Қарорга кўра, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда сув тежовчи технологияларни жорий этишни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қуйидаги тартиби жорий қилинади:
2027 йилдан ҳар йили сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкаси ва субсидиялар суғориладиган ер майдонларининг сув билан таъминланганлик ҳолатидан келиб чиқиб белгиланади:
- сув билан барқарор таъминланмаган ҳудудда жойлашган суғориладиган ер майдонларида сув тежовчи технологиялар жорий қилинганда, ажратиладиган субсидияларга 1,25 оширувчи коэффициент қўллаган ҳолда ҳисобланади;
- сув билан барқарор таъминланган ҳудудда жойлашган суғориладиган ер майдонларида сув тежовчи технологиялар жорий қилинмаганда, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкаси 2 баробар оширилган миқдорда қўлланилади.
2027 йилдан шоли етиштириладиган майдонларнинг сувнинг кириш қисми ҳамда балиқчилик хўжалиги ташкил қилинган ер майдонларининг сувнинг кириш ва чиқиш қисмига тадбиркорлар ўз маблағларидан “ақлли” сув ўлчаш ва ҳисоблаш воситаларини ўрнатиши мажбурий этиб белгиланади.
Бунда “ақлли” сув ўлчаш ва ҳисоблаш воситалари ўрнатилмаганда сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкаси 2 баробарга оширилган миқдорда ҳисобланади.
Қарорга кўра, 2026 йил 1 октябрдан сув тежовчи технологияларни жорий қилишда таъминотчи корхоналар ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан сув тежовчи технологияларнинг насос ва фильтр қурилмаларини рақамли QR-кодли махсус ёрлиқланган белги остида ишлаб чиқариш ва сунъий йўлдош кузатув тизими (GPS трекер)ни ўрнатиш тартиби жорий этилади.
2026 йил 1 октябрдан сув тежовчи технологияларни ўрнатиш ишлари мажбурий тартибда тасдиқланган минимал талаб ва меъёрлар асосида амалга оширилади.
2026 йил 1 октябрдан сув тежовчи технологияларни банк кредитларини олмасдан ўз маблағлари ҳисобидан жорий қиладиган ташаббускорларга субсидия ажратишнинг қуйидаги янги тизими жорий этилади:
- лойиҳа ташаббускори томонидан сув тежовчи технологияларни жорий қилиш учун қўйиладиган минимал талаб ва меъёрлар доирасида лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилади;
- ишлаб чиқилган лойиҳа-смета ҳужжатлари ҳамда лойиҳани амалга ошириш бўйича таъминотчи корхона билан тузилган шартнома, ушбу технологиялар учун белгиланган тартибда ҳисоб-китоб қилинган субсидиянинг 50 фоизини Аграр соҳада тўловлар агентлиги томонидан олдиндан ажратишга асос бўлади;
- сув тежовчи технологиялар лойиҳа-смета ҳужжатларига мувофиқ ўрнатилиб, фойдаланишга топширилганидан сўнг ҳисоб-китоб қилинган субсидия маблағларининг қолган 50 фоизи лойиҳа ташаббускорига тўлаб берилади;
- субсидиянинг дастлабки 50 фоизи тўлаб берилганидан сўнг икки ой муддат ичида технологиялар ўрнатилиб ишга туширилмаганда, ажратилган субсидиялар белгиланган тартибда қайтарилади.