Унда мактабгача таълим соҳасида 2017-2021 йиллар давомида амалга оширилаётган ислоҳотлар, соҳага киритилган инновацион педагогик технологиялар, қамровни ошириш юзасидан олиб борилаётган самарали ишларда нодавлат секторининг улуши, бир йиллик мажбурий мактабгача тайёрловнинг мақсади ва натижадорлиги ҳамда ҳамкорлик доирасида олиб борилаётган ислоҳотлар юзасидан оммавий ахборот воситаларига баёнот берилди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда 3-7 ёшли болаларнинг умумий сонидан (2,8 млн.) 1 829 328 бола ёки мактабгача ёшдаги аҳолининг 64,9 фоизи мактабгача таълим билан қамраб олинди. Шу билан бирга, 2021 йил 3 чорак якунига кўра, Ўзбекистон Республикасида 24 922 та мактабгача таълим ташкилоти, шу жумладан 6 382 та давлат ва 18 540 та нодавлат, шу жумладан 803 та хусусий, 16 646 та оилавий ва ДХШ доирасида 1 091 та нодавлат МТТ фаолият кўрсатмоқда.
Юқоридаги маълумотлар эса, фоизлар кўрсаткичи йилдан-йилга ортиб борганини кўрсатади. Бундан ташқари, “Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига мувофиқ, 2030 йилга келиб мактабгача таълимга болаларнинг 80,8 фоизини қамраб олиш режалаштирилган.
Статистик маʼлумотларга таяниб айтадиган бўлсак, мазкур соҳа ривожи йўлида ажратилган давлат бюджети харажатлари йилдан-йилга ўсиб борганлигини кўриш мумкин. Ялпи ички маҳсулотга нисбатан таълим харажатлари улушидаги давлат бюджети ҳаражатлари 2017 йил 15,5 фоизни ташкил этган бўлса, бу кўрсаткич 2021 йилга келиб 21,8 фоизга ортди.
2018-2021 йилларда Инвестиция давлат дастурига кўра, 2017 йилда республика бўйича жами 265,2 млрд. сўмлик 303 та мактабгача таълим объектлари (1 та янгидан қурилган, 302 та реконструксия қилинган) қуриб фойдаланишга тайёр ҳолда топширилган. 2018-2021 йилларда Давлат дастури доирасида жами 1447 та мактабгача таълим ташкилотларида қурилиш ва реконструксия ишлари амалга оширилди.
Мулоқотда мактабгача таълим муассасаларида болаларнинг соғлом овқатланишини таъминлаш борасида қилинаётган ишлар, эришилган натижалар ҳақида ҳам маълумот берилди.
Тадбир сўнггида оммавий ахборот воситалари ходимларини қизиқтирган барча саволларга тегишли мутасаддилар томонидан жавоб берилди.