Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати ушбу беморлар билан суҳбатлашиб, уларнинг самимий таассуротларини ёзиб олди.
“Гемодиализ муолажасини ўйласам, юрагим орқага тортади”
Сурункали буйрак етишмовчилиги билан касалланган беморларнинг кун тартиби, ҳаёт сифати бошқа беморларникидан тубдан фарқ қилади. Уларнинг аксарияти гемодиализ муолажасини олиб юришга мажбур.
Музработ тумани Музработ дарвоза маҳалласида яшовчи 27 ёшли Файзулло Чориев ана шундай беморлардан бири эди. Гарчи, ёш бўлса-да, гемодиализ олиш уни анча ҳолдан тойдирганди. Тўғри-да, ҳар уч-тўрт кунда 4-5 соатлик оғир муолажа ҳар қандай инсонни қийнаши аниқ.
Шундан сўнг бутунлай соғайиб кетсангу хўп-хўп, аммо касаллик яна қайта безовта қилаверса, тушкунликка тушиб қолиш ҳеч гап эмас.
Қувонарлиси, Сурхондарё вилоятида бўлиб ўтаётган соғломлаштириш акцияси Файзуллога ўхшаган қанчадан қанча беморларнинг оғир дарддан бутунлай соғайиши учун ажойиб имконият яратди.
— Бундан тўрт-беш ой аввал қон босимим кўтарилиб, бошим қаттиқ оғирийдиган бўлиб қолди, — деди Ф. Чориев. — Ҳатто, оғриқнинг зўридан тўшакка михланиб қолдим. Гемодиализ олишни ўйласам, ҳали ҳам юрагим орқага тортади.
Бу орада Тошкентдаги академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказига бордик. Тиббий текширувлардан сўнг менда ўткир буйрак етишмовчилиги аниқланди.
Шифокорлар зудлик билан операция қилиш лозимлиги, бунинг учун донор кераклигини айтишди. Бироқ ушбу амалиёт жуда қиммат эканлигидан хабар топгач, чорасизликдан нима қилишни, қаердан нажот кутишни билолмай қолдим.
Вилоятимизда ўтказилаётган соғломлаштириш акцияси эса қалбимга яна умид бағишлади. Пойтахтдан келган малакали жарроҳлар икки кун аввал менга буйрак кўчириб ўтказишди.
Ҳозир ўзимни яхши ҳис қиляпман. Шифокорларнинг айтишича, яқин кунларда яна соғлом ҳаётга қайтарканман. Бунинг учун уларга, қолаверса, менга бир буйрагини берган жон жигарим — меҳрибон акамга ўз миннатдорлик билдираман.
“Норғулдек ўғлингни касалликдан сўлиб бораётганини кўриш оғир”
Вилоятда ўтказилаётган соғломлаштириш акцияси доирасида ангорлик 35 ёшли Абдулла Тўраевда ҳам мураккаб буйрак кўчириш амалиёти муваффақиятли бажарилди. Донор ҳам бегона эмас — унга отаси, 62 ёшли Тожи Тўраев бир буйрагини берди.
— Кўз олдингда норғулдек ўғлинг дарддан сўлиб бораётганини кўриш оғир, — деди Т. Тўраев. — Шукр, барчаси ортда қолди. Насиб бўлса, тез кунда фарзандим яна соғлом ҳаётга қайтади. Бунинг учун тиббиёт ходимларидан миннатдорман.
Шифокорларнинг таъкидлашича, ушбу бемор бир неча йил гемодиализ муолажаси ёрдамида даволаниб келган. Айни вақтга келиб ташхис терминал босқичга ўтгани сабабли уни ҳаётга қайтаришнинг ягона усули сифатида буйрак кўчириб ўтказиш амалиёти тавсия этилган.
Ҳозир бемор А.Тўраев трансплантолог мутахассислар тиббий кузатуви остида бўлиб турибди. Унинг буйрак фаолияти тикланишида ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда. Шунингдек, беморга донорлик қилган отаси Т.Тўраевнинг саломатлиги ҳам кундан кун яхшиланиб боряпти.
Сурхондарёда соғломлаштириш акцияси давом этмоқда.