Шу йилнинг 15–16 август кунлари Термиз шаҳрида “Ўзбекистон (Сурхондарё) – Хитой” халқаро инвестиция форуми бўлиб ўтди.
Унда Хитойнинг 120 дан ортиқ компания ва ташкилотларидан 350 дан зиёд вакил, шунингдек, қўшни Афғонистоннинг 46 та компаниясидан 100 дан ортиқ тадбиркор иштирок этди.
G2B ва B2B учрашувлари ҳамда музокаралари якунига кўра, умумий қиймати 6,2 миллиард доллар бўлган 63 та лойиҳа бўйича дастлабки инвестициявий келишувларга эришилди.
Келишувлар асосан қуйидаги йўналишларни қамраб олди:
— қурилиш материаллари ишлаб чиқариш — 11 та лойиҳа;
— тўқимачилик ва тикувчилик саноати — 8 та лойиҳа;
— кончилик саноати — 10 та лойиҳа;
— туризм, таълим, қурилиш ва савдо хизматлари — 13 та лойиҳа.
Форум Ҳукумат комиссиясининг топшириғига асосан, Бош вазир ўринбосари Жамшид Ходжаев раислигида ўтказилди.
Жамшид Ходжаевнинг таъкидлашича, форум доирасида инвесторларга Сурхондарё вилоятида умумий қиймати 10 миллиард долларлик 95 та истиқболли лойиҳа тақдим этилди. Учрашув ва музокаралар натижасида эса қиймати 6 миллиард доллардан зиёд бўлган 63 та лойиҳа бўйича дастлабки келишувларга эришилди.
“Эндиги вазифамиз — эришилган келишувларни янада пухта ишлаб чиқишни таъминлаш ва уларни амалда рўёбга чиқариш учун барча зарур шарт-шароитларни яратишдан иборат. Биз учун инвестициявий мулоқотнинг аниқ лойиҳаларга, янги ишлаб чиқариш қувватлари ва янги иш ўринларига айланиши принципиал аҳамиятга эга”, — деди у.
Форумнинг амалий қисмида Хитой компаниялари вакиллари Сурхондарёдаги йирик ишлаб чиқариш корхоналарига ташриф буюриб, мавжуд қувватлар, инфратузилма ҳамда янги инвестиция лойиҳалари билан бевосита танишди.