Маълум қилинишича, ҳолат божхона органлари ҳамда ДХХ Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари томонидан ўтказилган назорат тадбирлари давомида аниқланган.
Жорий йил 8 апрель куни Афғонистондан Ўзбекистон орқали Қозоғистонга транзит тарзда йўл олган юк автомобили текширувдан ўтказилган. Ҳужжатларга кўра, транспорт воситасида 4,1 тонна оғирликдаги 750 дона афғон қозонлари бўлган.
Транспорт воситаси Z-Portal инспекцион кўрик мажмуаси орқали текширилганда, айрим юкларда шубҳали ҳолатлар аниқланган. Шундан сўнг қозонлар қайтадан рентген орқали кўрикдан ўтказилган.
Қўшимча текширувлар давомида айрим қозонлар бошқаларига нисбатан қалинлиги ва шакли билан фарқ қилиши аниқланиб, улар махсус ускуналар ёрдамида очиб кўрилган.
Натижада 750 та қозондан 210 таси ичига яширин усулда жами 191 кг га яқин гашиш жойлаштирилгани маълум бўлди.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ушбу гиёҳвандлик воситаларининг қора бозордаги қиймати тахминан 5 млн АҚШ долларидан ошади.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.