Шу муносабат билан Қишлоқ хўжалиги вазирлиги экинларни совуқдан асраш бўйича деҳқон ва фермерларга қатор тавсиялар берди.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда тизимдаги илмий-тадқиқот институтлари олимлари томонидан, айниқса, тоқсонбости усулида етиштирилаётган пиёз ва бошқа экинларни совуқдан ҳимоя қилиш бўйича амалий тавсиялар ишлаб чиқилди.

Мутахассислар таъкидлашича, экинларнинг совуққа чидамлилигига қараб уларни тўғри парваришлаш катта аҳамиятга эга. Сабзавот экинлари совуқбардошлигига кўра бир неча гуруҳга ажратилади.

Хусусан, совуқбардош ва қишга чидамли экинлар қаторига пиёз, саримсоқпиёз, шовул, ровоч ва ерқалампир киради. Бу экинлар -10°C дан -15°C гача, қор остида эса -20°C дан -25°C гача бўлган совуққа чидам бера олади.

Шунингдек, айрим сабзавот турлари қисқа муддатли совуқдан алоҳида ҳимоя талаб қилмайди ва табиий шароитда ҳам нисбатан бардошли ҳисобланади.

Мутахассислар совуқ кунлардан кейин экинларни “стресс” ҳолатидан чиқариш учун бир қатор агротехник чораларни амалга оширишни тавсия этмоқда.

Жумладан, экинларни микроэлементлар ва аминокислоталарга бой препаратлар билан қўшимча озиқлантириш, баргдан озиқлантириш учун бор элементи мавжуд воситалардан фойдаланиш яхши самара беради.

Шунингдек, ўсимликлар ўсишини тезлаштириш мақсадида сульфат аммоний каби азотли минерал ўғитлар қўллаш тавсия этилади.

Совуқ таъсирини камайтириш учун экинларни эгат устига шаффоф плёнка ёпиш, тупроқ намлигини сақлаш мақсадида эса мунтазам суғориш ишларини амалга ошириш ҳам муҳим ҳисобланади.

Мутахассислар барча агротехник тадбирларни қисқа муддатда ва интенсив тарзда бажариш зарурлигини таъкидламоқда. Бундай чоралар экинларни совуқдан ҳимоя қилиш билан бирга, ҳосилдорликни сақлаб қолишда ҳам муҳим аҳамиятга эга.