Сувни ҳаётимиз манбаига қиёс этамиз. Бу ноёб неъматни қадим аждодларимиз ҳам муқаддас билиб, жуда қадрлаган. Нафақат инсониятнинг яшаш тарзи, балки бутун мавжудот оламининг яшнатувчиси ва яшартирувчиси ҳам сув эканлиги барчамизга кундай равшан. Алалхусус, таърифу тавсифнинг бундан-да ортиқ изоҳи бўлмаса керак.
Шарқ ва ғарб ҳакимлари сувни “ҳаловат манбаи” ёки “саломатлик маликаси”га қиёс этганлар. Уларнинг айтишларича, сув баданни пок қилибгина қолмай, балки терининг “кўзи”ни очади. Сув таъсиридан бош мия ҳушёр тортади, чуқур нафас олади, юрак дадил уради, мушаклар таноби тортилади.
Афсуски, тоза ичимлик сувининг беҳуда нобуд бўлаётганини ҳар қадамда кўрганмиз ёки эшитганмиз. Негадир бунга жиддий эътибор ҳам бермаймиз ва “менга нима” қабилида иш тутамиз. Бироқ бу лоқайдликларимиз эртага қимматга тушишини хаёлимизга ҳам келтирмаймиз.
Шуни ҳам алоҳида эътироф этиш жоизки, бугунги кунда жаҳон матбуоти чучук сув муаммоси энг долзарб масалалардан бири бўлиб қолаётгани хусусида бонг урмоқда. Чучук сув заҳиралари йилдан-йилга камайиб бораётгани, аҳолининг истеъмол сувига бўлган талаби кун сайин ошаётгани туфайли танқислик келиб чиқаётгани ҳақида ёзишмоқда. Хориж матбуотида таъкидланишича, бундай ҳолат юзага келишининг асосий сабаби, ер юзининг 71 фоизини дарё ва океан сувлари ишғол қилган бўлса-да, ундаги чучук сув миқдори атиги 2,5 фоизни ташкил этар экан. Умуман олганда, ердаги сувнинг жами заҳираси 1385984610 куб км.ни ташкил қилади. Жами сувнинг 96,5 фоизи денгиз ёки океанларда бўлиб, шўр сувдан иборат.
Чучук сувнинг 70 фоизи муз қопламаларида, 30 фоизи эса тупроқдаги нам ёки олиш қийин бўлган ер ости қатламларида жойлашган. Ер юзида мавжуд бўлган чучук сув заҳираларининг бир фоизидан инсоният фойдаланиши мумкинлиги манбаларда қайд этилган.
Холисанилло айтганда, тоза ичимлик суви муаммоси мамлакатимизни ҳам четлаб ўтгани йўқ. Республикамизнинг айрим жойларида истеъмолга яроқли бўлган сувнинг танқислиги ҳозирданоқ сезилмоқда.
Дарвоқе, тоза ичимлик суви ҳақида гап кетар экан, бу бебаҳо неъматдан оқилона фойдаланиб, уни тежаш хусусида республикамиз матбуотида долзарб мақолалар чоп этиляпти. Радио-телевидение ҳам бефарқ қараб тургани йўқ. Бироқ бу чиқишлар назаримизда ҳали етарлича эмасдай ёки ёки унинг самараси беҳуда кетаётгандай туюлади. Хусусан, оммавий ахборот воситаларида айрим хонадон эгалари тарвузни совутиш мақсадида жўмракни катта очиб қўйиб, тоза ичимлик сувини нобуд қилаётгани ёки томорқасини суғоришда, ҳатто баъзи ҳайдовчилар машиналарни ювишда ҳам истеъмол сувларидан тартибсизларча фойдаланаётгани ҳақида ёзғиришди.
Албатта, хизмат тақозоси билан кўпгина корхона ва ташкилотларга кириб чиқишимизга тўғри келади. Таажжубки, ана шу муассасаларнинг ошхона ёки ювиниш хоналарига бирор юмуш билан кириб қолгудек бўлсак, ажиб манзарага дуч келган ҳолларимиз кўп бўлган. Бино ичидаги қувурларга ўрнатиб қўйилган жўмракларнинг носозлигидан иссиқ ёки совуқ сув беҳуда оқиб ётганини бир неча бор кузатганмиз.
Сув тақсимлагич идораларнинг мутасадди ходимларига ҳам жиндай эътирозимиз йўқ эмас. Ахир улар сувни беҳуда нобуд бўлишига йўл қўяётган давлат ташкилотлари ёки хусусий корхоналарнинг раҳбарларини яхшигина жаримага тортсалар мақсадга мувофиқ бўлмасмикан? Ёки сув ўлчагич асбобларини ўрнатиб қўйиш шунчалар қийинмикан?!
Шунингдек, ариқ сувларини ифлосланишига йўл қўяётганларга ҳам назорат органлари томонидан кескин чоралар кўриш керак. Бундай шахслар фақат маъмурий жавобгарликка тортилибгина қолмай, балки уларга жарима солинадиган бўлсин...
— Сув манбаларини ифлосланишдан муҳофаза қилишнинг энг яхши йўли марказлашган сув таъминотини ташкил қилишдан иборат. Очиқ сув ҳавзаларидан сув олинадиган жойни танлашда сувнинг ифлосланмаслиги, ҳавзага етарли миқдорда сув тушиб туришини, унинг атрофини тўсилганини ва қирғоқнинг бузилмаслигини ҳисобга олиш керак, — дейди таниқли олим И. Ильинский.
Она табиатга бўлган қалтис муносабатимизнинг салбий таъсири ўлароқ, сайёрамизнинг барча кенгликларида иқлим ўзгаришлари рўй бераётгани сезиляпти. Шунингдек, ўрмонлар билан қопланган майдонлар кескин қисқараётгани, сувлар, атмосфера ва литосферанинг ифлосланиши, ўсимлик ва ҳайвонларнинг айрим ноёб турлари йўқолиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас.
Шаҳарларни-ку қўя турайлик. Қишлоқ ва овулларда ҳам сувларни тежаб-асрашга бўлган муносабат кўнгилдагидек, деб бўлмайди. Табиийки, республикамиз аҳолисининг ярмидан кўпроғи қишлоқ жойларида истиқомат қилади. Шу боис, қишлоқ аҳолисининг аксарияти тоза ичимлик сувини олиш учун ариқ ва чашмалардан фойдаланади. Агар кузатаётган бўлсангиз, тоғлардан қуйи томон оқиб тушаётган ариқ ва сойларнинг сувлари йилдан-йилга камайиб бораётганига ишонч ҳосил қиласиз.
Эҳтимол, бу — тоғ ён бағрида ўсаётган дов-дарахтларнинг аёвсиз кесилаётгани сабаб табиатнинг аста-секин биздан ўч олаётгани эмасмикин? Мутахассисларнинг фикрича, одамзодни тоза, шаффоф оби ҳаёт билан таъминлашда тоғу адирларда ўсаётган дарахтларнинг-да аҳамияти беқиёс экан.
Ҳойнаҳой, тоғлардан жилдираб оқаётган чашмаларга кўзингиз тушгандир? Ниҳоятда зилол ва ширин, бир неча бор “фильтр”дан ўтиб, тошдан-тошга урилиб “пишган” бу шаффоф сувдан сипқорганмисиз? Агар кузатган бўлсангиз, арча ва бошқа дарахтлар кўп бўлган тоғ ёки адирдан эниб тушаётган сойнинг чашмасида сув мўлроқ, дарахт кам жойнинг чашмасида эса сув камроқ бўлади. Шундай экан, сердарахт ўрмонларимиз биологик сув тутгич вазифасини ҳам ўтабгина қолмай, ҳавонинг мўътадиллигини сақлашда ҳам асосий восита ҳисобланади. Ўрмонларнинг яна бир хусусияти сувнинг ер остига ўтиб кетишини, парланишини бирмунча камайтиради. Катта-кичик сойлар ҳажмини ривожлантириб, сув манбаини меъёрида сақлашга хизмат қилади.
Оддий мисол. Илгари, аниқроғи бундан 20-30 йил аввал Китоб туманининг шарқий қисмидан бошланадиган, тоғ ён бағридаги юзлаб чашма ва ариқ сувларидан таркиб топган Қашқа дарёси икки қирғоғини тўлдириб, ҳайқириб оққанича Амударёга қадар етиб борганига гувоҳ бўлганмиз. Дарё сувларидан нафақат Китоб тумани, балки Шаҳрисабз, Яккабоғ, Чироқчи, Қамашидан тортиб Қарши туманидаги деҳқонлар ҳам керагича фойдаланишган. Бугунги кунда айрим чашмаларнинг кўзи бекилиб қолганиданми ёки бошқа сабабми бутун бошли вилоятнинг номи билан аталадиган бу дарёнинг сувлари анча камайиб кетган.
Яна бир гап. Баланд тоғлардаги эгри-бугри ирмоқчалардан ўйноқлаб қуйи томон эниб тушаётган сувларга назарингиз тушгандир. Бундай тоза, шифобахш, бамисоли гавҳарни эслатувчи оби ҳаётдан бир ҳўплам бўлса-да, сипқорганмисиз? Зеро, халқимизда “Сувни бошланишдан ичган асал ютади, охиридан ичган заҳар ютади” деган гап бежиз тўқилмаган. Афсуски, сувлар қуйи томон қанчалик пастлаб оқавермасин, шунчалик ифлосланиб бораверади. Сабаби барчамизга аён.
Бу ҳам етмагандек, ер ости сувлари ҳам йилдан-йилга камайиб бораяпти. Назаримизда бу ҳол артезиан қудуқлари орқали олинаётган сувлардан ҳам самарасиз фойдаланиш оқибати бўлса керак.
Сув мўл бўлган жойларнинг иқлими ҳамиша мўътадил бўлган. Чунончи, сув ҳавзалари, ариқ ва сойлар ўтган ҳудудлар ҳамиша обод ва кўркам бўлишидан ташқари, экологик жиҳатдан ҳам софлигича қолади. Сувсиз жойлар эса... буёғи ўзингизга маълум. Шу боис, дам олиш оромгоҳлари, санаторийлар ва бошқа кўнгилочар иншоотлар ана шундай баҳаво, салқин ҳудудларда барпо этилади. Тоза ҳаводан баҳра олган организм анча тетиклашиб, фаоллиги янада ошиши барчамизга маълум.
Шунинг учун ҳам жаҳон оммавий ахборот воситалари экологик мувозанат йилдан-йилга ёмонлашиб бораётгани, бунга асосан ўзимиз сабабчи бўлаётганимиз хусусида куюниб ёзаётгани бежиз эмас.
Мутахассисларнинг фикрига кўра, ҳар йили ер қаъридан 100 миллиард тонна фойдали қазилмалар ва табиий газ, 2 миллиард тонна кўмир қазиб олинмоқда. Далаларга 92 миллион тонна маъданли ўғит ва 2 миллион тонна заҳарли химикат сепиляпти. Атмосфера ҳавосига 200 миллион тонна углерод оксиди, 50 миллион тонна углеводород, 146 миллион тонна олтингугурт диоксиди, 53 миллион тонна азот оксиди, 250 миллион тонна чанг чиқарилади. Сув ҳавзаларида 32 миллиард тонна куб метр тозаланмаган сув ташлаб юборилаётган бўлса, дунё океанларига ҳар йили 10 миллион тонна нефть оқиб тушади. Ҳар йили 6-7 миллион гектардаги тупроқ зироатчилик учун яроқсиз ҳолга келмоқда.
Сўнгги маълумотларга қараганда, ҳозирги кунда дунё аҳолисининг учдан бир қисми сув заҳиралари етишмаслиги сезилмайдиган ёки қисман сезиладиган мамлакатларда яшайди. 2025 йилга бориб дунё аҳолисининг учдан икки қисми юқоридаги муаммо билан тўқнаш келиши тахмин қилинмоқда. 1990 йилнинг ўрталаридан бошлаб дунё аҳолисининг 40 фоизи яшайдиган 80 га яқин мамлакат сув тақчиллигидан азият чека бошлаган. Ер шарида истиқомат қиладиган 1,1 миллиард киши ёки жами аҳолининг 18 фоизи тоза сув олиш, 2,2 миллиард киши эса канализация тизимларидан фойдаланиш имкониятига эга эмас. Бу асосан Осиё ва Африка қитъасига тегишли муаммодир. Тоза ичимлик сувининг тақчиллиги ёки йўқлиги натижасида турли юқумли касалликлар пайдо бўлмоқда ва йилига 3-5 миллиондан ортиқ киши мана шу касалликлар туфайли ҳаёт билан видолашмоқда.
Биз юқорида санаб ўтган рақамларни чакки келтирмадик. Бундан ҳар биримиз огоҳ бўлишимиз, етарли хулоса чиқаришимиз жоиз. Шунга ўхшаш муаммолар республикамизнинг ҳам айрим ҳудудларини четлаб ўтгани йўқ. Мамлакатимиз жўғрофий жойлашувига кўра, иссиқ минтақалар сирасига киради. Аҳоли сонининг йил сайин ортиб бориши, саноатнинг кескин ўсиши, қишлоқ хўжалигининг ривожланиши сувга бўлган эҳтиёжнинг янада ошишига сабаб бўлмоқда.
Таъкидлаш жоизки, ҳукуматимиз томонидан томчилатиб суғориш тизимини ва сувни тежайдиган бошқа суғориш технологияларини жорий этишга оид амалга оширилаётган қатор чора-тадбирлар эътиборга молик ишлардандир.
Шунингдек, ягона уммонимиз — Орол денгизи муаммоси ҳам барчамизни ташвишлантирмай қўймайди. 1992 йили Орол денгизи минтақаси БМТ томонидан “Экологик ҳалокат ҳудуди” деб эълон қилингани бежиз эмас. Айни пайтда Орол денгизи муаммосини бартараф этиш учун зарур чора-тадбирлар изчил давом эттирилмоқда.
Ҳолбуки, она-табиатга бўлган ҳар қандай номутаносиб хатти-ҳаракатлар иқлим ўзгаришига ҳам салбий таъсир кўрсатмасдан қолмайди.
Пировардида шуни ҳам алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиманки, тоза ичимлик сувини беҳуда нобуд қилаётган шахсларга нисбатан кескинроқ чоралар кўриш вақти аллақачон етган. Ахир ҳар бир нарсанинг ҳам ҳисоб-китоби, чеки-чегараси бор. Истеъмол сувлари ҳам битмас-туганмас хазина эмас. “Нимани хор қилсанг, шунга зор бўласан”, деган нақл бежиз айтилмаган. Шу боис, Оллоҳ инъом этган бебаҳо неъматнинг қадрига етиш ҳар бир инсон учун ҳам қарз, ҳам фарздир.
Азамат СУЮНОВ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси