Биргина РШТЁИМнинг 53 та клиник ва параклиник бўлим ҳамда таркибий бўлинмаларида бугунги кунда ўнлаб турли юқори технологик ва мураккаб жарроҳлик амалиётлари муваффақиятли бажариляпти.

Жумладан, катталар ва болаларда қорин бўшлиғи, кўкрак қафасидаги барча шошилинч касалликларда минимал инвазив лапароскопик жарроҳлик усуллари, юрак хуружи ва бош мия қон айланиши бузилишларида дунёда «олтин стандарт» сифатида қабул қилинган тери орқали минимал инвазив ангиографик усуллар кенг қўлланиляпти.

— Ҳозир диагностика ва даволаш жараёнига бир қатор инновацион усуллар татбиқ қилиняпти, — дейди РШТЁИМ директори Дониёр Алимов. — Хусусан, 2022 йил марказ ва унинг ҳудудий филиалларида «бола ёшидаги шикастланишлар» бўлими ташкил этилди. Умуртқаларнинг ностабил синишларини хирургик даволашнинг замонавий усуллари амалиётга татбиқ этилиши натижасида эса 900 нафардан зиёд беморнинг соғайиш муддати қисқарди.

Яна бир янгилик. Марказимизда бу йилдан илк бор тос суяклари ва қовурғаларнинг кўплаб синишларида замонавий юқори технологик металл конструкцияларни қўлловчи янги хирургик амалиётлар йўлга қўйилди.

Шунингдек, Ўзбекистонда илк бор сон суяклари синишлари ўткир даврида тос-сон бўғинини эндопротезлаш муолажа усуллари амалиётга татбиқ қилиниб, бугунгача 20 нафардан зиёд оғир шикастланган беморда ушбу мураккаб операциялар муваффақиятли ўтказилди. Натижада улар орасида ўлим ва ногиронлик кўрсаткичлари қисқаришига эришилди.

Қолаверса, япониялик мутахассислар билан ҳамкорликда бош миянинг қон томир нуқсонларини диагностика қилиш ва хирургик даволашнинг энг замонавий усулларини қўллаш орқали инсульт оқибатида чуқур ногиронликка маҳкум бўлган 35 нафардан зиёд беморда ноёб операциялар ўтказилди.

Айниқса, мамлакатимизда илк бор юракнинг коронар артериялари ва бош миянинг экстракраниал қон томирларида бир вақтнинг ўзида гибрид ва симултант операцияларнинг бажарилиши кўплаб беморлар ҳаётини сақлаб қолишга хизмат қиляпти.

Мутахассис билан суҳбатни Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати олиб борди.