Унинг билдиришича, бир эркак таниши бўлган аёлнинг номаълум шахс билан яқин муносабат акс этган видеотасвирларини телефонида сақлаётганини айтиб, уларни ижтимоий тармоқлар орқали қариндошлари ва танишларига тарқатиш билан таҳдид қилган.
Шу йўл билан у видеоларни ўчириш ва тарқатмаслик эвазига 6 000 АҚШ доллари талаб қилган, аввалдан эса 3 000 доллар беришни сўраган.
Мурожаат асосида Сурхондарё вилояти ИИБ Тезкор-қидирув хизмати, Жиноят-қидирув бошқармаси Уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бўлими ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати вилоят бошқармаси, шунингдек туман ИИБ ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилди.
Тадбир давомида ариза муаллифига холислар иштирокида талаб қилинган 3 000 АҚШ доллари ўрнига 1 000 доллар ва 18 миллион сўм миқдоридаги пул воситаларига махсус кимёвий ишлов берилди. Фуқаро кўрсатмасига кўра, ушбу маблағлар белгиланган манзилдаги умумий овқатланиш шохобчасида қолдирилди.
Пулни олиш учун келган шахс тезкор тадбир иштирокчилари томонидан ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Мазкур ҳолат юзасидан 11 февраль куни Денов тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 165-моддаси 2-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилди. Айни вақтда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.