Асосийси, ушбу учрашувларда барча томонлар учун бирдек манфаатли битимлар имзоланяптики, натижада ҳамкорлик кўлами билан бирга, эришилаётган натижалар ҳам ортиб боряпти.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 18 июнь куни Эрон Ислом Республикасига ташрифи давомида ҳамкорликни кенгайтиришга доир лойиҳаларнинг кенг пакети кўриб чиқилгани бунга мисол.

Эрон охирги ўн йилликларда фаннинг илмий-техник ривожланиши ва тижоратлаштириш бўйича ҳаракатларини сезиларли даражада оширганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Бу жараённинг асосий драйвери эса юқори технологияли, илмий ҳажмдор “Spin-off” компаниялари ҳисобланади. Мамлакатимизда ҳам ана шу тажриба асосида корхоналар фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, бугунги кунда самарали ишлаб келмоқда.

“Spin-off” илм-фан ва ишлаб чиқаришга инновацияларни жорий этиш, янги лойиҳаларни тижоратлаштириш кабиларни назарда тутади. Эронда spin-off компанияларининг аксарияти илмий-тадқиқот асосида фаолият олиб боргани боис, кўпинча университет ва тадқиқот марказлари билан ҳамкорликда ишлайди. Уларнинг шаклланиши ва ўсиши давлат томонидан қўллаб-қувватланиб, инвестициялар, грантлар ҳамда молиявий инструментлар билан таъминланмоқда.

Гап шундаки, spin-off компаниялари илмий кашфиёт ва технологик ишланмаларни тижорат маҳсулотлари ҳамда хизматларига айлантиради. Уларнинг фаолияти инновацияларнинг кенг тарқалиши, юқори сифатли иш ўринлари яратилиши ва инновацион тадбиркорликнинг ривожланишига хизмат қилади. Айни вақтда, улар Эронда илмий кашфиётларни тижоратлаштириш ва технологик ривожланишнинг манбасига айланган. Академик тадқиқотларни саноат технологияларига айлантирган ҳолда, инновациялар катализатори вазифасини ҳам бажармоқда.

Юқори технологияли spin-off компаниялари мамлакатнинг иқтисодий ривожланишига катта ҳисса қўшяпти. Экспортни кўпайтириш, иқтисодиётнинг турли тармоқлари маҳсулдорлиги ва технологик даражасини оширишга ёрдам бермоқда. Бундан ташқари, улар янги технологияларни жорий этиб бориши туфайли ижтимоий ва экологик муаммоларни ҳал қилишда ҳам катта таянчга айланган.

Масалан, Эроннинг нанотехнологиялар ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Fanavaran Nano-Meghyas” spin-off компаниясини олайлик. У ерда энергия, атроф-муҳит ва соғлиқни сақлаш соҳаларида ишлатиладиган ноёб нанокомпозитлар ва наноматериаллар ишлаб чиқарилади. Компания ўзининг инновацион маҳсулотлари ва технологиялари туфайли халқаро майдонда муносиб ўрин эгаллашга эришди ва ҳозир нанотехнология соҳасида жаҳонда етакчилардан ҳисобланади.

Мамлакатдаги яна бир spin-off корхона — “Sodour Ahrar Shargh Co” эса тиббиёт жиҳозлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Улар кенг турдаги маҳсулотлар, жумладан, юрак-қон томир касалликларига ташхис қўйиш ва даволаш тизимларини тайёрлаб, дунёнинг кўплаб мамлакатларига экспорт қилмоқда.

Эроннинг телекоммуникация соҳасида етакчи компанияларидан бири “Iran Telecommunication Manufacturing Company” ҳам spin-off технологияси асосида иш олиб боради. Компания кенг турдаги алоқа маҳсулотлари ва ускуналари, хусусан, рақамли телефон станциялари, оптик маълумотларни узатиш тизимлари ва мобил алоқа воситаларини ишлаб чиқариб, жаҳон бозорида анча танилган.

Юқорида таъкидлаганимиздек, Ўзбекистон бу йўналишда Эрон билан ҳамкорликни йўлга қўйгани бежиз эмас. Чунки юқори технологияли spin-off компанияларини ривожлантириш тажрибаси илмий-тадқиқот фаолияти, технологик тараққиёт ва фанни тижоратлаштириш драйверига айланибгина қолмай, илмий-технологик ривожланиш иқтисодий-ижтимоий муаммоларни ҳал қилишга ҳам ҳисса қўшиши мумкинлигининг муҳим намунасидир. Эроннинг бу борадаги муваффақияти инновациялар ва иқтисодий ривожланишни рағбатлантириш учун фан ва технологиялар соҳасининг давлат томонидан қўллаб-қувватланиши ва уларга сармоя киритиш муҳимлигини тасдиқлайди.

Мамлакатимизда эса охирги йилларда айни шу жиҳатлар сезиларли фаоллашган. Илм-фан, инновацияларни рағбатлантириш, соҳани ривожлантириш орқали барча соҳаларни рақамлаштиришга эришиш мақсадида катта молиявий сармоялар киритиляпти. Эроннинг юқоридаги илғор тажрибасини ўзимизда қўллашдан кўзланган мақсад ҳам шундан иборат.

Қисқа муддатларда юртимиз ҳудудларида фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, сув хўжалиги, тиббиёт, архитектура, туризм, ветеринария, энергетика ва металлургия соҳаларига оид spin-off корхоналар фаолияти йўлга қўйилди. Жорий йил июнь ойи ҳолатига кўра, мамлакатимизда 17 та ана шундай корхона иш олиб боряпти. Улар томонидан 66 турдаги янги маҳсулот ҳамда хизмат кўрсатиш таклиф этилган бўлиб, 8 миллиард сўмлик сотув амалга оширилган, 2,5 миллион долларлик экспорт шартномалари тузилган. Асосийси, мазкур корхоналарда 300 дан ортиқ иш ўринлари яратилди.

Масалан, Андижон вилоятида иш бошлаган “Ipak ko’chat klaster” (spin-off) корхонаси навдор тут кўчатлари етиштирмоқда. Корхонани ташкил этишдан мақсад ҳам айнан юртимизда ипак қурти озуқа базаси сифати ва ҳосилдорлигини оширишдан иборат эди. Шу мақсадда инновацион корхонада биотехнология лабораторияси очилди. Ўтган йили “InnoWeek—2022” кўргазмаси доирасида мазкур корхона Қозоғистон Республикасининг “ACBC OIL” корхонаси билан умумий қиймати 2,43 миллион долларлик шартнома имзолашга эришди. Шартнома бўйича харидорга 2022—2027 йиллар давомида жами 27 миллион туп навдор тут кўчати етказиб берилади.

Самарқанд вилоятида эса “BioAgroVet” МЧЖ (spin-off) корхонаси фаолияти йўлга қўйилган. Улар импорт ўрнини босувчи ветеринария воситалари ишлаб чиқаради. Яна бир spin-off корхона — “UNIGEN” МЧЖ эса чорвачилик фермер хўжаликларига ташхислаш бўйича илмий-амалий хизматлар кўрсатиб келмоқда.

Тошкент вилоятидаги “BIOTON” МЧЖ (spin-off) корхонаси доривор ўсимликлар хомашёсини чуқур қайта ишлаш асосида экстрактлар олиш ва биологик фаол моддалар субстанцияларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Ҳозирги кунда корхона томонидан маҳаллий истеъмолчиларга 845,2 миллион сўмлик маҳсулот етказилди. Россия ва Нидерландияга экспорт йўлга қўйилган.

Умуман, бугунги кунда юртимизнинг деярли барча ҳудудларида spin-off корхоналар фаолиятини кўриш мумкин. Улар инновацион технологиялар асосида маҳсулот ишлаб чиқариш самарадорлигининг яққол намунасидир. Тажрибанинг илмий ва иқтисодий натижадорлиги ҳам юқори. Мамлакатимизда ана шундай тажриба ва лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш фаоллашаётгани жойларда ишлаб чиқариш кўламини кенгайтиришга хизмат қилади.

Жамолидди БОБОХОНОВ,

Инновацион ривожланиш агентлиги

бошқарма бошлиғи