Конструктив мулоқот чоғида томонлар икки томонлама муносабатларнинг долзарб масалаларини муҳокама қилдилар ва уни кенгайтириш истиқболлари юзасидан фикр алмашдилар.

Икки Давлат раҳбарларининг саъй-ҳаракатлари туфайли Ўзбекистон ва Туркманистоннинг ўзаро ҳамкорлиги стратегик шериклик даражасига олиб чиқилгани ҳамда пандемия ва жорий этилган карантин чекловлари сабабли жаҳон иқтисодиётининг пасайишига қарамай жадал ривожланаётгани қайд этилди.

Иқтисодий шерикликни чуқурлаштиришнинг истиқболли йўналишлари кўриб чиқилди. Ўтган 3 йил мобайнида ўзаро савдо ҳажми 3 баробар ошгани ва жорий йилнинг январь-июнь ойлари мобайнида товар айланмасининг ўсиши ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 9 фоизни ташкил этгани таъкидланди. Ўзаро савдони фаоллаштириш бўйича қўшма саъй-ҳаракатларни амалга оширишга ўзаро тайёрлик билдирилди.

Саноат кооперациясини ривожлантириш истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди. Қишлоқ хўжалиги ва мева-сабзавот маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш, тайёр тўқимачилик, чарм-пойабзал ва фармацевтика маҳсулотлари, маиший ва қишлоқ хўжалиги техникалари ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича қўшма лойиҳаларни шакллантириш юзасидан келишувга эришилди. Шу нуқтаи назардан, томонлар саноат кооперациясини чуқурлаштириш учун “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш ҳақида келишиб олдилар. Унда ҳар икки мамлакатнинг аниқ лойиҳалари ва ҳамкорлари кўрсатилади.

Бундан ташқари, учрашувда Бухоро ва Лебап вилоятлари ҳамда Хоразм ва Дашогуз вилоятлари ўртасида ҳудудлараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилди. Икки мамлакат ҳудудларидаги корхоналар вакиллари ўртасида икки томонлама музокараларни ўз ичига оладиган қўшма тадбирлар ўтказиш истиқболлари муҳокама қилинди.

Учрашув якунида ўзаро савдо ҳажмини ошириш масалаларини ўрганиш ва мувофиқлаштириш бўйича қўшма ишчи гуруҳ тузишга келишиб олинди, деб хабар беради Инвестициялар ва савдо вазирлиги матбуот хизмати.