Танқидий таҳлил руҳида ўтган йиғилишда давлат солиқ хизмати органларининг 2025 йилдаги фаолияти натижалари сарҳисоб қилиниб, 2026 йилда амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар белгилаб олинди.
Йиғилишда ўтган йил якунларига кўра давлат бюджетига солиқ тушумлари олдинги йилга нисбатан 24,3 фоизга, ҳудудлар кесимида эса 26,5 фоизга ошгани таъкидланди.
Ҳайъат йиғилишида асосий эътибор 2026 йил «фавқулодда ҳолат йили» деб эълон қилиниб, 30 декабрь куни коррупцияга қарши курашиш бўйича янги тизимни жорий этиш тўғрисида Фармон қабул қилингани муносабати билан солиқ органлари фаолияти ҳам танқидий кўриб чиқилди. Хусусан, 2025 йилда айрим ходимлар томонидан содир этилган маъмурий ва жиноий ҳуқуқбузарликлар ҳамда салбий ҳолатлар қатъий танқид остига олинди.
Йиғилишда солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш ва яширин иқтисодиёт улушини қисқартириш мақсадида қабул қилинган қонунлар, фармон ва қарорлар билан 2026 йилда солиқ қонунчилигига 110 дан ортиқ қўшимча ва ўзгартиришлар киритилгани алоҳида таъкидланди. Мазкур меъёрий ҳужжатларда солиқ органларига юклатилган кечиктириб бўлмайдиган вазифалар ижросини таъминлаш ҳамда рақамлаштириш йўналишида аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Шунингдек, жорий йилда яширин иқтисодиётни қисқартириш бўйича масъулларга манзилли топшириқлар берилди. Йиғилишда қўмита раиси ўринбосарлари, ҳудудий бошқарма ҳамда туман (шаҳар) солиқ органлари раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилди.
Муҳокамалар натижасида хизмат вазифаларини етарли даражада бажармаган, иш фаолиятида хато ва камчиликларга йўл қўйган 53 нафар масъул ходимга интизомий чоралар қўлланилди. Шунингдек, 7 нафар ҳудудий солиқ инспекцияси раҳбари, 1 нафар солиқ бошқармаси бошлиғи ўринбосари ва 1 нафар бўлим бошлиғи лавозимидан озод этилди.
Йиғилиш якунида жорий йилнинг биринчи чораги учун солиқ тушумлари бўйича прогноз кўрсаткичларни барча солиқ турлари кесимида сифатли ва сўзсиз таъминлаш, шунингдек, солиқ қонунчилигидаги янгиликларни солиқ тўловчиларга ўз вақтида ва тўлиқ етказиш бўйича масъулларга тегишли топшириқлар берилди.