Фарғоналик журналист Шарифа Мурод ижтимоий тармоқдаги саҳифасида айни жараён борасида ўз мулоҳазаларини ёзиб қолдирди. 

Журналистнинг таъкидлашича, Учкўприк тумани маъмурий судида ўқитувчиларнинг тиббий кўрикдан бепул ўтишини талаб қилиб тумандаги 4-мактабнинг 6 нафар ўқитувчисининг манфаатларини кўзлаган ҳолда Адлия бўлими томонидан судга киритилган ариза кўриб чиқилди.

Суд шу кунгача икки марта қолдирилган эди. Бу сафар ҳам жавобгар тарафнинг вакили суд қолдирилишини талаб қилди. Аммо судья бу талабни қондириш учун ҳеч қандай важ йўқлигини айтиб, суд мажлисини давом эттирди.

Учкўприк тумани адлия бўлими бош маслаҳатчиси Воҳиджон Эркабоевнинг сўзлари тингланди. Сўнгра "Меҳнат кодекси"нинг 214-моддаси ва "Таълим тўғрисида"ги Қонуннинг 45-моддаси қўлланилиб, судья ҳал қилувчи қарорини чиқарди. Қарорга кўра, Адлия бўлимига тиббий кўрикдан ўтишни бепул қилиш ҳақида ариза берган 4-мактабда фаолият олиб борадиган 6 нафар ўқитувчининг талаби қондирилди. Энди бу ўқитувчилар бепул тиббий кўрикдан ўтишади.