Ҳар бир фуқаронинг фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга бўлиши ҳуқуқий демократик давлатнинг энг асосий хусусияти саналади. Эркин фикрлаш эса сўз эркинлигини тақозо этади. Зотан, ҳар қандай фикр сўз орқали ифодаланади, сўзда акс этади. Айни пайтда сўз эркинлиги ҳар бир фуқаронинг зиммасига масъулият ҳам юклайди-ки, бу ҳар қандай гапни гапириш мумкин дегани эмас. Сўз эркинлигини суиистеъмол қилиш, аввало, фуқароларнинг шаъни, қадр-қимматини таҳқирлашга олиб келади. Бу эса шахснинг ҳақ-ҳуқуқини поймол этиш билан баробардир. Фуқаронинг қонунда белгиланган ҳақ-ҳуқуқларига зид хатти-ҳаракатлар жиноят ҳисобланади.

Ҳозирги вақтда мамлакатимизда сўз эркинлигини таъминлаш, оммавий ахборот воситаларини ҳар томонлама ривожлантириш, журналист ва блогерларнинг эркин фаолият юритишнинг ҳуқуқий асослари янада кучайтирилмоқда. Бугун мамлакатимиз медиа маконида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Буни сўнгги тўрт-беш йилда оммавий ахборот воситалари мазмун-моҳиятидаги янгиликлар, айниқса, нодавлат интернет нашрлари ва ижтимоий тармоқлар фаолиятидаги фаолликда яққол кузатишимиз мумкин. Одамлар ишини, ўқишини, хоббиларини, турли товар ва хизматлар логистикасини, қолаверса, давлат хизматларини ҳам Интернетга кўчиряпти. Бу, ўз навбатида, Конституция ва қонунларни замонга ҳамнафас тарзда ўзгартиришни талаб қилмоқда. Шу маънода янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 33-моддасига қуйидаги нормалар ўз ифодасини топди:

“Ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга.

Ҳар ким исталган ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқига эга.

Давлат Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланишни таъминлаш учун шарт-шароитлар яратади.

Ахборотни излаш, олиш ва тарқатишга бўлган ҳуқуқни чеклашга фақат қонунга мувофиқ ҳамда фақат конституциявий тузумни, аҳолининг соғлиғини, ижтимоий ахлоқни, бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, жамоат хавфсизлигини ҳамда жамоат тартибини таъминлаш, шунингдек давлат сирлари ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сир ошкор этилишининг олдини олиш мақсадида зарур бўлган доирада йўл қўйилади”.

Аввалги Конституцияда сўз эркинлиги, ҳар қандай маълумотни излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқи белгиланган бўлиб, интернетдан фойдаланиш ҳуқуқи ва шартлари назарда тутилмаган эди. Ваҳоланки, интернет ҳаётимизнинг муҳим таркибий қисми сифатида қонун билан ҳимоя қилиниши, ҳуқуқий нормалар билан тартибга солиниши керак. Шу билан бирга, интернетдан фақат қонун доирасида фойдаланиш мумкинлиги асосий қонунда белгиланиши керак.

33-моддадаги давлат интернетга киришни таъминлаш учун шароит яратади мазмунидаги норма давлатнинг бу борада зарур шарт-шароитларни яратиш масъулиятини кафолатлайди. Модданинг мазкур нормаси сўз эркинлиги ва ахборот олиш имкониятини таъминлаш, ушбу жараёнларни тезлаштириш ва такомиллаштиришга хизмат қилишига қаратилган. Ушбу янги норма билан ҳар бир шахснинг Интернет жаҳон ахборот тармоғига кириш ва ундан эркин фойдаланиш ҳуқуқи эътироф этилди. Бу ҳуқуқнинг таъминланиши учун бевосита давлатнинг ўзи шарт-шароитлар яратиши аниқ белгиланди.

Интернетдан эркин фойдаланиш ҳуқуқи инсоннинг сўз эркинлиги ҳуқуқи доирасига киради. Ушбу ҳуқуқ давлат чегараларидан қатъи назар, турли ахборот ва ғояларни қидириш, олиш ва тарқатиш эркинлигини ўзида қамрайди. Шундай экан, инсонлар зиммасига ахборотни Интернет орқали излаш, олиш ва тарқатиш эркинлигидан фойдаланувчи ҳуқуқлар билан бир қаторда мажбурият ва масъулият ҳам юкланиб, қонунга мувофиқ равишда айрим чекловлар ўрнатилиши ҳам табиий ҳолдир. Шу маънода 33-модданинг охирги бандидаги нормалар барчамизни ижтимоий масъулиятни англашга, оқни қорадан, ҳақиқатни уйдирмадан, далилни бўҳтондан ажратишга даъват этади. Ҳуқуқий давлат, демократик жамият ривожининг муҳим шартлари ҳисобланган инсон эркинлигини таъминлашни мустаҳкам, адолатли қонунчилик билан кафолатлаш — Конституцияга қўшимча ва ўзгартиришлар киритилишининг асосий сабабларидан биридир. Фуқароларнинг сўз эркинлиги Асосий қонунда кафолатлангани, уни суиистеъмол қилишга йўл қўйилмаслиги мамлакатимизда сўзнинг юксак қадрланишидан далолатдир.

Дурдона Расулмуҳамедова,

Тошкент давлат юридик университети доценти