Келгуси беш йилда соҳага 40 триллион сўм инвестиция жалб этилиб, ичимлик суви таъминотини 90 фоиз, оқова сув тизими қамровини 35 фоизга етказиш режалаштирилган. 2022 йилда ушбу мақсадлар учун 2 триллион сўм бюджетдан ажратилиб, 245 миллион доллар йўналтирилади. Асосий эътибор сув таъминоти ва сифати паст ҳудудларни ривожлантиришга қаратилади.

Сурхондарё вилояти ҳам ана шундай ҳудудлар сирасига киради. Бу ерда марказлашган тармоқлар орқали тоза ичимлик суви билан таъминлаш даражаси ҳали олтмиш фоизга ҳам етмаган. Мазкур муаммони ҳал этишда Президентимизнинг ўтган йил 1-2 июнь кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи давомида илгари сурилган ташаббус муҳим ўрин тутади. Унга кўра, бугунги кунда ҳудуд аҳолисининг ичимлик сувга бўлган эҳтиёжини “Тўполанг” сув омбори ҳисобидан таъминлаш лойиҳаси амалга ошириляпти.

СУВ ҲАМ НУР, ҲАМ ДУР

Сурхондарёдаги Тўпаланг сув омбори Сариосиё тоғларидан оқиб тушган сувларни бир жойга тўплаш натижасида вужудга келган. Ўзига хос табиати ва баланд тоғлар қуршовидаги ушбу катта гидроиншоот бу ерда яшовчи аҳоли учун энг зарур манба ҳисобланади. Денов, Шўрчи, Қумқўрғон туманларидаги экинзорлар мазкур сув омбори орқали суғорилса, унинг қуйи қисмидаги ГЭСлар қуввати вилоятнинг жанубий ҳудудларини электр энергияси билан таъминлайди.

“Тўпаланг” ГЭС 2006 йилда ишга тушган. Бу ерда ҳар бири 15 мегаватт бўлган иккита агрегат ишлаб турарди. Бундан беш йил олдин Президентмиз топшириғига мувофиқ, аввалига Тўпаланг сув омбори тўғони 20 метрга кўтарилди. Натижада, унинг сиғими 380 миллион куб метрдан 500 миллионга етказилди.

—Давлатимиз раҳбари 2019 йил баҳорида ушбу объектдаги модернизация жараёни билан танишар экан, биринчи ва иккинчи гидроагрегатларни қуриш бўйича топшириқлар берган эди, — дейди “Тўпаланг” гидро электр станцияси раҳбари Асрор Улуғов. — Айни кунларда ҳар бири 72,5 мегаваттли иккита гидроагрегатни қуриш ишлари ниҳоясига етмоқда. Улар ишга туширилгач, 175 мегаватт қувватга эга бўлади. Шу тариқа, "Тўпаланг" ГЭСи мамлакатимиздаги "Чорвоқ" ГЭСидан кейинги иккинчи ўриндаги станцияга айланади.

Бундан беш йил илгари Тўпаланг дарёсида бор-йўғи 30 МВт энергия ҳосил қилинган бўлса, тез орада бу  қувват қарийб олти баробарга ошади. Сув омборидан пастда бири биридан унча узоқ бўлмаган “Зарчоб-1” ва “Зарчоб-2” гидроэлектр станциялари ишга тушди. Бу билан Тўпаланг дарёсида қурилган ГЭСлар 3 тага етиб, уларнинг умумий қуввати 105,6 МВтни ташкил этмоқда. Бу йилига ўртача 300 млн. кВт.соат электр энергияси ишлаб чиқариш имконини беради.

Лекин, бу кўрсаткич дарёнинг гидроэнергия салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш дегани эмас. Ундан қўшимча қувватлар олиш имконияти ўрганилиб, қуйи қисмида 16 МВтли навбатдаги станцияни қуриш мўлжалланмоқда. Бундан ташқари, келажакда Тўполанг дарёсининг асосий ирмоқлари ҳисобланган Киштутда қуввати 50 МВт ва Мизотда 25 МВт бўлган ГЭСлар қуриш лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилган. Улар ишга тушгандан сўнг, ГЭСлар сони жами 6 тага етиб, умумий қуввати 341,6 МВт ни ташкил қилади, йиллик электр энергия ишлаб чиқариш кўрсаткичи эса 1 миллиард  кВт соатдан ошади.

Сурхондарё вилоятида фойдаланиладиган сув ресурсларининг умумий ҳажми йилига 4270 миллиард куб метрни ташкил қилади. Бунда асосий кўрсаткичлар Амударё, Сурхондарё дарёлари ҳамда Тўполанг сув омбори ҳиссасига тўғри келади.

— Президентимизнинг топшириғи ижросини таъминлаш мақсадида, энг аввало, бош лойиҳачи “Гидропроект” АЖ томонидан Тўполанг сув омборидан вилоят ҳудудларига ичимлик сувини етказиб бериш лойиҳаси концепцияси ишлаб чиқилди, — дейди “Ўзбекгидроэнерго” АЖ бошқаруви раиси, сенатор Абдуғани Сангинов. — Унга мувофиқ,  Қумқўрғон, Бандихон, Қизириқ, Шеробод, Жарқўрғон, Музработ, Ангор, Термиз туманлари ҳамда Термиз шаҳри аҳолисига марказдашган ичимлик сув етказиб бериш яхшиланади. Денов ва Шўрчи туманларининг обиҳаёт тармоғи етиб бормаган ёки ниҳоятда кам бўлган аҳоли масканларига ҳам  тортиб борилади.

Бундан кўзланган асосий мақсад – аҳолини сифатли ичимлик суви билан таъминлаш, коммунал турмуш шароитларини янада яхшилаш, туман марказлари ва қишлоқ аҳоли пунктларида кишилар саломатлигини мустаҳкамлашдан иборат. Лойиҳани ўз вақтида ва сифатли бажаришда бош лойиҳачи “Гидропроект” АЖ билан Туркиянинг етакчи “ART Environmental Technologies LTD”компанияси ҳамкорлик қилмоқда. Бу компания сув қувурлари, тозалаш иншоотлари, насос ва канализация станцияларини лойиҳалаштиришга ихтисослашган бўлиб, халқаро миқёсда ҳам катта нуфузга эга.

Лойиҳа доирасида Ўзбекистон сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институти Тўполанг сув омборидаги сувнинг ҳолати ва таркибини текширди. Илмий тадқиқотлар  унинг экологик тоза, ичиш учун  яроқли ҳамда таркибий жиҳатдан инсон организми учун қатор фойдали бўлган минерал хоссаларга эгалиги аниқланди. Бу эса сувнинг нафақат қишлоқ хўжалигида, балки ичимлик сифатида ҳам юқори қийматга эга эканлигини кўрсатади.

Шундай кезда, халқимизнинг сувни ҳам нур, ҳам дур, деб бежиз айтмаслиги ёдга келади.

ЯҚИН ИСТИҚБОЛ ИМКОНИЯТЛАРИ

Айни пайтда Тўполанг сув омборидан вилоят ҳудудларига ичимлик сувини етказиб бериш лойиҳаси бўйича ишлар қизғин давом этяпти. Унинг доирасида 360 километрдан ортиқ масофага сув қувурларини тортиш учун маҳаллий ва хорижлик мутахассислар жалб этилган. Биринчи босқичда унинг уланиш нуқтаси аниқланиб, асосий сув қувурининг тақсимот тугунлари билан уйғунлашган режаси ишлаб чиқилди.  Кўрилаётган чора-тадбирлар аҳолининг истиқболдаги ўсишини ҳисобга олган ҳолда амалга ошириляпти.

—Яқин истиқболнинг 20 йиллик таҳлилий прогнозларига кўра, Сурхондарё вилоятининг аҳолиси доимий равишда ўсиб, ичимлик сувига бўлган эҳтиёж ҳам муттасил ортиб боради, — дейди Олий МажлисҚонунчилик палатаси депутати Ғайрат Сафаров. — Бу борада вилоятнинг ҳар бир тумани бўйича таҳлилий ҳисоб-китоблар тайёрланган. Мисол учун, ҳозирда Ангор тумани аҳолиси 134 мингдан кўпроқ бўлса, 2040 йилга бориб  қарийб 163 мингга етиши кутилмоқда. Бу эса ана шу муддатда ичимлик сувига бўлган талаб 960,31 куб метр секундни ташкил этишидан далолат беради.

Бандихон туманида ҳам талабнинг ана шундай ўсишини кузатиш мумкин. Ҳозирда 77 мингдан кўпроқ аҳоли яшаётган ҳудудда  орадан йигирма йил ўтиб, улар сони 93 минг нафардан ошиши кутилмоқда. Натижада ичимлик суви истеъмоли 501,45 куб метр секундни тақозо этади.

Умумлаштирадиган бўлсак, лойиҳадан ўрин олган туман ва шаҳарлар аҳолиси 2040 йилга келиб, 2 415 804 нафарни ташкил қилади. Ичимлик суви истеъмоли ҳажми эса ўртача 14 08016 куб метр секундга ортади.

Бу эса, амалга ошираётган лойиҳанинг Сурхондарё вилояти аҳолисини ичимлик сувига бўлган эҳтиёжини таъминлашда нақадар муҳим аҳамиятга эга эканлигини кўрсатади. Унинг якунида 11 мингдан ортиқ хонадонда яшовчи 44 минг нафардан зиёд инсонларни илк марта ичимлик сув билан таъминлаш имконияти юзага келади. 18 минг 805 хонадонда яшаётган 75 мингдан зиёд кишининг бу борадаги таъминоти тубдан яхшиланади. Натижада   вилоят аҳолисини марказлашган тоза ичимлик суви билан таъминланиш даражаси 70 фоиздан ошади. Қолаверса, 945 та хонадон ёки 4 мингга яқин аҳолининг оқова сув қувури тизимига уланишига имкон яратилади.

 Ана шундай эзгу мақсад йўлида амалга оширилаётган ишларнинг барчаси 2024 йилда ниҳоясига етказилиши мўлжалланган.  
Унинг умумий қиймати 138 миллион доллар бўлиб, 1,5 миллион аҳолининг  ичимлик сувга доир муаммоларини тўлиқ ҳал этиши ҳисоб-китоб қилинган.            

МУРАККАБ ЖАРАЁНЛАРНИНГ ТЕХНЛОГИК ЕЧИМЛАРИ

Лойиҳани амалга ошириш жуда мураккаб технологик ечимларни тақозо этади. Бунинг учун, энг аввало, “Тўполанг” сув омборининг қуйи қисмида шиддат билан оқиб тушаётган сув босимини сўндириш, уни тозалаш ва тарқатиш иншоотларида  қурилиш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда. Мазкур қурилиш ишлари якунлангач, обиҳаёт асосий иншоотга қўйилади, кейин эса магистрал қувурга узатилади. Яъни, сув омборидан туманлардаги сув тақсимлаш тармоқларигача жами 361 километр узунликдаги қувурлар тортилади.

 — Бу ишларни амалга оширишда Россиянинг “Загорский трубный завод”и ва  “Тошкент қувур заводи” қўшма корхонаси МЧЖ томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлардан фойдаланилмоқда, — дейди лойиҳани амалга ошириш гуруҳи раҳбари  Сухроб Йўлдошев. —Ҳозирда Сариосиё – Термиз ичимлик суви тармоғи бўйича 28 километрига Д-1420 миллиметрли ҳамда Сариосиё тумани ички тармоғига 9,5 километрли Д-426, Д-325 ва Д-219 миллиметрли металл қувурлар ётқизиб бўлинди.

Сангардак дарёсидан ўтувчи қисмида узунлиги 161 метр бўлган дюкер, яъни  қувур шаклидаги босимли сув ўтказгични қуриш ишлари тугатилди. Жами қуриладиган 22 та сув тозалаш иншоотининг 15 тасида бир вақнинг ўзида қурилиш-монтаж, 4 тасида ишчи лойиҳаларини тайёрлаш ишлари олиб борилмоқда. Қолганларини юарпо этилишига доир режалар таҳлилдан ўтказилмоқда. Сув сақлаш ва тарқатиш иншоотлари бўйича Сариосиё туманида 3 та ва Деновдаги йирик ҳажмли резервуарни қуриш давом этяпти.

Умуман олганда, лойиҳа доирасидаги объектларда жами бажарилиши зарур бўлган 8 353 минг куб метр ер ишларининг қарийб  90 фоизи,  10,76 минг куб метрлик монолит бетон юмушларининг 80 фоизи амалга оширилди. Қурилиш-монтаж ишларига бугунги кунда 300 дан ортиқ машина-механизмлар ҳамда 600 нафардан зиёд инженер-техник ва ишчи-ходимлар жалб қилинган.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, лойиҳа асосида жорий йилда Сариосиё ва Денов, Олтиисой туманлари ичимлик суви билан таъминланса, кейинги йилда, Шўрчи, Қумқўрғон ва Жарқўрғон туманларига етказиб берилади.

— Элимизнинг сув келтиришнинг азизлиги ҳақидаги ҳикматлари кўп, — дейди Сариосиё тумандаги “Себзор” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Авазмурод Авазов. — Ана шулардан бирида бугунги кунда ҳудудимизда бўлаётган ишларга монанд: сув берсангиз элга, яшарсиз минг йилга, дейилади Ана шундай эзгу ташаббусни илгари сурган Президентимиз элимизнинг асрлар бўйи орзу қилиб келган ниятларини рўёбга чиқариб, минг-минглаб юртдошларимизни тоза ичимлик сувига бўлган эҳтиёжини таъминлаб беряпти. Бу лойиҳа наинки бугунги авлод, балки келажак ворисларининг ҳам яхши яшашлари кўзланганлиги билан қадри-қиммати янада катта. Шу боис  маҳаллаларда қай бир тадбир ёки оилавий гурунг борки, уларда ўзларининг миннатдорликларини дуои тилаклари орқали билдирмоқда Энг асосийси, ҳикматда айтилганидек, савоби минг йилликларга етадиган ишлар амалга ошмоқда.

Абдурауф ҚОРЖОВОВ,

иқтисодий шарҳловчи