“Сўз Ҳақнинг сояси... Инсонни соя ўзига тортар экан, унда ҳақиқат янада яхшироқ жазб этади. Ҳар нарсанинг асли – сўз... Сўз амал дарахтининг мевасидир. Чунки у амалдан туғилади. Улуғ Тангри оламни сўз билан яратди ва “бўл!” дейиши билан бўлди... Сўз инсоннинг қиймати қадар қадрлидир”.

Дарҳақиқат, сўзнинг кучи шу даражада экан, бугун ОАВ вакилларига бўлган муносабат қай даражада, деган мулоҳаза ҳам кўнглингиздан ўтиши табиий албатта. Бугун ҳар соҳада бўлганидек, ОАВ ҳам жадал ривожланиб бориш билан биргаликда, ҳаётимизни уларнинг фаолиятисиз тасаввур эта олмаймиз. Айни кунларда журналист ҳамда блогерлар томонидан ёзилаётган материаллар, кўтарилаётган муаммолар ҳам ўз долзарблиги билан муҳим аҳамият касб этмоқда.

Албатта, ушбу масалалар ечими орқали халқимизнинг ҳаётдан рози бўлиб яшаши учун кўзда тутилган шарт-шароитлар яратилиши мақсад қилингани ҳам бор гап. Олиб борилаётган ислоҳотларга ҳамоҳанг матбуот соҳаси орқали равишда қадам ташлаш, бугун иш фаолиятимизда очиқлик, ошкоралик, холислик тамойили асосида ишлашни ҳаётнинг ўзи тақозо қилаётгани ҳаммага маълум бўлган ҳаётий ҳақиқат.

Чиндан ҳам, бугун атрофимизда бўлаётган ҳар бир воқеани холис ёритиш, соҳалардаги камчиликларни бартараф этиш, қўйингки, барча-барчасида ОАВнинг ёрдами беқиёс эканини кўришимиз мумкин.

Матбуотга қаратилаётган эътибор ортидан кишида бир қанча мулоҳаза пайдо бўлиши табиий. Бугун тафаккуримизда эртанги ёруғ кунларимизнинг қадрига етишга ундовчи, бугунги гўзал ҳаётимизга шукрона айтиб яшаш руҳини сингдирувчи, халқимизнинг виждони бўлиб яшайдиган журналистларимиз талайгина. Ҳудудларда ҳам журналистика соҳасига қизиқувчи иқтидорли ёшлар кўп. Шу боис, жойларда шундай ёшларни жамлаб, махсус мактаблар очиш мақсадга мувофиқ. Ушбу мактабни тугатган ёшлар пойтахтдаги олийгоҳларда таълимни давом эттиришса, нур устига нур бўлар эди. Демоқчиманки, бу борадаги ишларимизни ҳам тизимга солиш вақти келди. Ушбу мактаблар фаолиятидан етук журналист кадрларимиз янада кўпайган, соҳага қизиқиш янада ортган бўлар эди.

Ўрни келганда, яна бир нарса ҳақида тўхталиш лозим. У ҳам бўлса, кейинги вақтларда, ижтимоий тармоқларда турли чиқишлар, касб одобига тўғри келмайдиган материалларни эълон қилиш учраб турибди. Ахборот, видеолавҳа, маълумот жойлаётганда, етти ўлчаб бир кесмай, тор доирада ҳал қилинадиган муаммоларни ҳам дунёга достон қилиш билан боғлиқ ҳолатлар, афсуски, бор. Буларнинг ортидан эса, халқимиз, миллатимиз ҳақидаги нотўғри қарашлар шаклланиб қолиши мумкинлиги масаласини ҳам ўйлаб кўриш вақти келди.

Миллат шаъни, унинг обрўси учун ҳаммадан кўра оммавий ахборот воситалари ходимлари кўпроқ масъул ва фидоий эканини унутмаслик керак.

Мирзоҳид БОТИРОВ,

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси