Институционал ўзгаришлар узоқни кўзлаган стратегик сиёсат, тиббий инфратузилмани янгилаш ва юқори малакали кадрлар тайёрлашга қаратилган аниқ чора-тадбирлар натижасидир.
Халқаро стандартлар асосида ташхис ва даволаш протоколлари жорий этилиб, юқори технологияли клиникалар ҳамда ихтисослашган марказлар барпо этилмоқда. Сунъий интеллектга асосланган рақамли диагностика тизимлари ташхис аниқлигини кескин ошириб, шифокорлар юкламасини камайтирмоқда. Жумладан, маммография, КТ ва МРТ каби йўналишларда сунъий интеллект платформаларининг 98 фоизга яқин ишончлилиги амалиёт самарадорлигини сезиларли оширмоқда.
Тиббий таълимда ҳам модернизация давом этиб, олийгоҳлар сунъий интеллектга асосланган ўқув платформаларига ўтмоқда, илмий марказлар эса юқори технологияли лабораториялар билан таъминланмоқда. Nvidia компанияси билан ҳамкорликда қурилаётган супер компьютер кластери ва лабораториялар юртимизда тиббиёт илмининг янги йўналишларини ривожлантириш учун муҳим замин яратади.
Яна бир инновацион жиҳат — тиббий туризмнинг ўсиши, хорижий беморлар учун юқори сифатли хизматлар таклиф этаётган замонавий клиникалар кўпайиши мамлакатимизни минтақада рақобатбардош тиббиёт марказига айлантирмоқда. Технологик тараққиёт шундай суръатда давом этса, Ўзбекистоннинг тиббиёт хаби сифатидаги нуфузи яқин истиқболда мустаҳкамланиши табиий.
Президентимизнинг сунъий интеллект бўйича халқаро форумдаги нутқида нафақат сунъий интеллектнинг бугунги аҳамияти, балки унинг келажакда иқтисодиёт, илм, таълим, тиббиёт ва ижтимоий ҳаёт учун қандай трансформация кучига айланиши мумкинлиги чуқур таҳлил асосида баён этилди.
Давлатимиз раҳбари ёшлар томонидан яратилган сунъий интеллект лойиҳалари билан танишар экан, ахборот технологияларининг мамлакат барқарор тараққиёти, миллий иқтисодиёт рақобатбардошлигини ошириш ва глобал инновацион жараёнларда муносиб ўрин эгаллашдаги ҳал қилувчи аҳамиятини алоҳида таъкидлади. Юртимизда амалга оширилаётган рақамли ислоҳотлар, миллий СИ стратегиясининг қабул қилиниши, сармоя ортиши, замонавий таълим дастурлари ва ўқув лабораториялари ташкил этилиши янги Ўзбекистоннинг илмий-технологик қудрати тобора ортиб бораётганидан далолат беради.
Сунъий интеллект технологияларининг инсон ҳаётига энг тез ва самарали таъсир кўрсатаётган йўналишларидан бири тиббиётдир. Бугун рақамли диагностика тизимлари жорий этилиши натижасида юртимизда 50 мингдан ортиқ беморга сунъий интеллект ёрдамида аниқ ташхис қўйилгани, бу жараён вақти бир неча кундан соатларга қисқаргани, шифокорлар юкламаси кескин камайгани соҳа имкониятлари қанчалик кенгайганини яққол кўрсатади. Маммография, онкология ва кардиологияда сунъий интеллект платформалари томонидан берилган хулосаларнинг 98 фоизи шифокорлар томонидан тасдиқлангани ушбу технологиянинг ишончлилиги, илмий асослангани ва амалий қийматини янада мустаҳкамлайди. Хусусан, Қорақалпоғистондаги “Саломатлик марафони” доирасида маммография текширувларининг 70 фоизи маҳаллий СИ платформалар орқали таҳлил қилиниши, ташхис қўйиш вақтининг 5-7 баробар қисқариши рақамли тиббиёт келажаги нақадар улкан эканини кўрсатди.
Сунъий интеллектнинг бундай ютуқлари тиббий амалиётни замонавий даражада индивидуаллаштириш, хавф омилларини олдиндан башорат қилиш, касалликлар динамикасини реал вақт режимида кузатиб бориш ва жамият саломатлигини стратегик бошқариш имкониятини яратмоқда. Инсон қадри ва халқ манфаатлари устувор бўлган бугунги ислоҳотлар жараёнида тиббиётни диверсификациялаш нафақат даволаш самарадорлигини оширади, балки профилактика, яъни касалликларнинг олдини олиш тизимини ҳам янги босқичга олиб чиқади. Шу сабабли сунъий интеллект эндиликда тиббий билим, рақамли маълумотлар таҳлили, клиник қарор қабул қилиш ва лаборатория тадқиқотларини автоматлаштиришнинг асосий омилига айланмоқда.
Президентимиз томонидан эълон қилинган “5 миллион сунъий интеллект етакчилари” дастури айнан СИ соҳасида малакали кадрларни тизимли равишда тайёрлаш, олий ва умумий таълимда сунъий интеллект саводхонлигини кучайтириш, мактабдан тортиб, университетгача ягона илмий-инновацион экотизим яратишни назарда тутади. Замонавий лабораториялар, ташкил этиладиган супер компьютер кластери, халқаро тажриба алмашиш платформалари, иқтидорли ёшлар учун танловлар ва стажировкалар — буларнинг барчаси мамлакатимизни нафақат технологиялар истеъмолчиси, балки уларни яратувчи, экспорт қилувчи ҳамда жаҳон миқёсида рақобатлаша оладиган марказга айлантириш йўлидаги улкан қадамлардир. Айниқса, тиббиёт соҳасида сунъий интеллект технологияларига асосланган махсус лабораториялар ташкил этилиши катта аҳамиятга эга. Бундай лабораториялар клиник маълумотларни интеллектуал таҳлил қилиш, рақамли диагностика алгоритмларини яратиш, илғор нейротармоқ моделлари ва машинали ўрганиш технологияларини маҳаллий шароитга мослаштириш, тиббий тасвирларни автоматик таниб олиш, фармакологияда индивидуал даволаш моделларини ишлаб чиқиш каби йўналишларда юртимизнинг илмий салоҳиятини янги босқичга олиб чиқади. Бу эса мамлакат тиббиётини рақобатбардош, тезкор, инновацион ва юқори самарали тизимга айлантириш имконини беради.
Сунъий интеллектни таълим, фан, ишлаб чиқариш ва тиббиёт билан чуқур интеграция қилиш стратегик заруратдир. Чунки СИни фақат технология сифатида эмас, балки илм- фаннинг янги парадигмаси, миллий тараққиётнинг асосий драйвери ва инсон саломатлигини асрашда кучли восита сифатида кўриш вақти келди. Унинг имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш учун кадрлар тайёрлаш тизими, замонавий инфратузилма, тажрибали мутахассислар, лабораториялар, рақамли маълумотлар базаси, илмий ҳамкорлик ва халқаро тажриба алмашуви каби унсурлар ягона мақсад сари уйғун ҳолда ишлаши лозим.
Аждодларимиз илм яратган. Биз эса уни давом эттириш, замонавий технологиялар билан бойитиш, янги илмий йўналишларни кашф қилиш, мамлакатимизни интеллектуал салоҳият жиҳатидан янги поғонага кўтариш ва келажак авлодга мазмунан бой, илмий асосли, замонавий тафаккурга эга мерос қолдириш масъулиятини зиммамизга олган авлодмиз. Илм — боқий дарё, оқими тўхтамайди. Бизнинг вазифамиз унинг соҳилларини кенгайтириш, уни янги манбалар билан бойитиш ва инсон ҳаёти ҳамда жамият тараққиёти учун янада катта фойда келтиришдир.
Сунъий интеллект инсон ақлининг мантиқий қонуниятлари ва таҳлил қилиш хусусиятини алгоритмлар орқали қайта тиклаб, катта ҳажмдаги маълумотлардан мустақил ўрганиб борадиган интеллектуал тизим бўлиб, у замонавий “исботланган тиббиёт”нинг янги босқичини шакллантирмоқда. Илгари шифокор, айниқса, мураккаб операцияга киришишдан аввал, асосан, тажрибаси, устозлари кўрсатмалари ва чегараланган клиник маълумотларга таянган. Инсон тажрибаси қанчалик бой бўлмасин, унинг хотираси, диққат имконияти ҳамда таҳлил қилиш қуввати муайян даражада чекланган.
Сунъий интеллект эса инсон имкониятларини чексиз маълумотлар манбалари билан тўлдириб, клиник қарор қабул қилиш жараёнини юқори аниқлик даражасига кўтаради. Чунки СИ миллионлаб беморлар тарихи, минглаб клиник тадқиқотлар, рентген, МРТ, УТТ каби тасвирлар, лаборатор таҳлиллар, биологик кўрсаткичлар ва ўхшаш операциялар натижаларини бир вақтнинг ўзида таққослаб, улардан қонуниятларни аниқлайди ва шифокорга илмий асосланган хулосаларни тақдим этади. Бу жараён инсон тафаккури учун ниҳоятда мураккаб ва йиллар талаб этадиган вазифаларни бир неча сония ёки дақиқаларда бажариш имконини беради.
Шу сабабли сунъий интеллект “исботланган тиббиёт”нинг мантиқий давомига айланди. “Исботланган тиббиёт” ҳар бир клиник қарорни илмий далиллар, статистик таҳлил ва тажрибага таянган ҳолда қабул қилишни талаб этади. Сунъий интеллект айнан шу далиллар базасини кескин кенгайтириб, уни аниқ, холис ва тизимли таҳлил қилишга ёрдам беради. Инсон кўзи илғай олмайдиган нозик белгиларни, тўқима тузилишидаги микроўзгаришларни, хавфсиз операция йўлини ёки асорат хавфи юқори бўлган нуқталарни олдиндан аниқлаб, шифокорга тавсия қилади. Масалан, жарроҳлик амалиёти олдидан сунъий интеллект асосида тузилган 3Д моделлаш тизимлари органларнинг аниқ жойлашувини, қон томирлари тармоғининг индивидуал тузилишини кўрсатади ва операция тактикаси учун энг оптимал вариантни танлаш имконини беради. Маммография ва онкологияда эса сунъий интеллект мураккаб тасвирларда шифокор кўзи қийинчилик билан ажрата оладиган микроскопик ўзгаришларни ҳам аниқлай олади.
Бундай илмий асосланган, юқори аниқликка эга хулосалар шифокор ишини енгиллаштирибгина қолмай, беморга кўрсатиладиган тиббий хизмат сифатини ҳам сезиларли даражада оширади. Ташхис қўйиш вақти қисқариши, операция хавфи камайиши, даволаш жараёни индивидуал тус олиши, касалликларни эрта босқичда аниқлаш имкониятлари кенгайиши сунъий интеллектнинг амалий устунликларини яққол намоён этади. Унинг энг муҳим жиҳатларидан яна бири шундаки, чарчамайди, диққатини йўқотмайди, ҳиссиёт таъсирида қарор қабул қилмайди ва ҳар бир таҳлилни бир хил барқарор аниқлик билан бажаради.
Хулоса қилиб айтганда, сунъий интеллект тиббиётда клиник қарорлар қабул қилишни илмий далиллар билан мустаҳкамлайди, шифокор имкониятларини миллионлаб клиник тажрибалар асосида шаклланган интеллектуал база билан бойитади. У шифокор ўрнини эгалламайди, аммо унинг касбий салоҳиятини кенгайтиради, инсон омилига боғлиқ хатоларни минималлаштиради ва замонавий тиббиётни юқори аниқлик, тезкорлик ва самарадорликка асосланган янги босқичга олиб чиқади. Шу боис, сунъий интеллектни ўрганиш, уни клиник жараёнларга чуқур интеграция қилиш ва унинг имкониятларидан тўлақонли фойдаланиш бугунги куннинг энг долзарб илмий ҳамда амалий талабларидан бирига айланди. Бироқ бу жараён фақат тиббиёт ичидаги ислоҳотлар билангина чекланмайди. Бундай улкан инновацион ўзгаришлар, юқори технологияли инфратузилмани яратиш ва соҳага катта миқдордаги инвестицияларни йўналтириш натижасида янги Ўзбекистон тиббиёти минтақада стратегик аҳамиятга эга тиббиёт хабига айланиш учун реал имкониятга эга бўлди. Замонавий лабораториялар, супер компьютер кластерлари, роботлаштирилган операция хоналари, юқори технологияли ихтисослашган марказлар барпо этилиши мамлакатга нафақат ўз эҳтиёжини қондириш, балки қўшни давлатлардан юқори сифатли тиббий хизмат излаб келадиган беморларни қабул қилиш имконини ҳам яратади.
Бу эса амалиётда бир нечта муҳим устунликка эга:
- минтақада малакали кадрлар томонидан амалга ошириладиган мураккаб операциялар ва юқори технологияли тиббий хизматларни тақдим этиш;
- тиббий хизматлар орқали қўшимча қиймат яратиш ва соҳанинг иқтисодий самарадорлигини ошириш;
- тиббий туризмни ривожлантириш ҳисобига мамлакатга валюта тушумларини кўпайтириш;
- миллий тиббиёт мактаби нуфузини ошириш, илмий тадқиқот салоҳиятини кучайтириш.
Тиббиёт соҳасини рақамлаштириш ва сунъий интеллектни кенг жорий этиш нафақат соғлиқни сақлаш тизимини модернизация қилади, балки мамлакат иқтисодиёти учун ҳам стратегик аҳамиятга эга бўлган янги қўшимча қиймат занжирини шакллантиради. Янги Ўзбекистон тиббиёти ана шу интеграцион ёндашув орқали Марказий Осиёнинг юқори технологик тиббиёт марказига айланиш йўлида изчил ва мустаҳкам қадамлар билан илгарилаб бормоқда.
Шуҳрат БОЙМУРОДОВ,
Тошкент давлат тиббиёт
университети ректори
Ҳамкорлик материали