мусаффо ҳавосидан тўйиб нафас олиш бўлди, — деди суҳбатдошим. — Таним яйради, маза қилдим. Тошкент кутганимдан ҳам афзал,  ям-яшил шаҳар экан...

Ҳа, юртимиз об-ҳавоси яқин-яқингача ҳам шундай, атроф-муҳитни ободонлаштириш иши шаҳарсозликнинг асосий фаолияти эди.  Хорижликни лол қолдирган ҳозирги  “мусаффолик” билан бундан кейин фахрлана олмасак керак.  Дунёда кечаётган экоҳалокатлар юртимизни ҳам четлаб ўтаётган йўқ. Иқлим  ўзгаришлари оқибатида гоҳ Шарқдан, гоҳ Ғарбдан кириб келаётган иссиқ ҳаво оқими, чанг-тўзонлар қатламининг “семириб” бораётганига ўзимиз ҳам яхшигина “ҳисса” қўшяпмиз. Саноат корхоналари, автотранспорт воситаларидан чиқаётган техник газнинг ортиб бораётгани нафақат атроф-муҳитга, балки, инсон саломатлигига ҳам ўз таъсирини ўтказяпти.

Соҳа мутахассисларининг ҳисоботлари билан танишсангиз  юрагингиз орқага тортиб кетади. Дунё бўйлаб ҳар йили 7 миллиондан зиёд киши ҳавонинг ифлосланиши оқибатида вафот этар экан. Уларнинг кўпчилиги саратон, нафас олиш йўллари ёки юрак касалликларига чалинган. Болаларда кўп ҳолларда нафас қисиш (астма), сурункали ўпка касалликлари, ўсишнинг секинлашиши, семириш ва ақлий заифлик пайдо бўлиши эҳтимоли кўпроқ. Бу маълумотлар  Бирлашган Миллатлар Ташкилоти манбааларидан олинган.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, ҳаво сифатига транспорт воситаларидан ташқари кўплаб бошқа омиллар ҳам таъсир қилади. Масалан, турар-жой ва бошқа биноларни иситишда ёки далаларга  экин экишда қўлланиладиган турли кимёвий моддалар ҳам ҳавони маълум даражада ифлослантиради.

“Бу шуни кўрсатадики, атроф-муҳит зарарланишининг олдини олиш учун, транспорт соҳасидан ташқари, бошқа тармоқлараро комплекс чора-тадбирларни кўриш жуда муҳимдир”, — дейилади Европанинг БМТ иқтисодий комиссияси баёнотида.

Инсон овқатсиз, сувсиз бир неча кун яшаши мумкиндир, аммо ҳавосиз  5 минут ҳам яшай олмайди. Маълумотларга кўра бир киши кунига 1 килограм овқат,  2 литр сув истъемол қилади, 25 килограм ҳавони эса нафас олиш учун сарфлайди. Биз ҳар куни истеъмол қилаётган ҳавонинг атиги  икки фоизигина  кислород эканини ҳамма ҳам билмаса керак?!

Кислород етишмаслиги тирик организмнинг ҳамма аъзоларининг меъёрда ишлашига шикаст етказади.  Сиз билан бизнинг ҳаётлигимиз ана шу бир ютум кислородга боғлиқ, уни эса, бизга беозор дарахтлар инъом этади. Мана нега биз табиатни онамизга менгзаймиз. “Она табиат”, деб алқаймиз.

Баъзан матбуотда, ижтимоий тармоқларда  гоҳ шундайгина ёнимизда бизга ҳаёт улашаётган дарахтлар сўраб-сўрамай кесиб ташланаётганига, ям-яшил хиёбонларни қурилиш майдонига айлантириш мақсадида пайҳон этилаётганига гувоҳ, йўқ, томошабин бўлиб турибмиз. Тўғри, айрим оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқ вакиллари жойларда содир этилаётган экожиноятлар ҳақида бонг урмоқда. Аммо  юз йиллар давомида барқ  уриб яшнаб келаётган,  ёзда сояси билан, ўзидан чиқараётган кислороди билан  жонимизга оро кираётган дарахтлар аёвсиз кесилгандан сўнг кўрилган чорадан қанчалик фойда бор? Демак, бугунги кунда омма орасида экомаданиятни шакллантирмай туриб, мақсадга эришиш мушкулдай кўринади. Тўғри, бу ҳақда кўп ёзилмоқда, фикрлар билдирилмоқда. Аммо, турмуш тарзимизга табиатга нисбатан меҳр уйғонмас экан, вазиятнинг ўнгланиши қийин. Ўтмишда ота-боболаримиз оилада ўғил фарзанд туғилса,  катта бўлгач, уй-жойини қуриб олиши учун турли хил дарахтлар экишган, бу дарахтлар ўн саккиз, йигирма йил давомида ўзидан қанча кислород чиқазади, қанча одам унинг неъматидан баҳраманд бўлади? Подшоҳлар  мўл-кўлчилик бўлсин, деб шаҳарлар ташқарисида боғ-роғлар яратган. Ҳа, боғ барпо этиш, атроф-муҳитни тоза-озода сақлаш халқимизнинг асрий қадриятидир.  

“Ҳавонинг ифлосланиши иқтисодиётдаги вазият ва одамларнинг яшаш сифатига таҳдид қилувчи куч билан ўсишда давом этмоқда. Бу соғлиқни сақлаш учун фавқулодда ҳолатдир”, — дейилади ЖССТ ҳисоботида.

Атроф-муҳитни тоза тутиш, экологик муаммоларнинг олдини олиш мамлакатимизда долзарб масалага айланиб бормоқда. Тегишли ташкилотлар, жамоалар, партия ва бирлашмалар бу борада изчил саъй-ҳаракатлар олиб бораётганига қарамай, вазият жиддийлигича турибди.

Баъзан давлат раҳбарлари мамлакатимизга ташриф буюрганида эсдалик учун дарахт кўчатлари экишади. Жамоатчиликка  ибрат бўладиган жуда яхши анъана. Куз ёки баҳорда ўтказиладиган катта-кичик  кўнгилочар тадбирлар, экосаёҳатлар пайтида минглаб дарахтларни экилса, дўстлик, ёшлик каби номларда боғ-роғлар ҳашар йўли билан барпо этилса, нур устига нур бўларди. Албатта, бундай тадбирларда она табиатни алқайдиган шеър ва қўшиқлар янграса, табиатга меҳр уйғотувчи маърузалар тингланса, замонавий видеороликлар намойиш этилса, ўсиб келаётган ёш авлод онгида табиатни асраш ҳисси юксалган, атроф-муҳитни асраш умум ишимизга айланган бўларди. Ахир  экомусаффолик, саломатлигимиз гарови-ку!

Ўктам МИРЗАЁРОВ, 

журналист