Тадбирни Судьялар олий кенгаши раиси Х. Ёдгоров кириш сўзи билан очиб, Судьялар олий мактаби Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилганини таъкидлади.
Мазкур мактабда судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш, судьялар ва судлар аппарати ходимларини қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш йўлга қўйилган. Бугунги кун талабларига жавоб бера оладиган, профессионал ва етук судьялар корпусини шакллантиришга кўмаклашиш мактаб фаолиятининг муҳим мақсади.
Ўтган йили Судьялар олий мактабининг магистратура босқичини 60 нафар тингловчи муваффақиятли тамомлаган бўлса, бу йил 75 нафар тингловчи қабул қилинди.
Маълумот ўрнида айтиб ўтиш жоизки, 2019-2020 ўқув йилида магистратура таълим босқичини муваффақиятли тамомлаган Олий мактабнинг 20 га яқин илк қалдирғочлари айни пайтда судьялик лавозимларига тайинланди.
Айтиб ўтиш керакки, жорий йил 16-17 сентябрь кунлари мактаб магистратура босқичига кириш имтиҳонлари бўлиб ўтди. Судьялар олий кенгаши томонидан Олий суд билан биргаликда белгиланган квоталар бўйича судьялик лавозимлари захирасида бўлган 75 нафар Ўзбекистон Республикаси фуқаролари имтиҳонлардан муваффақиятли ўтди.
Судьялар олий мактаби директори Ҳ-М. Исоқов судьялик лавозимларига номзодларда назарий билимлар, касбий этика, психология, ишчанлик мулоқоти ва вақтни бошқариш кўникмалари, музокаралар олиб бориш тактикаси, ахборот билан ишлаш технологияси, ҳуқуқ нормаларига шарҳ бериш ва уларни қўллашни ривожлантириш каби муҳим йўналишлар бўйича таълим бериш йўлга қўйилганини қайд этди. Бундан ташқари, тингловчиларнинг суд идораларида стажировка ўташини ҳар томонлама самарали ташкил этиш юзасидан янгича ёндашув асосида махсус дастур ишлаб чиқилган.
Интерфоал ўқитиш услубларини таълим жараёнига кенг жорий этиш мақсадида ўндан ортиқ халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлар таълим муассасаларининг ваколатхоналари билан илмий-амалий, ўқув-услубий, ахборот алмашинув, моддий-техник соҳаларда ҳамкорлик йўлга қўйилган. Жумладан, Россия, Қозоғистон, Канада, АҚШ, Корея, Хитой, Япония ва бошқа давлатларнинг судьялар тайёрлашга ихтисослаштирилган муассасалари билан ҳамкорлик қилинмоқда.
Тадбирда сўзга чиққан магистрлар «Судьянинг онгида – адолат, тилида – ҳақиқат, дилида – поклик ҳукмрон бўлиши лозим», деган шиорга доим содиқ қолишга сўз беришди.