Жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар судида суд жараёнлари кечмоқда. Судья жабрланувчи О. Охуновадан воқеа тафсилотлари хусусида сўради. У судьяга қарата: “Судья ука, бўлиб ўтган ишларни деҳқонча қилиб айтиб бераман-да”, дея гап бошлади.  

– Пешона теринг билан топган пулингни бир муттаҳам куппа кундуз куни фириб бериб, чўнтагига уриб кетса, ёмон алам қилар экан, Қўқон шаҳридаги “Марказий деҳқон бозори”да қовун-тарвуз сотаётган эдим.  Кечки бозор пайти бир йигит келиб 2 та қовун ва 3 та тарвуз танлади. У билан савдолашиб, юз минг сўмга келишдик. У ёнида ўзбек сўми йўқлигини, “тишининг кавагида” 100 АҚШ долларини асраб юргани, банкдан долларни сўмга алмаштирмоқчи бўлгани, лекин банк ёпилиб қолганини айтди. Уйида эртага эҳсон қилаётгани, бозорлик учун бошқа пули йўқлигини йиғламоқдан бери бўлиб, ялинавергач, мен содда рози бўлдим.

Хуллас келишиб, мен ундан 100 доллар олиб қайтимига 950 минг сўм бердим.  Йигит ўлгур: “Опажон олган қовун, тарвузларимни бир чеккароққа қўйиб туринг, мен яна бозордан ул-бул харид қилиб, кейин уларни олиб кетаман”, деди-да, ўзини одамлар орасига урди. Ана кутдим, мана кутдим, у кетганча бадар йўқолди. Қўлимдаги долларни нарироқда савдо қилаётган Ўктамжонга кўрсатсам, у қўлига олиб: “ Ие, опа бу “туфта-ку” деганди, ўзим ҳам ичи тушган қовунга ўхшаб қолдим. Икковлашиб тез “102” қўнғироқ қилдик. Ана шу-да, мени лаққа тушириб кетган, – дея кўрсаткич бармоғи билан панжара ортида ўтирган Жобир Носировни кўрсатди.

Сўнг  афсус чеккандай бўлиб: Эҳ, иложи бўлганда эди, бу товламачига ўз қўлларим билан хамак қовундан бўккунича едирардим-да, деди.

Алқисса, олиб борилган тергов давомида Ж. Носиров ўзи тайёрлаган сценарий асосида одамларга узоқ муддат давомида фириб бериб юргани аниқланган. Хусусан, У Ўзбекистон тумани Мингтут қишлоғидаги савдо шаҳобчаси эгаси Х. Қўчқоровадан 120 минг сўмлик савдо қилиб, ясама 50 АҚШ доллари бериб?  қайтимига 410 минг сўмни, Қўқон шаҳар Фурқат кўчасида Р. Бойматовага тегишли дўкондан 180 минг сўмлик маҳсулот харид қилиб, қалбаки 100 долларни бериб,  қайтимига 870 минг сўм, Риштон туман Деҳқон бозорида савдо қилиб турган  И.Абдуназаровдан эса  5 та эркаклар ички кийимини харид қилиб, унга ҳам сохта 50 долларни бериб, қайтимига 480 минг сўмни олиб ғойиб бўлган.

И.Абдуназаров чув тушганини билгач, зудлик билан ИИБга хабар бергач, Жобирни Қўқонга кираверишда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари “эҳтиром кўрсатиб” кумушранг кишан билан кутиб олишган. Устасифаранг Жобирнинг судда кўрсатма беришича, 2014 йилгача Россия Федерациясида меҳнат муҳожирлигида бўлган. Эмишки, у ердаги иш берувчилар ишлаган ҳақи учун сохта долларни тутқазишган экан. У бундайлигини Қўқонга келиб, ноқонуний валюта бозорида долларни сўмга айирбошлаётганда у ердаги “профессионаллар” айтишганда билибди.

Жобир қалбаки долларлари борлигини уйидагилардан салкам 8 йил сир сақлабди.   Ўйлай-ўйлай қалбаки доллардан устамона фойдаланиш хусусида чала-чулпа сценарий ёзиб, ролларни тақсимлаб, бош ролни ўзи ижро этиб, бирин-кетин содда, ишонувчан савдогарларни чув тушира бошлабди. Одамларга фириб беришга жиддий киришиб кетган Жобир сценарийнинг хотима қисмини ёзишга улгурмай қолди. Бу кемтикни суд ҳукми тўлдирди.

Инчунун, жабрланувчиларга етказилган зарар Ж.Носиров ҳисобидан ундириладиган, ўзи эса Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 176-моддаси 2-қисми “а” банди билан айбланиб қаттиқ режимли колонияга равона бўладиган бўлди.  Хулоса ўрнида айтиш жоизки, бозор-ўчарларда айрим харидорлар томонидан ўзбек сўмим йўқ эди, доллар ёки бошқа валютада ҳисоб-китоб қиламан, дегувчилар учраб туради.

Бундай ҳолатда, биринчидан, тегишли қонун ҳужжатларига кўра чет эл валютасида савдо қилиш мумкин эмаслигини, иккинчидан, хорижий валютанинг ҳақиқий ёки қалбаки эканлигини бир қарашда англаш қийинлигини ёдда тутган маъқул. Савдо-сотиқ билан шуғулланаётган ҳар бир киши миллий сўмни санаб олаётганида ҳам ҳушёрликни йўқотмаса, бошига ташвиш камроқ тушади.

Хуршид ҚОСИМОВ,

Жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар судининг раиси