Мазкур бошқарма ходимлари учун замонавий қулайликларга эга бўлган икки қаватли янги бино қурилиб фойдаланишга топширилди. Шу муносабат билан уюштирилган тадбирда тизим ходимлари, кенг жамоатчилик вакиллари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Ҳозирги кунда Сурхондарё вилояти ИИБ хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси ходимлари камида 2-3 та хорижий тилларда мукаммал сўзлаша олади. Воҳа тарихи ва урф-одатлари ҳақида етарлича билимга эга ходимлар самарали фаолият олиб бормоқда. Уларнинг хизмат олиб боришлари учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида 4 та енгил автомашина, 5 та мотоцикл, 1 та автобус, 5 та скутер, 6 та сигвей каби замонавий транспорт воситалари ажратилган.

Термиз шаҳридаги “Юлдуз” маҳалласи ҳудудидан 2 қаватли замонавий жиҳозланган хизмат биноси қурилишига 7,5 миллиард сўм маблағ сарфланди. Ушбу бинода ситуацион марказ ташкил этилган. Бу ерда вилоят ҳудудига ташриф буюрувчи сайёҳлар томонидан келиб тушаётган мурожаатлар ўз вақтида қабул қилиниб, тегишли ёрдамлар кўрсатилади. Марказ вилоят ҳудудига ташриф буюраётган сайёҳларнинг хавфсизлигини тўлақонли даражада таъминлашга хизмат қилади.

Азимбек Самадов.