25 йил кутилган фурсат
Ўтган асрнинг саксонинчи йиллари ўрталарида “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида Орол денгизининг қуриётгани ҳақида бир саҳифалик мақола эълон қилинганди. Чингиз Айтматов раҳбарлигидаги ўз даврининг буюк ёзувчи ва олимлари, жамоат арбоблари ўша мақола орқали мамлакат ва дунё аҳлини биринчи бор бу кутилаётган фожиадан огоҳ этганди. У пайтда Орол ҳали бугунгидек ночор ва хароб ҳолга келиб қолмаган, лекин уни шундай аянчли аҳвол кутаётгани маълум эди.
1960 йилларгача Орол дунёнинг тўртта энг йирик ички сув ҳавзаларидан бири бўлган. Ҳавзада балиқларнинг ноёб турлари яшаган ва улар жаҳон илмий жамоатчилигида катта қизиқиш уйғотган. Шунингдек, денгиз атроф-муҳит, иқлим, одамлар ҳамда ҳайвонот дунёси ҳаётига ижобий таъсир кўрсатган.
Кейинроқ Орол муаммоси ўша пайтдаги марказий матбуот – Москва нашрларида ҳам тилга олинди. Олимлар вазиятни ўрганиб, ҳақиқатан ҳам, денгизнинг қуриши ёмон оқибатларга олиб келишини, қум ва туз бўронлари минглаб километрларга етиб боришини айтишди. Ўшанда айрим олимлар Шимолий муз океанига оқиб ётган Сибир дарёларини Марказий Осиёга буриш ғоясини илгари сурди. Ҳатто шу асосида турли лойиҳалар ишлаб чиқилди. Аввалига, канал қазиб олиб келиш таклиф этилди. Кейинроқ бу лойиҳа Сибир ва Қозоғистон табиатини ўзгартириб юборади, шунинг учун сувни ёпиқ қувурлар орқали олиб келиш лозим деган таклифлар илгари сурилди. Лекин бу лойиҳаларни амалга ошириб бўлмади. Рус ёзувчи ва олимлари, зиёлилари бунга тиш-тирноғи билан қарши чиқди. Тарқалиш арафисида турган шўролар империяси раҳбарлари жамоатчилик фикрига қарши бора олмади. Ғоя ғоялигича, лойиҳа лойиҳалигича қолиб кетди. Орол эса қирғоқларидан чекинишда давом этди.
Ўтган асрнинг 90 йиллари бошида собиқ иттифоқ парчаланиб, мустақил давлатлар пайдо бўлди. Бироқ Орол муаммоси ҳамиша кун тартибида турди. Жумладан 1993 йилнинг январь ойида Ўзбекистон, Туркманистон, Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистон ҳамкорлигида Оролни қутқариш халқаро жамғармаси тузилди. 2008 йилда БМТ ҳамкорлигида Тошкентда “Орол муаммолари, уларнинг аҳоли генофонди, ўсимлик ва ҳайвонот оламига таъсири ҳамда оқибатларини енгиллаштириш учун халқаро ҳамкорлик чора-тадбирлари” мавзуида, 2014 йилнинг октябрь ойида Урганчда “Орол денгизи минтақасидаги экологик офат оқибатларини юмшатиш бўйича ҳамкорликни ривожлантириш” мавзуида халқаро конференциялар ташкил этилди. Хуллас, денгиз фожиаси доимо жамоатчилик диққат марказида турди. Марказий Осиё мамлакатлари раҳбарлари мазкур масалада учрашди, қандайдир келишувларга эришилди, қарорлар қабул қилинди. Аммо бу учрашув, келишув ва қарорлар билан денгиз тўлиб ҳам қолмади, унинг дарди ҳам енгиллашмади. Шундай ҳолатда салкам 25 йилдан кўпроқ яшадик. Ваҳоланки, шунча йилдан буён денгиз тубидан йилига миллионлаб тонна қумли ва тузли чанг-тўзонлар ҳавога кўтарилиб, булутлар билан аралашиб, минглаб километрларгача етиб борди.
Тўғри, денгизни яна сувга тўлдириш бу жуда мураккаб масала, янаям аниқроқ айтадиган бўлсак, бажариб бўлмайдиган юмуш. Лекин бир пайтлар қуриган денгиз бўйида яшаган халқни, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, уларнинг одамга ўхшаб ҳаёт кечириши учун шароит яратиш мумкин эди-ку. Эллик йиллар олдин ҳаёт қайнаган, денгиз тўлқинлари қирғоқларини ювиб турган Мўйноқ шаҳри ва унинг атрофидаги қишлоқлар ўлик ҳудудга айланиш арафасига келиб қолган, одамлар уйларини ташлаб кета бошлаганди.
Бундан уч йил бурун давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев шу муаммони ҳал этишга киришди. Биринчи навбатда, сув чекиниб саҳрога айланган ерларга чўлбоп экинлар экиш бошланди. 2018–2020 йиллар баҳор мавсумида жами 1,6 миллион гектар “яшил қопламалар” барпо этиш ишлари амалга оширилди.
Соҳа олимларининг таъкидлашича, Оролбўйи ҳудудида экилган 2 йиллик саксовулзорлар шамол таъсирида қум кўчишини 20 фоиз, 5 йиллик саксовулзорлар 80 фоиз, 7 йиллик саксовулзорлар эса тўлиқ тўхтатар экан. Натижада ҳудудда иқлим мўътадиллашади, қумлар ва тузларнинг ҳавога кўтарилиши тўхтайди. Энг муҳими, одамларнинг яшаши учун ижтимоий-иқтисодий муҳит барқарорлашади.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Президентимизнинг 2020 йил 11 ноябрдаги “2020–2023 йилларда Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 16 январдаги “Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари, шунингдек, 2019 – 2021 йилларда Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманини жадал комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури қабул қилиниши оролбўйи аҳолиси ҳаётини ўзгартиришда муҳим қадам бўлди. Дастурда туманда 2019–2021 йилларда жами 1 триллион 485 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилиши белгиланган.
Кейинги уч-тўрт ичида Мўйноқ шаҳри, унинг атрофидаги қишлоқ ва овуллар таниб бўлмас даражада ўзгарди. Бугун шаҳарга келган киши уни таний олмаслиги ҳақиқат. Йўллар асфальтланди, кўплаб ижтимоий маданий бинолар қад ростлади. Завод ва фабрикалар, тўқимачилик комбинатлари барпо этилиб, минглаб янги иш ўринлари яратилди. Энг муҳими, келажагига ишонмай Мўйноқни ташлаб кетган аҳоли уйига қайта бошлади. Президентимиз 2019 йилнинг авгут ойида Қорақалпоғистонга борганда Мўйноқ ҳақида бундай деганди:
— Мўйноқдаги ўзгаришларни, сизларнинг кўзларингиздаги розиликни кўриб жуда хурсандман. Бу – узоқ-узоқ ҳудудларга бориб қилаётган ишларимиз натижаси. Агар кимдир бизнинг ислоҳотларимизга шубҳа қиладиган бўлса, Мўйноққа келиб кўрсин.
Юқоридагилардан битта хулосага келиш мумкин. Ўтган асрнинг 60 йилларида бошланган Орол муаммосини ҳал этиш учун шўролар даврида ҳам, мустақиллик йилларининг дастлабки 25 йилида ҳам кўплаб гаплар айтилган бўлса-да, деярли жиддий иш қилинмади. Фақат сўнгги йиллардагина денгиз ва унинг атрофидаги фожиага реал баҳо берилди ва муаммолар бирин-кетин ҳал этиляпти. Орол сувга тўмас, лекин бугун бу заминда яшаётган одамлар эртанги кунига ишонч билан қараяпти, уларнинг келажакдан умиди катта. Ислоҳотлардан кўзланган мақсад ҳам шу-ку, ахир.
Фуқаролик шарафи
Яқинда Сирдарё вилоятида истиқомат қиладиган бир аёл билан суҳбатлашиб қолдим. Ўзини Майрам Кенжабоева деб таништирган аёл 1992 йилнинг охирида Тожикистондан Ўзбекистонга кўчиб келган экан.
“Янгиер шаҳрида яшайман, — дейди М. Кенжабоева. — Икки ўғлим ва бир қизим бор. Отам асли зоминлик. Ўтган асрнинг 50 йиллари ўрталарида тақдир тақозоси билан Тожикистоннинг Шахристон туманига бориб қолган. Биз оилада 10 фарзанд эдик. Катта опам ва акам Зоминда, қолган ака-укалар Тожикистонда туғилганмиз. Биз туғилиб, катта бўлган қишлоғимизда ҳозир битта акам ота-онамнинг чироғини ёқиб ўтирибди. Қолган фарзандлар барчамиз Ўзбекистонда яшаймиз. Фуқарорлигим бўлмагани учун 27 йил туғилиб ўсган қишлоғимга бора олмадим. Отам Боёвут туманининг Қарабчи маҳалласидаги қабристонга дафн этилган, онамнинг қабри Тожикистондаги қишлоғимизда. Туғилиб ўсган юртимни, онамнинг қабрини зиёрат қилишни салкам 28 йил кутдим.
Ўтган йилнинг декабрида Ўзбекистон фуқароси бўлдим. Мендан кейин фарзандларимни ҳам фуқароликка қабул қилишди. Хуллас, бугун қувончим чексиз. Энди киндик қоним тўкилган юртга бемалол бориб келиш имкониятига эгаман. Бу имкониятларни яратиб бергани учун Президентимиздан миннатдорман”.
Собиқ шўролар империясининг емирилиши миллионлаб одамлар тақдирини ўзгартириб юборди. Кимдир ўзи истамаган ҳолда бошқа республикаларда қолиб кетди. Чегаралар ёпилгач эса юртидан, яқинларидан бутунлай ажралиб қолди. Ўтган асрнинг 90 йиллари бошида Тожикистонда рўй берган фуқаролар уруши, Қирғизистоннинг Ўш шаҳридаги қирғинбаротлар бу мамлакатларда яшовчи минглаб ўзбекларни Ўзбекистонга келишга мажбур қилди. Тақдир тақозоси билан бошқа республикаларда яшаб, ишлаб юрган юртдошларимиз эса ўзининг, фарзандларининг келажагини ўйлаю юртга қайтди. Лекин уларнинг мамлакат фуқаролигини олиши узоқ йилларга чўзилди.
Хўш, фуқаролик нима ўзи? Нима учун одамлар ўзи яшаётган мамлакатнинг фуқароси бўлишни истайди? Менинг назаримда фуқаролик инсоннинг шу давлат, шу жамиятга тўлақонли мансуб эканининг белгиси ҳамда унинг ҳуқуқ ва эркинлиги, барча имконият ва шароитлардан тўлиқ фойдаланиш кафолати. Маълумотларга қараганда, Марказий Осиёдаги фуқаролиги йўқ одамларнинг катта қисми Ўзбекистонда яшайди. Улар шунча йилдан буён фуқаро бўлишни орзу қилиб келди. Лекин...
Албатта, фуқаро бўлмасдан ҳам яшаш мумкин. Минглаб одамлар мамлакатимизда узоқ йиллар шундай яшади. Лекин фуқаролиги йўқ одам худда камситилгандек ҳис этади ўзини. Уларнинг бошқа мамлакатларга кириб-чиқишида ҳам чекловлар бор. Фуқаролиги йўқ инсон эртасига, келажагига ишонмай, бир кун келиб мени мамлакатдан чиқариб юборса нима қиламан, қаерга бораман деган ҳадик билан яшайди. Шунинг учун баъзан ишига совуққонроқ қарайди. Бирор ишга астойдил киришмайди.
Тўғри, фуқароликка қабул қилишда жуда эҳтиёткор бўлиш керак. Чунки шахс фуқароликка қабул қилинганидан кейин у Ўзбекистон фуқароси учун белгиланган барча – сайлаш ва сайланиш, референдумда иштирок этиш, давлат хавфсизлиги, ички ишлар, прокуратура, ҳарбий хизмат, давлат бошқарув органларида ишлаш ҳуқуқларга эга бўлади. Демак, биз Конституцияга амал қиладиган, Ўзбекистон давлатчилиги қонунларини сўзсиз бажарадиган ва тан оладиган шахсларни фуқароликка қабул қилишимиз керак.
Бироқ бизда шу юртда туғилиб, бирор сабаб билан қўшни республикада яшаган, истиқлолдан кейин ватанига қайтган инсонлар ҳам, Ўзбекистон фуқароси билан турмуш қуриб, 20-25 йил яшаётган, шу ерда бола-чақали бўлган, келажагини мамлакатимизсиз тасаввур қилолмайдиган инсонларга ҳам фуқаролик берилмади. Кейинги йиллар матбуотини кузатиб шунга амин бўлдимки, Ўзбекистон фуқароси бўлишни орзу қилганлар орасида 70-80 ёшли кексалар, иқтидорли олимлар, ижодкорлар, ўқитувчилар, зиёлилар бўлган. Улар фуқаролиги бўлмаса-да, шу юрт истиқболи, келажаги учун жонини фидо қилишга ҳам тайёр. Лекин уларга ҳам ҳамиша рад жавоби берилган. Бунинг сабабини масъуллардан сўрасангиз, сизга турли баҳоналарни топиб беради. Аслида эса бирор бир кишининг фуқароликка қабул қилиниши давлат ва жамиятнинг ўша одамга нисбатан ишончи ва ҳурматининг ифодасидир.
Айтиш жоизки, Ўзбекистонда фуқаролик олиш энг баҳсли, аксар ҳолларда ёпиқ мавзулардан бири бўлиб келди. Маълумотларга кўра, 1991 йилдан 2007 йилга қадар мамлакатимизда жами 482 нафар шахс фуқароликка қабул қилинган. Уларнинг кўпчилигини спортчилар ташкил этган. Чунки улар йирик мусобақаларда юртимиз шарафини ҳимоя қилган.
Энди эътибор қилинг: 2007 йилдан 2016 йилнинг декабрь ойига қадар бирор кимсага фуқаролик берилмаган. Бу эса амалда кўплаб инсонлар Ўзбекистонда яшаб, унинг тараққиётига ҳисса қўшиб келаётган бўлса-да, юридик жиҳатдан ҳуқуқлардан маҳрум эканига сабаб бўлган.
Шавкат Мирзиёев Президент этиб сайлангандан кейингина бу масала очиқланди. Чин дилдан Ўзбекистон учун хизмат қилишга тайёр, ўзини шу мамлакатсиз тасаввур қила олмайдиган инсонларга бирин-кетин фуқаролик берила бошланди. ИИВ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси маълумотларига қараганда, 2016 йида 179 нафар, 2017 йилда 1064 нафар, 2018 йилда 2760 нафар, 2019 йилда 6318 нафар, 2020 йида эса 8310 нафар киши Ўзбекистон фуқ аролигига қабул қилинган.
Мутахассисларни таъкидлашича, шу пайтга қадар фуқароликка кам одам қабул қилинишига қўшни давлатлардаги нотинчлик, 1992 йилда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги қонуннинг номукаммалгиги ҳам сабаб бўлган. Шу боис мазкур қонуннинг янги таҳрири ишлаб чиқилди ва 2020 йил 13 мартда давлатимиз раҳбари томонидан имзоланди. Ўтган йилнинг 15 сентябридан бошлаб ушбу қонун тўлиқ кучга кирди.
Айтиш керакки, янги қонун билан фуқароликка қабул қилиш тамойиллари эркинлаштирилди, ҳужжатда либерал моддалар кўпайиб, бюрократик нормалар камайди. Энг муҳим янгилик, 1995 йил 1 январга қадар Ўзбекистон ҳудудига кириб келган ва доимий пропискадан ўтган, чет давлат фуқаролигини қабул қилмаган ҳамда мазкур қонун кучга киргунига қадар фуқаролиги бўлмаган шахс Ўзбекистон фуқароси деб тан олиниши қайд этиб қўйилди.
Давлатимиз раҳбари 2020 йилнинг 29 декабрь куни Олий Мажлисга Мурожаатномасида:
2005 йил 1 январга қадар Ўзбекистон ҳудудида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган ва бошқа давлат фуқаролигини қабул қилмаган фуқаролиги бўлмаган шахсларни, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида узлуксиз 15 йил давомида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатда туриб, Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги бўлмаган шахсга яшаш гувоҳномаси ёки идентификация ИД-картаси асосида яшаб турган ва чет давлат фуқаролигини қабул қилмаган шахсларни Ўзбекистон Республикасининг фуқароси деб тан олишни таклиф этди.
Таклиф этилган ўзгаришлар натижасида 2005 йил 1 январга қадар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган тахминан 20 минг нафарга яқин фуқаролиги бўлмаган шахслар истак билдирган тақдирда Ўзбекистон Республикасининг фуқароси деб тан олинади. Бу дегани шунча оилага шодлик, қувонч кириб келади, ҳеч нарсадан ҳадиксирамай яшаш, шу юрт фуқароси сифатида кўплаб имтиёзлардан фойдаланиш имкони берилади.
Бажарса бўлар эканку...
2013–2015 йиллар пахта терими мавсумида Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ходимлари таркибида Сирдарё вилоятининг Сайхунобод туманида вакил бўлганман. Ўша пайтда қўмитанинг “Бизнес-daily медиа” ноширлик уйида ишлардим. Биз қўмита тузилмасининг вакили сифатида барча ишларга жалб этилардик.
Қўмитага пахта терими пайтида вилоятнинг Гулистон ва Сайхунобод туманлари бириктириларди. 10–15 киши Сайхунобод, 10–15 киши Гулистон туманида икки ойлаб қолиб кетардик. Қиладиган ишимиз аҳолини пахта теримига жалб этиш, уларга иш ҳақи ва мукофотлар тўланишини назорат қилиш эди. Лекин пули ўз вақтида берилмаслиги туфайли аҳолининг кўпчилиги ўз хоҳиши билан теримга чиқмас, эрталаб кўчама-кўча, уйма-уй юриб, худди шўролар даври раислари каби бақириб одамларни пахтага чорлардик. Баъзан теримчилар чиқса, уларни пахтазорга олиб борадиган транспорт топилмасди. Туман ҳокимига, прокурорига ёки ички ишлар бўлими бошлиғига қўнғироқ қилиб машина топишда ёрдам сўрардик. Улар кўчада кира қилиб юрган автобус ёки “Дамас”ларни мажбурлаб бизга жўнатарди.
Айрим пайтларда транспорт йўқлигидан минг илтимос билан пахта теримига жалб этилган аёллар уйларига қайтиб кетиб қоларди. Баъзан эса олти-еттитадан теримчини ўзимизнинг хизмат машинамизга миндириб далага олиб борардик. Кечқурун уйга қайтишда ҳам шундай ҳолат такрорланарди.
Бундан ташқари, худди шўролар даридаги каби вилоят миқёсидаги барча ташкилотлар ёпилиб, пахта теримига жалб этиларди. Энг ачинарлиси, туманларда уларни жойлаштиришга жой бўлмасди. Айрим теримчилар маҳаллий аҳоли уйларидан бирор хонани ижарага олиб пул тўларди. Мантиқсизликни қаранг. Пахта теришга ёрдамга келган, лекин ётишга жой йўқ. Ётоғига ўз ҳисобидан пул тўлаб, пахта теришга мажбур. Жой йўқ, пахта теримига бормайман деса, ягона тирикчилик мабаи – ишидан ажралади.
Эсингизда бўлсак, шўролар даврида ҳар бир бригаданинг дала шийпони бор эди. Ёрдамчи теримчилар эса ўша шийпонга жойлаштириларди. Биз ҳам талабалик давримизда шу шийпонларда ётиб йилнинг декабрь ойигача пахта терганмиз. Мамлакатимиз мустақил бўлгач хусусийлаштириш бошланди. Назоратнинг йўқлиги, бошболдоқлик туфайли хўжаликларнинг трактор, комбайн, сеялка, хуллас барча техникаси қўшни республикаларга арзон-гаров сотиб юборилди. Дала шийпонлари эса бузиб сотилди. Натижаси эса маълум...
Пахта сиёсати пойтахтда ҳам ўзининг акс садосини берарди. Ўқитувчилар, шифокорлар, давлат ташкилотлари ишчилари ҳашарга “жалб этиларди”. Имкони йўқлар маълум миқдорда пул тўларди. Шу баҳонада бюджет ташкилотлари ишчиларидан, тадбиркорлардан миллиардлаб сўм пул йиғиб олинарди. Лекин у пул қаерга сарфланганига ҳозиргача ақлим етмайди. Демоқчимаки, икки-уч миллион тонна пахтани териб олиш учун бутун мамлакат аҳолиси икки-уч ой сарсон бўларди.
Бунинг устида мажбурий меҳнат, болалар меҳнатидан фойдаланилди деган тамғалар билан мамлакатимиз обрўси ерга урилар, пахтамизни жаҳон бозорида сотилишига тўсқинлик қилинарди. Бу шўролар давридан қолган одат мен юқорида эслаган уч йилда эмас, узоқ йиллар давом этди. Ҳозир ҳисоблаб кўрсак, бутун мамлакат аҳолисини икки-уч ой сарсон қилган, асабига теккан, минглаб одамларнинг инфарк, инсульт касаллигига чалинишига сабабчи бўлган пахтадан кўрадиган фойдамиз бир-икки миллард доллар атрофида экан. Шу пайтда бирор одам пахтани теришни етиштирганларга қўйиб берайлик, пулни берсак одамлар ўзи териб олади, демаганига ҳали ҳам ҳайрон қоламан.
Бир яқин танишим Жиззах шаҳрида ўқитувчи бўлиб ишлайди. Илгари ўқув йили бошланиши билан пахтага тайёрганлик кўришни бошларди. Баъзан телефон қилиб, бирор тадбир қилсангиз пахта мавсумидан кейинга мўлжалланг, бўлмаса биз қатнаша олмаймиз дерди. Шундай яшаш, шундай ўйлаш одамлар ҳаёт тарзига айланиб қолганди.
Кейинги уч-тўрт йилда бирдан вазият ўзгарди. Аввал мактаб ўқувчилари, ўқитувчилари бутунлай пахта теримидан озод қилинди. Кейин бошқа бюджет ташкилотлар ишчилари ҳам пахта теримига жалб этилмай қўйилди. Фермер хўжаликларининг кўпи кластерларга бириктирилиб, пахтани ўзлари териб оладиган бўлди. Салкам ўтган асрнинг ўрталаридан буён аҳолини қийнаб келган муаммо бир-икки йилда ҳал этилди. Бугун пахта мавсумида туманларга борсангиз, пахта теримининг ваҳимаси умуман йўқ. Гўё пахта экилмаган, шу боис терилмаяпти. Ваҳолангки, ҳозир ҳам салкам уч миллион тоннага яқин пахта хирмони уйиляпти. Лекин унга ишсиз аҳоли жалб этиляпти. Иш ҳақи, мукофотлари ўз вақтида берилаётгани туфайли ҳеч қандай ортиқча гапларсиз териб олиняпти.
Баъзан ўйланиб қоласан, наҳотки, икки-уч йилда ҳал қилиш мумкин бўлган муаммо 50-60 йиллаб ҳал қилинмай келинди. Бунинг сабаби нима? Хафсаласизликми? Ўзибўларчиликми? Янгиликка интилмасликми? Балки коррупциядир? Болаларни, аёлларни, бюджет ташкилотлари ходимларни пахта теримига жалб этиш орқали балки миллиардлаб сўм маблағлар ўзлаштирилгандир.
Дунёда пахта етиштирадиган мамлакатлар кўп. Наҳотки уларнинг тажрибасини ўрганмадик, улар пахтани қандай териб олиши билан қизиқмадик. Менинг билишимча, балки адашаётгандирман, Ливерпуль пахта бозорида болалар меҳнатидан фойдаланади деб бизнинг толамизни сотишга рухсат беришмасди. Бошқа давлатларга нисбатан бундан санкция қўлланилмасди. Демак, фақат бизда аҳвол шундай бўлган. Лекин масъуллар муаммони ҳал этишни ўйлашмаган. Президент Шавкат Мирзиёев саъи- ҳаракати билан асрлар давомида аҳолини қийнаб келган муаммо бир-икки йилда ечим топди. Шундай эмасми?..
***
Ҳар қандай мамлакатнинг ободлиги, халқининг фаровонлиги шу юртда яшаётган одамларга, уларнинг йўлбошчиларига боғлиқ. Биз юқорида юртимизда узоқ йиллар давомида ечимини топмай, кейинги уч-тўрт йилда бутунлай ҳал этилган учта соҳадаги ўзгаришлар ҳақида қисқача тўхталдик. Эътибор берсангиз, бу уч соҳадаги муаммо ҳақида доимо гапириб келинган, лекин реал иш қилинмаган. Демоқчимизки, сўз ва иш бирлиги етишмаган. Шавкат Мирзиёев эса сўзи ва иши бир раҳбар. Шунинг учун ҳам мамлакатимизда жуда қисқа фурсатда катта ўзгаришлар рўй берди. Шунинг учун ҳам янги Ўзбекистонни дунё танимоқда, эътироф этмоқда.
Бекқул ЭГАМҚУЛОВ,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист.