Гуруҳ аъзолари асосан спортнинг турли йўналишлари билан шуғулланувчи ёшлардан ташкил топган бўлиб, улар ўзларини ҳудуддаги «муаммоларни ҳал қилувчи» шахслар сифатида кўрсатишга уринишган.
Гуруҳга 1998 йилда туғилган Суннатилло Холмуродов етакчилик қилган. Унинг таркибида Элбек Каримов, Аслиддин Ибодов (муқаддам судланган), Азамат Давлатов, Жавоҳир Жўраев ҳамда Баҳриддин Жумаев каби бир туманда яшовчи шахслар бўлган.
Жиноий гуруҳнинг навбатдаги қонунбузарлиги Денов тумани тез тиббий ёрдам бўлимида юз берган. Маълум бўлишича, «Скода» ва «Kia» русумли автомашиналар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисасидан сўнг, гуруҳ аъзолари шифохонага етиб боришган. Уларнинг мақсади «Скода» ҳайдовчиси бўлган танишидан хабар олиш ҳамда иккинчи томон — «Kia» ҳайдовчисига жисмоний босим ўтказиш бўлган.
Шифохона ҳудудида жамоат тартибини қасддан бузиб, беморлар ва шифокорларнинг тинчини бузган ушбу шахслар, 2025 йил 6 январь куни тиббиёт ходими ва жабрланувчига тан жароҳати етказишган.
Ҳозирда гуруҳ аъзолари — С. Холмуродов, Э. Каримов, Б. Жумаев, А. Давлатов ва Ж. Жўраевлар ушланиб, уларга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган. Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.