Айниқса, тарихий илдизлари, тили, маданияти, маънавий қадриятлари ва дунёқараши бир-бирига яқин халқларнинг ҳамжиҳатлиги нафақат икки давлат тараққиёти, балки бутун минтақадаги тинчлик ва барқарорлик учун жуда муҳим. Ўзбекистон ва Озарбайжон халқларининг кўп асрлик қардошлиги ана шундай мустаҳкам маънавий пойдеворга эга.

Бугун эса бу қардошлик стратегик шериклик ва иттифоқчилигимизнинг муҳим таянчига айланмоқда. Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг юртимизга навбатдаги ташрифи ҳам ана шу стратегик ҳамкорликнинг энг ёрқин ифодаси десак, янглишмаймиз. Мазкур ташриф нафақат сиёсий ва иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш, балки инсон капиталини ривожлантириш, маданият, илм-фан ва таълим соҳаларидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш жиҳатидан ҳам катта аҳамиятга эга бўлди. Хусусан, ташриф доирасида олий даражадаги музокаралар, Олий давлатлараро кенгашнинг учинчи йиғилиши ўтказилди. Қатор муҳим ҳужжатлар имзоланиб, янги инвестициявий ва иқтисодий лойиҳалар бошланди. Маданий-маърифий ташаббуслар амалга оширилди.

Ҳар бир мамлакатнинг тараққиёти таълимга берилаётган эътибор билан ўлчанади. Педагог сифатида мени, табиийки, Ўзбекистон — Озарбайжон ҳамкорлигининг таълим ва илм-фан йўналиши алоҳида қизиқтиради. Чунки икки давлат ўртасидаги бугунги ҳамкорликнинг узоқ муддатли самарадорлиги айни шу билан бевосита алоқадор.

Ҳамкорликнинг устувор йўналиши бўлган таълим соҳаси давлат раҳбарларининг назаридан четда қолгани йўқ. Бунгача 2024 йилда икки томон ўртасида мактабгача таълим, касбий таълим, ўрта махсус, олий таълим ва илм-фан соҳаларидаги ҳамкорликка оид ҳужжатлар имзоланган эди. Фузулий шаҳрида Мирзо Улуғбек номидаги мактабнинг очилиши эса таълим соҳасидаги ҳамкорликнинг ўзига хос рамзи бўлди. Ўзбекистон томонидан қурилган ушбу мактаб нафақат ўқув маскани, балки икки халқ дўстлигининг ёш авлод қалбидаги тимсолидир.

Энди Низомий номидаги Ўзбекистон Миллий педагогика университетининг янги кампуси ана шу маънавий кўприкнинг яна бир салмоқли бўғинига айланди. Янги Тошкент ҳудудида 40 гектар майдонда барпо этилаётган ушбу замонавий таълим масканининг биринчи босқичида 12 минг ўринли беш қаватли ўқув биноси ва илғор лаборатория мажмуаси фойдаланишга топширилди. Президентлар очилиш маросимида рамзий лентани кесиб, университет ҳовлисига кўчат ўтқазганини эса икки давлат ўртасидаги маърифий боғлиқлик ва келажакка ишонч рамзи сифатида талқин этиш мумкин.

Шубҳасиз, Низомий Ганжавий — биргина Озарбайжоннинг эмас, бутун туркий ва Шарқ адабий-эстетик тафаккурининг буюк намояндаси. Унинг номи Ўзбекистон пойтахтидаги педагогик таълимнинг йирик даргоҳига берилгани икки халқ ўртасидаги маънавий ришталарнинг нақадар теранлигини англатади. Буюк озарбайжон шоири ва мутафаккири Низомий Ганжавий меросига бағишланган музей экспозициясида эса адибнинг бой маънавий мероси, ҳаёти ва ижоди, шунингдек, ўзбек ва озар халқлари ўртасидаги кўп асрлик маданий ва адабий алоқалар акс этгани билан диққатга сазовор.

Навбатдаги қадам икки мамлакат ўртасида таълим, илм-фан борасидаги янги имкониятларни очиш ва ўзаро илмий ҳамкорлик масалаларини чуқурлаштиришдан иборат. Педагогика университети келажак авлодга таълим-тарбия берадиган муаллимлар тайёрланадиган маскан. Шу жиҳатдан унинг замонавий инфратузилмага эга бўлиши, халқаро ҳамкорликка очиқлиги, илм-фан ва инновацияларга таяниши бутун жамиятнинг келажагига дахлдор масала.

Маданият соҳасидаги ҳамкорлик ҳам ўзининг ёрқин натижаларини кўрсатмоқда. Ушбу қардош халқлар асрлар давомида адабиёт, мусиқа, санъат, илм-фан ва маънавият соҳаларида бир-бирини бойитиб, тўлдириб келган. Алишер Навоий ва Низомий Ганжавий ижодий мероси, мумтоз адабиёт анъаналари, Шарқ тафаккури, умумий туркий-маданий қадриятлар халқларимизни бирлаштирадиган улкан маънавий макондир.

Ўзбекистоннинг Озарбайжондаги маданият кунлари, ўз навбатида, Озарбайжоннинг мамлакатимиздаги маданият кунлари, Шуша кунларининг Хивада ўтказилиши, санъат фестиваллари, адабий анжуманлар дўст халқларнинг бир-бирини янада теран англашига хизмат қилмоқда. Шунингдек, Бухоро ва Лочин, Урганч ва Хонкенди, Урганч ва Нахчивон шаҳарлари ўртасида биродарлик муносабатлари ўрнатилиши тўғрисидаги баённомалар имзоланди. 2027 йилда Ўзбекистон ва Озарбайжон биргаликда ФИФА У-20 жаҳон чемпионатига мезбонлик қилиши эса икки давлат маданият ва спорт соҳасидаги ҳамкорлигининг ёрқин намунаси сифатида алоҳида эътиборга молик.

Бугун жуда юқори даражага кўтарилган ўзаро дўстона муносабатлар ва биргаликдаги саъй-ҳаракатлар замирида 2024 йил августда томонлар ўртасида Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартнома имзолангани, таълим, фан, маданият, туризм, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган кўплаб ҳужжатлар қабул қилингани, давлат раҳбарларининг оқилона сиёсати мужассам.

Бу галги ташриф эса ушбу муносабатларнинг институционал асосларини янада мустаҳкамлаб, Олий давлатлараро кенгашнинг учинчи йиғилиши давлатлар ўртасидаги стратегик мулоқотни мунтазам ва тизимли шаклда давом эттириш учун муҳим механизмга айланганини кўрсатди. Озарбайжон етакчиси давлатимиз раҳбари ҳақида фикр билдираркан, икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг юксалишида Президент ­Шавкат ­Мирзиёев билан ўрнатилган самимий дўстлик ва ўзаро ишонч алоҳида ўрин тутишини, унинг биродарлик, бирлик ва иттифоқчиликни мустаҳкамлаш йўлидаги тинимсиз саъй-ҳаракатлари қардош юртда чуқур ҳурматга сазовор эканини таъкидлади. Бу эса мамлакатлар ўртасидаги алоқалар қанчалик мустаҳкам ҳуқуқий асосга эга бўлмасин, уларнинг амалий самараси, аввало, сиёсий ирода, ўзаро ишонч ва инсоний муносабатларга боғлиқлигининг амалий исботидир.

Шу билан бирга, давлатлараро муносабатлар фақат сиёсий мулоқот билан чекланиб қолмай, савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқалар ҳам изчил кенгайиши муҳим. Мамлакатлар ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш қиймати 2025 йилда 795 миллион доллар бўлган. 2026 йилнинг беш ойида эса бу кўрсаткич яна 33 фоиз кўпайиб, 144 миллион долларни ташкил этди. Энг катта мақсадлардан бири 2030 йилга бориб ўзаро товар айирбошлаш қийматини 1 миллиард долларга етказиш бўлиб, бу икки қардош халқнинг иқтисодий интеграцияси ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик сари дадил қадам ташлаётганидан далолат, албатта.

Транспорт-логистика соҳасида ҳам муҳим ютуқларга эришилди. Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги транзит юк ташиш ҳажми 2025 йилда 1,4 миллион тоннани ташкил этган бўлса, 2026 йилнинг биринчи ярмида бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 12,2 фоиз ошди.

Марказий Осиё билан Кавказ ва Европа бозорларини боғловчи транспорт йўлакларининг ривожланиши ҳар икки мамлакат учун стратегик аҳамиятга эга. Шу нуқтаи назардан, Транскаспий халқаро транспорт йўлаги, темир йўл ва денгиз логистикасини ривожлантириш, юк ташиш имкониятларини кенгайтириш, янги транспорт инфратузилмасини яратиш кун тартибидаги масалалардан.

Икки давлат Ўрта йўлак — Каспий денгизи орқали Марказий Осиёни Жанубий Кавказ ва Европа билан боғловчи транзит тармоғи орқали боғланишни кучайтиришга келишиб олди. Давлатимиз раҳбари Каспий денгизида қўшма флот яратиш бўйича ишларни жадаллаштириш режаларини ҳам маълум қилди. Бу эса минтақавий транспорт-логистика тизимини тубдан янгилашга хизмат қиладиган қарор. Шунингдек, Ўзбекистон учун паром қурилиши масаласида ҳам келишувга эришилгани маълум қилинди.

Бухоро — Шарқ цивилизациясининг энг қадимий бешикларидан, илм-маърифат ва маънавият шаҳри. Президентларнинг 24 август куни Шариф шаҳарга ташрифи ҳам ушбу тарихий жараённинг мантиқий давоми бўлди. Бухоро билан Озарбайжон ўртасидаги алоқалар ҳам шунчаки замонавий дипломатик муносабатлар маҳсули эмас. Бу тарихий шаҳар икки халқнинг қадимий савдо ­йўллари, илмий-маърифий алоқалари, адабий ва маданий муштараклигини намоён этадиган муҳим марказдир.

Менимча, бугунги Ўзбекистон — Озарбайжон муносабатларининг энг катта кучи одамлар қалбига, ҳудудлар ҳаётига, олий таълим муассасаларига, илмий жамоаларга, маданият ва санъат майдонларига кириб бораётганида. Биз — таълим соҳаси ходимлари қардош ва дўст халқ билан илмий, маданий ҳамкорликни янада ривожлантиришга ўз ҳиссамизни қўшишни шарафли вазифа деб биламиз.

Профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинуви, қўшма илмий лойиҳалар, қиёсий тадқиқотлар, педагогик тажриба алмашинуви, туркий тиллар ва адабиётларни ўрганиш, ёш олимлар ҳамкорлигини кучайтириш — булар олдимизда турган муҳим вазифалардан. Чунки икки давлат ўртасидаги битимлар келишувларни мустаҳкамлаб, инвестициялар иқтисодий алоқаларни ривожлантирса, маданият халқлар қалбини боғлайди. Аммо келажакни бирлаштирадиган нуқта таълимдадир. Бу шериклик келажакда янада кенгайиб, икки давлат фаровонлиги ва минтақавий барқарорликнинг муҳим омилига айланишига ишончимиз комил.

Баҳодир МАЪМУРОВ,

Бухоро давлат педагогика институти ректори,

педагогика фанлари доктори, профессор

Ҳамкорлик материали