Институционал ўзгаришлар узоқни кўзлаган стратегик сиёсат, тиббий инфратузилмани янгилаш ва юқори малакали кадрлар тайёрлашга қаратилган аниқ чора-тадбирлар натижасидир.

Халқаро стандартлар асосида ташхис ва даволаш протоколлари жорий этилиб, юқори технологияли клиникалар ҳамда ихтисос­лашган марказлар барпо этилмоқда. Сунъий интеллектга асосланган рақамли диагнос­тика тизимлари ташхис аниқлигини кескин ошириб, шифокорлар юкламасини камай­тирмоқда. Жумладан, маммография, КТ ва МРТ каби йўналишларда сунъий интеллект платформаларининг 98 фоизга яқин ишонч­лилиги амалиёт самарадорлигини сезиларли оширмоқда.

Тиббий таълимда ҳам модернизация да­вом этиб, олийгоҳлар сунъий интеллектга асосланган ўқув платформаларига ўтмоқда, илмий марказлар эса юқори технологияли ла­бораториялар билан таъминланмоқда. Nvidia компанияси билан ҳамкорликда қурилаётган супер компьютер кластери ва лабораториялар юртимизда тиббиёт илмининг янги йўналиш­ларини ривожлантириш учун муҳим замин яратади.

Яна бир инновацион жиҳат — тиббий туризмнинг ўсиши, хорижий беморлар учун юқори сифатли хизматлар таклиф этаётган замонавий клиникалар кўпайиши мамлака­тимизни минтақада рақобатбардош тиббиёт марказига айлантирмоқда. Технологик та­раққиёт шундай суръатда давом этса, Ўзбе­кистоннинг тиббиёт хаби сифатидаги нуфузи яқин истиқболда мустаҳкамланиши табиий.

Президентимизнинг сунъий интеллект бўйича халқаро форумдаги нутқида нафақат сунъий интеллектнинг бугунги аҳамияти, балки унинг келажакда иқтисодиёт, илм, таъ­лим, тиббиёт ва ижтимоий ҳаёт учун қандай трансформация кучига айланиши мумкинли­ги чуқур таҳлил асосида баён этилди.

Давлатимиз раҳбари ёшлар томонидан яра­тилган сунъий интеллект лойиҳалари билан танишар экан, ахборот технологияларининг мамлакат барқарор тараққиёти, миллий иқ­тисодиёт рақобатбардошлигини ошириш ва глобал инновацион жараёнларда муносиб ўрин эгаллашдаги ҳал қилувчи аҳамияти­ни алоҳида таъкидлади. Юртимизда амалга оширилаётган рақамли ислоҳотлар, миллий СИ стратегиясининг қабул қилиниши, сармоя ортиши, замонавий таълим дастурлари ва ўқув лабораториялари ташкил этилиши янги Ўзбекистоннинг илмий-технологик қудрати тобора ортиб бораётганидан далолат беради.

Сунъий интеллект технологияларининг инсон ҳаётига энг тез ва самарали таъсир кўрсатаётган йўналишларидан бири тиббиёт­дир. Бугун рақамли диагностика тизимлари жорий этилиши натижасида юртимизда 50 мингдан ортиқ беморга сунъий интеллект ёрдамида аниқ ташхис қўйилгани, бу жараён вақти бир неча кундан соатларга қисқаргани, шифокорлар юкламаси кескин камайгани соҳа имкониятлари қанчалик кенгайганини яққол кўрсатади. Маммография, онкология ва кардиологияда сунъий интеллект платфор­малари томонидан берилган хулосаларнинг 98 фоизи шифокорлар томонидан тасдиқ­лангани ушбу технологиянинг ишончлили­ги, илмий асослангани ва амалий қийматини янада мустаҳкамлайди. Хусусан, Қорақал­поғистондаги “Саломатлик марафони” дои­расида маммография текширувларининг 70 фоизи маҳаллий СИ платформалар орқали таҳлил қилиниши, ташхис қўйиш вақтининг 5-7 баробар қисқариши рақамли тиббиёт ке­лажаги нақадар улкан эканини кўрсатди.

Сунъий интеллектнинг бундай ютуқла­ри тиббий амалиётни замонавий даражада индивидуаллаштириш, хавф омилларини олдиндан башорат қилиш, касалликлар дина­микасини реал вақт режимида кузатиб бориш ва жамият саломатлигини стратегик бошқа­риш имкониятини яратмоқда. Инсон қадри ва халқ манфаатлари устувор бўлган бугунги ислоҳотлар жараёнида тиббиётни диверси­фикациялаш нафақат даволаш самарадор­лигини оширади, балки профилактика, яъни касалликларнинг олдини олиш тизимини ҳам янги босқичга олиб чиқади. Шу сабабли сунъий интеллект эндиликда тиббий билим, рақамли маълумотлар таҳлили, клиник қарор қабул қилиш ва лаборатория тадқиқотларини автоматлаштиришнинг асосий омилига ай­ланмоқда.

Президентимиз томонидан эълон қилин­ган “5 миллион сунъий интеллект етакчи­лари” дастури айнан СИ соҳасида малакали кадрларни тизимли равишда тайёрлаш, олий ва умумий таълимда сунъий интеллект савод­хонлигини кучайтириш, мактабдан тортиб, университетгача ягона илмий-инновацион экотизим яратишни назарда тутади. Замо­навий лабораториялар, ташкил этиладиган супер компьютер кластери, халқаро тажриба алмашиш платформалари, иқтидорли ёшлар учун танловлар ва стажировкалар — бу­ларнинг барчаси мамлакатимизни нафақат технологиялар истеъмолчиси, балки улар­ни яратувчи, экспорт қилувчи ҳамда жаҳон миқёсида рақобатлаша оладиган марказга айлантириш йўлидаги улкан қадамлардир. Айниқса, тиббиёт соҳасида сунъий интел­лект технологияларига асосланган махсус лабораториялар ташкил этилиши катта аҳа­миятга эга. Бундай лабораториялар клиник маълумотларни интеллектуал таҳлил қилиш, рақамли диагностика алгоритмларини яра­тиш, илғор нейротармоқ моделлари ва маши­нали ўрганиш технологияларини маҳаллий шароитга мослаштириш, тиббий тасвирлар­ни автоматик таниб олиш, фармакологияда индивидуал даволаш моделларини ишлаб чиқиш каби йўналишларда юртимизнинг ил­мий салоҳиятини янги босқичга олиб чиқади. Бу эса мамлакат тиббиётини рақобатбардош, тезкор, инновацион ва юқори самарали ти­зимга айлантириш имконини беради.

Сунъий интеллектни таълим, фан, ишлаб чиқариш ва тиббиёт билан чуқур интеграция қилиш стратегик заруратдир. Чунки СИни фақат технология сифатида эмас, балки илм- фаннинг янги парадигмаси, миллий тарақ­қиётнинг асосий драйвери ва инсон сало­матлигини асрашда кучли восита сифатида кўриш вақти келди. Унинг имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш учун кадрлар тайёрлаш тизими, замонавий инфратузилма, тажриба­ли мутахассислар, лабораториялар, рақамли маълумотлар базаси, илмий ҳамкорлик ва халқаро тажриба алмашуви каби унсурлар ягона мақсад сари уйғун ҳолда ишлаши лозим.

Аждодларимиз илм яратган. Биз эса уни давом эттириш, замонавий технологиялар билан бойитиш, янги илмий йўналишлар­ни кашф қилиш, мамлакатимизни интел­лектуал салоҳият жиҳатидан янги поғонага кўтариш ва келажак авлодга мазмунан бой, илмий асосли, замонавий тафаккурга эга мерос қолдириш масъулиятини зиммамизга олган авлодмиз. Илм — боқий дарё, оқи­ми тўхтамайди. Бизнинг вазифамиз унинг соҳилларини кенгайтириш, уни янги ман­балар билан бойитиш ва инсон ҳаёти ҳамда жамият тараққиёти учун янада катта фойда келтиришдир.

Сунъий интеллект инсон ақлининг манти­қий қонуниятлари ва таҳлил қилиш хусусия­тини алгоритмлар орқали қайта тиклаб, катта ҳажмдаги маълумотлардан мустақил ўрганиб борадиган интеллектуал тизим бўлиб, у замо­навий “исботланган тиббиёт”нинг янги бос­қичини шакллантирмоқда. Илгари шифокор, айниқса, мураккаб операцияга киришишдан аввал, асосан, тажрибаси, устозлари кўрсат­малари ва чегараланган клиник маълумотлар­га таянган. Инсон тажрибаси қанчалик бой бўлмасин, унинг хотираси, диққат имконияти ҳамда таҳлил қилиш қуввати муайян даража­да чекланган.

Сунъий интеллект эса инсон имконият­ларини чексиз маълумотлар манбалари би­лан тўлдириб, клиник қарор қабул қилиш жараёнини юқори аниқлик даражасига кўтаради. Чунки СИ миллионлаб бемор­лар тарихи, минглаб клиник тадқиқотлар, рентген, МРТ, УТТ каби тасвирлар, лабо­ратор таҳлиллар, биологик кўрсаткичлар ва ўхшаш операциялар натижаларини бир вақтнинг ўзида таққослаб, улардан қону­ниятларни аниқлайди ва шифокорга илмий асосланган хулосаларни тақдим этади. Бу жараён инсон тафаккури учун ниҳоятда мураккаб ва йиллар талаб этадиган вази­фаларни бир неча сония ёки дақиқаларда бажариш имконини беради.

Шу сабабли сунъий интеллект “исботлан­ган тиббиёт”нинг мантиқий давомига айлан­ди. “Исботланган тиббиёт” ҳар бир клиник қарорни илмий далиллар, статистик таҳлил ва тажрибага таянган ҳолда қабул қилишни талаб этади. Сунъий интеллект айнан шу далиллар базасини кескин кенгайтириб, уни аниқ, холис ва тизимли таҳлил қилишга ёр­дам беради. Инсон кўзи илғай олмайдиган нозик белгиларни, тўқима тузилишидаги микроўзгаришларни, хавфсиз операция йў­лини ёки асорат хавфи юқори бўлган нуқта­ларни олдиндан аниқлаб, шифокорга тавсия қилади. Масалан, жарроҳлик амалиёти ол­дидан сунъий интеллект асосида тузилган 3Д моделлаш тизимлари органларнинг аниқ жойлашувини, қон томирлари тармоғининг индивидуал тузилишини кўрсатади ва опе­рация тактикаси учун энг оптимал вариантни танлаш имконини беради. Маммография ва онкологияда эса сунъий интеллект мураккаб тасвирларда шифокор кўзи қийинчилик би­лан ажрата оладиган микроскопик ўзгариш­ларни ҳам аниқлай олади.

Бундай илмий асосланган, юқори аниқлик­ка эга хулосалар шифокор ишини енгиллашти­рибгина қолмай, беморга кўрсатиладиган тиб­бий хизмат сифатини ҳам сезиларли даражада оширади. Ташхис қўйиш вақти қисқариши, операция хавфи камайиши, даволаш жараёни индивидуал тус олиши, касалликларни эрта босқичда аниқлаш имкониятлари кенгайиши сунъий интеллектнинг амалий устунликла­рини яққол намоён этади. Унинг энг муҳим жиҳатларидан яна бири шундаки, чарчамайди, диққатини йўқотмайди, ҳиссиёт таъсирида қа­рор қабул қилмайди ва ҳар бир таҳлилни бир хил барқарор аниқлик билан бажаради.

Хулоса қилиб айтганда, сунъий интеллект тиббиётда клиник қарорлар қабул қилишни илмий далиллар билан мустаҳкамлайди, ши­фокор имкониятларини миллионлаб клиник тажрибалар асосида шаклланган интеллек­туал база билан бойитади. У шифокор ўрни­ни эгалламайди, аммо унинг касбий салоҳия­тини кенгайтиради, инсон омилига боғлиқ хатоларни минималлаштиради ва замонавий тиббиётни юқори аниқлик, тезкорлик ва са­марадорликка асосланган янги босқичга олиб чиқади. Шу боис, сунъий интеллектни ўрганиш, уни клиник жараёнларга чуқур ин­теграция қилиш ва унинг имкониятларидан тўлақонли фойдаланиш бугунги куннинг энг долзарб илмий ҳамда амалий талабларидан бирига айланди. Бироқ бу жараён фақат тиб­биёт ичидаги ислоҳотлар билангина чеклан­майди. Бундай улкан инновацион ўзгариш­лар, юқори технологияли инфратузилмани яратиш ва соҳага катта миқдордаги инвес­тицияларни йўналтириш натижасида янги Ўзбекистон тиббиёти минтақада стратегик аҳамиятга эга тиббиёт хабига айланиш учун реал имкониятга эга бўлди. Замонавий лабо­раториялар, супер компьютер кластерлари, роботлаштирилган операция хоналари, юқо­ри технологияли ихтисослашган марказлар барпо этилиши мамлакатга нафақат ўз эҳтиё­жини қондириш, балки қўшни давлатлардан юқори сифатли тиббий хизмат излаб келади­ган беморларни қабул қилиш имконини ҳам яратади.

Бу эса амалиётда бир нечта муҳим устун­ликка эга:

  • минтақада малакали кадрлар томони­дан амалга ошириладиган мураккаб опера­циялар ва юқори технологияли тиббий хиз­матларни тақдим этиш;
  • тиббий хизматлар орқали қўшимча қиймат яратиш ва соҳанинг иқтисодий сама­радорлигини ошириш;
  • тиббий туризмни ривожлантириш ҳи­собига мамлакатга валюта тушумларини кў­пайтириш;
  • миллий тиббиёт мактаби нуфузини ошириш, илмий тадқиқот салоҳиятини ку­чайтириш.

Тиббиёт соҳасини рақамлаштириш ва сунъий интеллектни кенг жорий этиш нафа­қат соғлиқни сақлаш тизимини модернизация қилади, балки мамлакат иқтисодиёти учун ҳам стратегик аҳамиятга эга бўлган янги қў­шимча қиймат занжирини шакллантиради. Янги Ўзбекистон тиббиёти ана шу интегра­цион ёндашув орқали Марказий Осиёнинг юқори технологик тиббиёт марказига айла­ниш йўлида изчил ва мустаҳкам қадамлар билан илгарилаб бормоқда.

Шуҳрат БОЙМУРОДОВ,

Тошкент давлат тиббиёт

университети ректори

Ҳамкорлик материали