Буюк саркарда Жалолиддин Мангубердининг юрт озодлиги йўлидаги бемисл матонати нафақат ўзбек халқи орасида, балки бутун дунёда озодлик учун кураш тимсолига айланган. Биз миллий қаҳрамон деб биладиган улуғ аждодимиз ўз даврида ислом оламида мусулмон дунёсининг қалқони сифатида ҳам тан олинган.
Жалолиддин Мангубердининг 1221-1224 йилларда ҳозирги Покистон ҳудудидаги ҳарбий ҳаракатлари ва ислом дунёсини сақлаб қолиш йўлида душманга қарши жанглари бу мамлакатда унинг шахсига нисбатан илиқ муносабатни шакллантирган. Шу боис, 200 миллиондан зиёд аҳолисининг 96 фоизи мусулмон бўлган Покистонда бугун ҳам Мангубердини севишади, ардоқлашади.
Яқинда пойтахтимиздаги “Ўзбекистон” нашриётида Бекзод Абдиримов ва Васим Сажжаднинг “Султон Жалолиддин Хоразмшоҳ Покистонда” китоби ўзбек, инглиз, урду тилларида чоп этилди.
— Ушбу китоб покистонлик олим, доктор Васим Сажжад билан яқин ҳамкорлигимиз самараси сифатида дунёга келди, — дейди “Жалолиддин Мангуберди” жамғармаси раҳбари Бекзод Абдиримов. — Буюк аждодимиз тўғрисида Ўзбекистонда ҳам, Покистонда ҳам кўплаб илмий-тадқиқотлар қилинган, бадиий асарлар ёзилган, кинофильмлар ишланган. Бироқ бу жараён икки давлатда айри-айри кечган. Бошқача айтганда, икки мамлакат олимлари ўртасида ҳамкорлик қилинмаган. Шу сабабдан биз Покистонда Жалолиддин Мангуберди билан боғлиқ кўпгина тарихий воқеалар, тарихий объектлар, халқ оғзаки ижодида унинг тарихига алоқадор воқеликлардан бехабар эдик. Бу китобда шу камчиликни тўлдиришга ҳаракат қилдик.
Султон Жалолиддин 1221 йил ноябрь ойида Ҳинд дарёси соҳилидаги жангдан сўнг дарёни кечиб ўтади ва ҳозирги Покистон ҳудудига қадам қўяди. Бу вақтда мўғуллар ҳам Жалолиддин Хоразмшоҳни таъқиб қилиб, Ҳинд дарёсини кечиб ўтади.
Султон Жалолиддин бир томондан мўғуллар таъқибидан қутулишга ҳаракат қилар, иккинчи томондан маҳаллий ҳукмдорларнинг ҳужуми ва фитналарини бартараф этарди. Мангубердининг фатҳлари Ҳинд дарёси бўйидаги кичик ҳудудларни эгаллашдан бошланган бўлса-да, қисқа вақтда Араб денгизигача бўлган ерлар унинг ҳукмронлиги остига ўтади. Бугунги кунда Покистонга тегишли ушбу жойлар Султон Жалолиддин бу ҳудудларни тарк этгандан кейин ҳам унинг тарафдорлари томонидан узоқ вақтгача идора қилинган.
“Султон Жалолиддин Хоразмшоҳ Покистонда” асари Мангубердининг Панжоб ва Синд ҳудудларига келиши, фаолияти ва урушлари ҳақида ҳикоя қилувчи қизиқарли тарихий тадқиқотларга асосланган бўлиб, унда Жалолиддиннинг 1221-1224-йиллардаги ҳаёти ҳақида маълумотлар берилган. Шу пайтга қадар улуғ саркарда фаолиятидаги ушбу 3 йил ҳақида бизда деярли маълумот йўқ эди.
Китоб, шубҳасиз, келажакда султон Жалолиддин ҳаёти ҳақида қилинадиган тадқиқотлар учун янги эшиклар очади. Шунингдек, Ўзбекистон ва Покистон халқлари ўртасидаги дўстлик, маданий-маърифий алоқаларнинг янада ривожланишига хизмат қилади.