Ўзгидромет маълум қилишича, совуқ антитциклон кириб келиши муносабати билан атмосферада ифлослантирувчи моддаларнинг ерга яқин қатламда тўпланиши эҳтимоли бор.
Бунга ҳаво айланишининг сустлиги ва ҳарорат инверсияси шаклланиши сабаб бўлади. Ҳозирги кунда кечаси 5–7 даража, кундузи эса 16–18 даража атрофида кузатилаётган ҳарорат фарқи ҳам шундай метеорологик шароитларни юзага келтирмоқда.
Тошкент шаҳри нам ва нисбатан салқин ҳаво массаси таъсирида қолмоқда. Эрталабки соатларда туман, юқори намлик ва деярли шамолсиз об-ҳаво кузатилиши ҳаво алмашинувини секинлаштирмоқда. Натижада шаҳар ҳудудида чиқиндилар ва зарарли моддалар сақланиб қолиши мумкин.
Мутахассислар таъкидлашича, атмосферада асосан шаҳарларга хос ифлослантирувчи моддалар — автотранспорт, иситиш тизимлари, ёқилғи ёқиш ҳамда саноат чиқиндиларидан келиб чиқадиган заррачалар тўпланади. Бундай шароитда чанг ва майда дисперсли заррачалар концентрацияси ортиши эҳтимоли бор.
Маълумотларга кўра, бундай вазият яқин уч кун давом этиши мумкин. 10 мартга келиб совуқ антитциклон мамлакат ҳудудини тўлиқ қамраб олади. Ҳаво ҳарорати барқарорлашиши, шамол тезлигининг ошиши ва ёғингарчилик кузатилиши натижасида атмосферадаги ифлослантирувчи моддалар тарқалиши кутилмоқда.