Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Шахсий хавфсизлик бўлими ҳамда Қашқадарё вилоят бошқармаси томонидан Чироқчи туманидаги умумий ўрта таълим мактаби директорининг мурожаатига асосан ўтказилган тезкор тадбирда, ўзини Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Қашқадарё вилоят бошқармаси тезкор ходими “Акмал” деб таништирган шахс мактаб директори З.Р.дан мактабда текшириш ўтказмаслик эвазига 400 АҚШ доллари пора талаб қилиб, шундан 2,2 млн сўмни турмуш ўртоғининг пластик картасига ўтказиб олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.   

Терговга қадар текширув давомида, ўзини “Департамент” ходими деб таништирган фуқаро аслида ҳеч қаерда ишламайдиган, муқаддам фирибгарлик ва бошқа жиноятлари учун судланган Косон туманида яшовчи А.Т. эканлиги маълум бўлган. 

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, вилоят прокуратурасига юборилган. 

Ҳурматли фуқаролар, агарда Сизга ва яқинларингизга ўзини Департамент ёки бирон бир ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходими деб таништириб, турли йўллар билан тамагирлик қилиб, пул ёки бошқа моддий қимматликлар талаб қилса, бу ҳақда зудлик билан Департамент шахсий хавфсизлик бўлимининг 71-202-86-67 (ички рақам 8088 ёки 8086) рақамли “Ишонч телефони”га маълум қилишингизни сўраймиз.

Мурожаатчилар ва уларнинг яқин қариндошлари ҳақидаги маълумотларнинг сир сақланиши тўлиқ кафолатланади.