“Аҳолига гематология ва онкология хизматларини кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги Президент қарори ижроси доирасида онкологик касалликлар тарқалишининг олдини олиш ва эрта диагностика қилиш мақсадида 2022 йил 1 январдан бошлаб:
9–14 ёшдаги ўсмир қизлар одам папилломаси вирусига қарши эмланиши;
30–55 ёшдаги аёллар бачадон бўйни ҳамда 45–65 ёшдаги аёллар кўкрак бези саратони бўйича скринингдан ўтказилиши;
барча туман ва шаҳарларда “онко-назорат” хоналари ташкил этилиши белгиланган эди.
Ушбу қарор ижроси юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлигида ЖССТ ва Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонаси вакиллари билан биргаликда бачадон бўйни саратони бўйича скрининг лойиҳасини ишга тушириш масаласи муҳокама қилинди.
Лойиҳа доирасида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Лиан Куппенс ва Франциянинг мамлакатимиздаги элчихонаси биринчи маслаҳатчиси Максим Жеренже Соғлиқни сақлаш вазирлигига бачадон бўйни саратони касаллиги скрининги натижасида аниқланган саратонгача бўлган дастлабки ўзгаришларни бартараф этиш учун қўлланиладиган термокоагулятор ускуналарини тақдим қилди. Уларни вазир ўринбосари Элмира Баситханова қабул қилиб олди.
— Лойиҳа пилот тарзида Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент вилоятида ишга туширилиши, бу ҳудудлардаги тиббиёт муассасаларида онко-назорат хоналарини ташкил этиш орқали ҳудуддаги репродуктив ёшдаги аёллар саломатлигини ҳимоя қилиш кўзда тутилган, – дейди Э. Баситханова. — Ўзбекистонда йилига 1500 дан ортиқ бачадон бўйни саратонига чалиниш ҳолатлари аниқланади. Бачадон бўйни саратони учун скрининг дастури юқоридаги икки ҳудудда синовдан ўтказилгач, 2022 йилги Давлат дастурига киритилиши ва юртимиздаги барча туманларда жорий этилиши режалаштирилган.
Ушбу лойиҳага Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент вилоятида жами 56 минг нафар хотин-қизлар қамраб олиниши мўлжалланган, деб хабар беради Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.