Шу билан бирга, узил-кесил қарор қабул қилишда суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини уч босқичли тизим воситасида текшириш имкониятлари чекланганлиги фуқароларнинг ортиқча вақти ва маблағи сарфланишига, бир сўз билан айтганда, кассация тартибидаги шикоятларни кўриш ваколати фақат Олий судга берилганлиги фуқароларнинг ортиқча сарсонгарчилигига сабаб бўлаётганлиги ва иш ҳажмининг кескин ошиб кетишига олиб келяпти.

Ушбу масалалар ва унинг ҳуқуқий асосини тартибга солиш борасидаги муҳим жараёнлар жорий йил 2 августда бўлиб ўтган Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитасининг навбатдаги мажлисида қизғин муҳокама этилди.

Унда Сенат аъзолари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари доимий комиссиялари, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, мутасадди вазирлик ва идоралар вакиллари иштирок этди.

Мажлисда “Суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун, амалиётга киритиладиган янги талаблар ва имкониятлар дастлабки тарзда муҳокама этилди.

Сенаторлар сўзларига кўра Қонун юқорида айтиб ўтилган муаммоларни бартараф этиш, энг асосийси фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган. Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритиляпти.

Хусусан, қонуний кучга кирган суд қарорларини кассация тартибида кўриб чиқиш ваколати вилоят ва унга тенглаштирилган судларга ўтказиляпти.

Шунингдек, апелляция ёки кассация тартибида кўрилган суд қарорларини тафтиш тартибида кўриш институти жорий қилиняпти ҳамда апелляция шикоятини бериш муддати 2 бараварга (яъни 20 кундан 10 кунга) қисқартириляпти.

Шу билан бирга юқори инстанция судлари томонидан қуйи судлар қарорини бекор қилган ҳолда ишни янгитдан кўриш учун қуйи судга юбориш амалиёти тугатиляпти, деб хабар беради Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.

Муҳокамалар натижасида кун тартибига киритилган масала юзасидан Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.