Унда умуртқа мушаклари атрофиясига чалинган болаларни қўллаб-қувватлаш дастурини амалга ошириш ва онкология соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама этилди.

Учрашувда компаниянинг Марказий ва Шарқий Европа, Туркия, Россия, Ҳиндистон субконтиненти бўйича раҳбари Адриано Треве, Қозоғистондаги ваколатхонаси раҳбари Тойлен Сенел, Албаниядаги вакили Анна Савинкина, шунингдек, «Roche»нинг Ўзбекистондаги ҳамкорлари Олга Черных ва Шохида Сорбатти иштирок этди.

Қайд этилганидек, “Роче” дунёдаги энг йирик биотехнологик компаниялардан бири бўлиб, АҚШ, Германия, Швейцария ва Сингапурда ишлаб чиқарувчи корхоналарига эга. У онкология, иммунология, юқумли касалликлар, офтальмология ва марказий асаб тизими касалликлари учун табақалаштирилган дори воситалари ишлаб чиқарувчи ва «in vitro» диагностика, тўқималарга асосланган саратон диагностикасининг етакчи провайдери ҳисобланади.

Мулоқот чоғида вазир Амрилло Иноятов ташкилот вакилларига кенг кўламли ва узоқ муддатли ҳамкорлик, жумладан, ушбу компания томонидан ишлаб чиқарилаётган препаратларнинг минтақавий локализациясини мамлакатимизда ташкил этиш таклифини берди.

Юртимизга биотехнология асосида ишлаб чиқаришнинг кириб келиши фармацевтика саноатида инқилобий ҳодисага айланиши, шубҳасиз. Компания мутахассисларининг таъкидлашича, бунинг учун бир неча йиллик тайёргарлик ва мустаҳкам моддий-техник база шаклланиши лозим. Бу бўйича келгусида мулоқотлар давом этиши келишиб олинди.

Учрашув сўнгида спинал мушак артофиясига чалинган бемор болалар учун генетик препаратларни харид қилиш бўйича меморандум имзоланди, деб хабар беради Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.