Йўлларнинг қор билан қопланиши оқибатида маҳаллий аҳолининг туман марказларидаги бозорларга чиқиши ва кундалик эҳтиёж молларини харид қилиши муаммога айланди.

Муаммоларга дуч келган фуқаролар мурожаати эътиборсиз қолмади. Вилоят ҳокими Улуғбек Қосимовнинг топшириғига биноан, Олтинсой, Бойсун, Узун, Денов, Сариосиё ва Шеробод туманлари раҳбарлари чекка ҳудудларга йўл олиб, аҳолига озиқ-овқат ва бошқа зарурий ёрдамларни етказиб берилди, деб ёзади ҳокимлик ахборот хизмати.

Хусусан, вилоят раҳбари шахсан Олтинсой туманидаги Катта Вахшивор маҳалласида бўлиб, аҳоли ҳолидан хабар олди. Сўфи Оллоёр зиёратгоҳида ташкил этилган учрашувда фуқароларга бирламчи озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди. Шунингдек, бошқа туманларнинг бориш қийин бўлган қишлоқларида сайёр қабуллар ўтказилиб, бозорларга бориш имкони бўлмаган аҳоли учун махсус кўчма савдо нуқталари ташкил этилди.

Тадбирлар давомида фақат моддий ёрдам эмас, балки инфратузилма масалалари ҳам кўриб чиқилди. Шеробод туманининг Ҳамкон қишлоғи аҳолисидан тушган мактаб биноси бўйича мурожаат жойида ўрганилиб, эски бинонинг том қисми қулаганига қарамай, ўқув жараёни янги мактабда давом этаётгани маълум қилинди. Мутасаддилар об-ҳаво яхшиланиши билан эски бинони таъмирлашга ваъда беришди. Айни пайтда тоғли ҳудудлардаги йўлларни қордан тозалаш ва аҳоли билан доимий мулоқот тизими йўлга қўйилган.