Ёш ўтиши билан инсоннинг қарий бошлаши табиий биологик жараёндир. Инсондаги ёш билан боғлиқ ўзгаришлар жисмоний фаолликни чеклайди, ташқи кўринишда қарилик белгилари намоён бўла боради ва баъзи имкониятларнинг чекланишига сабаб бўлади. Кексалик инсон ёшининг сўнгги босқичи бўлиб, қарий бошлаш жараёни билан кечади. Иқтисодий ривожланган мамлакатларда, инсоннинг кексалик даври 75 ёшдан сўнг бошланиши қайд этилган бўлса-да, шайхур раис Ибн Сино кексаликнинг чегарасини 59 ёшдан деб баҳолаган.

Инсоннинг қариш суръати ва индивидуал хослиги, ҳар битта одамда наслий омиллар ва атроф-муҳитнинг таъсири билан чамбарчас. Бу жараён, шартли равишда, ўз вақтида, яъни жисмоний ва вақтидан олдин қарий бошлаш турларига бўлинади.

Жисмоний қариш ҳолатида, инсон энг нуроний ёшигача ҳам амалий соғломлигини сақлай олади, у ўзини эплайди ташқи ёрдамга ортиқча эҳтиёж сезмайди, атроф-муҳитга бўлган қизиқишини ва ижтимоий фаолиятини сўндирмайди. Вақтидан олдин қариш жараёни эса, кексалик белгиларининг эрта намоён бўла бориши билан белгиланади. Организмнинг бирон сабаб билан тўсатдан кучли зўриқиши, тартибли жараённинг бузилиши, салбий одатлар, масалан ичкиликбозлик, кашандалик каби сабаблар қариш жараёнини сезиларли тезлатади.

Ирсий омиллар ҳам бу жараёнда жуда катта аҳамиятга эга. Аждодлари узоқ умр кўрган инсонларда ҳам, нуроний ёшли кексалар бўлиш имконияти сақланиб қолади. Ёшнинг секин-асталик билан олдинга силжий бошлаши натижасида, инсон организмидаги қариш жараёни ўзининг сезиларли ўзгаришларини, аъзолар фаолиятининг сустлашиб боришида намоён қилади. Жисмоний кексайишда, ёш билан боғлиқ белгилар юрак, қон-томир ва асаб тизимидаги ўзгаришлар билан кечади.

Қариялар ва кексая бошлаган  инсонларнинг юрак уриши тезлиги пастлашиб боради. Катта жисмоний зўриқишлар билан боғлиқ бўлган, юрак қисқаришининг тўсатдан тезлашиб кетиши, юрак мускулларида қон айланишининг  етишмаслиги натижасидаги оғир асоратларга олиб келиши мумкин.Шу билан бирга чақалоқлик,болалик , ёшлик, ўрта ёшда қандай бўлганидан қатъий назар 60 ёшдан бошлаб мижоз қуруқшаб, совиб бораверади, шу боисдан ҳам кексалар совуққа чидамсиз ва баданда сув озайиб қуришиш ҳисобига тана вазни енгиллашиб териси бужмая боради.

Ёш билан боғлиқ ўзгаришлар асаб тизимининг ёмонлашувига, хотиранинг яқин ҳодисаларга унутувчанлигига, руҳий чарчоқ ва сабабсиз хафагарчиликларнинг пайдо бўлишига олиб келади. Айни дамдаги рангдор ва ёрқин ҳодисаларга нисбатан бефарқлик юзага чиқиб, “ўтган кунларга қочиш” синдроми биринчи планга ўтиб олади. Улар асосий вақтларини “хотиралар мамлакатида” яшаб ўтқазадилар ёки хаёлларини мудом соғликлари билан боғлиқ муаммолар, ўзларидаги касалликлар сабабли тушкун кайфиятлар банд қилиб қўяди.

Аммо баъзи пайтларда уларда юқоридаги ҳолатларнинг буткул тескарисини ҳам кўриш мумкин, яъни улар кексалик муаммоларини умуман тан олмайдилар, балки ўз ғайратлари ва ҳаракатчанликлари билан баъзи ёшларга ўрнак ҳам бўла оладилар. Инсон организмининг қариш жараёни ва ҳаётининг асосан иккинчи ярмида авж олиши мумкин бўлган сурункали хасталиклар орасида яқин боғлиқликлар ҳам бор.

Кекса ёшли инсонлар орасида кенг тарқалган атеросклероз хасталиги, юракда қон таъминотининг етишмаслиги, юрак мускулларининг сиқилиши ёки инфаркт-миокарди, бош миянинг қон билан қийин таъминланиши ва яна бошқа аъзоларнинг фаолияти бузилиши билан боғлиқдир. Кекса ёшлиларда қон босимининг баландлиги ҳам кўп кузатилади ва бу ҳам атеросклероз хасталигининг даракчисига ўхшайди.

Кексаларда яна кўп учрайдиган хасталиклар сирасига, қандли диабет, остеохандроз, радикулит, бўғимлар билан боғлиқ касалликлар ҳам киради. Кексайганда пайдо бўладиган ақлий заифлик — Альцгеймер касаллиги 60 ёшдан ўтиб ҳар олти нафардан биттасида учрайди.

Овқатланишда мўътадилликни йўлга қўйиш ва семириб кетишдан сақланиш, юқорида санаб ўтилган касалликлардан ҳар қандай ёшдаги инсонларни, шу жумладан кексаларни ҳам бир мунча ҳимоя қила олади.

Кекса ёшдаги инсонларнинг кимёвий дори-дармонлар билан даволанишида, ўта эҳтиёткорлик ва эътибор талаб қилинади. Ўзибилармончилик билан даволаниш ёмон оқибатларга олиб келиши мумкинлигини унутмаслик керак.

Кекса инсонларнинг кўпчилиги уйқу меъёри бузилганидан шикоят қиладилар. Ёш ўтиши билан кечги уйқуга бўлган талаб ҳам сусаяди ва 5—8 соатлик ўта сергак уйқудан ортиғига чўзилмайди. Уйқусизлик хасталигини иложи борича кимёвий дориларсиз тартибга солишга ҳаракат қилган маъқул.

Ҳаракатлардаги фаолликни ошириш, уйқудан олдинги оромбахш сайр, кечги овқатнинг уйқудан 3—4 соат олдин, аччиқ чой ва қаҳфасиз қилиш, ётоқхонадаги ҳароратнинг 18—20 градусдан ошмаслиги ва тушиб кетмаслиги, уйқу пайтида умуртқа поғонасининг қулай жойлашишини таъминловчи тўшак — булар барчаси айниқса кекса ёшдаги инсонларнинг хайрли дам олишларига ёрдам берувчи қоидалардир. Кекса ёшдаги инсонларда учрайдиган яна бир муаммо — ичакларнинг ўз вақтида бўшалиш тартибининг бузилиши билан боғлиқ. Уларда қабзиятни, овқатланиш меъёрининг бузилиши, яъни мева ва сабзавотлар, йирик тортилган ун маҳсулотларининг етишмаслиги, овқатланиш режимининг нотўғрилиги, аччиқ маҳсулотларга тобелик ҳолатлари келтириб чиқаради. Шунингдек, камҳаракатлилик, суюқликни етарли миқдорда ичмаслик, кимёвий дорилар қабул қилиш ҳам қабзиятга сабаб бўлади.

Инсоннинг турмуш тарзи, иш фаолияти, асаб тизими ҳолати, ташқи ва ички ҳодисаларга бўлган муносабати қариш жараёнига етарлича таъсир ўтказа олади. Меҳнат ва дам олишни тўғри шакллантириш, тўғри овқатланиш, фаол ҳаракат, инсонлар билан олийжаноб муносабат, организмда ижобий жараёнларнинг бардавом бўлишига ёрдам бера олади. Меҳнат ва ҳаракат узоқ умр гарови эканлигини унутмаслик керак. Ҳаётга бўлган муҳаббатни сақлаш, йиллар давомида эришилган ютуқлар, жамоада ҳурматли, оилада эътиборли бўлиш сингари омиллар, инсоннинг кекса ёшида  ҳам навқирон кўринишига сабаб бўлади.

Эрталабки енгил гимнастика машқларини бажариш, кекса инсонларда катта аҳамият касб этади. Ҳар битта организмнинг ўзига хослигига қараб, гимнастика машқлари секин-аста мураккаблаша боради. Узоқ давом этадиган пиёда сайрлар жуда фойдали. Сайр чоғида гавдани тик тутиб, қадамларни тўғри ташлаб, текис нафас олишни назорат қилиб турилса, сайр мажбурий эмас, балки роҳатланиб бажарилса, бу айни муддаодир.

Тоза ҳаводаги жисмоний меҳнатлар, боғ ишлари, балиқ овига чиқиш ҳам кексалар учун жуда фойдали. Иссиқ кунларда, қуёшнинг тикка нурлари тагида узоқ вақт қолиш, зўриқишга сабаб бўлувчи жисмоний ишларни тўқ қоринга бирданига бажариш мумкин эмас. Узоқ масофага югуриш машқлари фақатгина, маълум тайёргарлик машқларидан сўнггина тавсия қилинади.

Ҳаракат фаоллиги марказий асаб тизими фаолиятига ижобий таъсир кўрсатади. Болалик чоғлардан риоя қилинган соғлом турмуш тарзи, турли хасталикларнинг олдини олибгина қолмай, эрта қаришни келтириб чиқарувчи муаммолардан ҳам асрайди. Соғлом кексалик ва узоқ умрнинг тамал тоши ҳаётнинг илк босқичларидан бошлаб қўйилади.

Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш жуда муҳимки, инсонларнинг ёшлиги ва мафтункорлигини сақлашнинг энг аҳамиятли омилларидан бири бу — уларнинг қалблари гўзаллигида ҳамдир! Ёш ва гўзал кўринишли инсонлар яхши ниятли, олийжаноб, тоза мақсадлар сари интилувчан, ўз ҳаётини бошқалар бахти учун бағишлай оладиган инсонлардир!

Хулоса сифатида шуни айтиб ўтишимиз жоизки, ирсияти покиза, соғлом турмуш тарзига риоя қиладиган, ўринсиз асабийлапшмайдиган, жисмоний, ақлий ва руҳий лаёқатни сусайтирмайдиган кишиларда саломатлик, ёшлик ва гўзаллик узоқ давом этади.

Алижон Зоҳидий,

табобат фанлари доктори,

Европа табиий фанлар академияси академиги

Қутбиддин Низомов,

Республика Соғлиқни Сақлаш аълочиси,

Меҳри Нурўзова,

Халқ Табобати академияси бошқарув Кенгаши раиси, техника фанлари номзоди