Сурхондарё вилоятида 132 минг тоннадан ортиқ пиёз маҳсулоти сотувга тайёр ва уларнинг 20 минг тоннага яқини ички бозор талабидан ошиқроқ бўлган. Бундан ташқари 15 минг тоннага яқин пиёз тез кунларда пишиб етилиши кутилмоқда.

Бундай ҳолатда маҳсулотнинг таннархи килограмига 1000 сўм бўлишига қарамасдан, ялпи териб олиш нархи килограмига 1500 дан 500 сўмгача пасайиши мумкин. Уни сақлаш харажатлари таннархидан юқори бўлгани учун, маҳсулотларнинг ортиқча ҳажмини зудлик билан экспорт қилиш ва бунинг учун зарурий чоралар кўрилишини талаб этади.

Бунинг учун қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан қуйидаги ишлар амалга оширилмоқда:

 Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Экспортни рағбатлантириш агентлиги билан тайёр маҳсулотларнинг тижорат таклифларини тайёрлаш;

Ташқи ишлар вазирлиги ва элчихоналар билан хорижий ҳамкорларни излаш;

Транспорт вазирлиги билан темир йўл орқали ташиш учун вагонларни тайёрлаш.