Хусусан, бугун Латвия Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги кўмагида “Ўзбекистонда сув таъминоти ва канализация соҳасида инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда салоҳиятни ошириш” лойиҳаси бўйича ўқув курсларининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Лойиҳа CLEANTECH LATVIA  компаниясининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда амалга оширилади. Ўқув курслари 21 сентябрдан 24 сентябрга қадар давом этади.

Лойиҳа расмий очилиш маросимида Латвиянинг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Рейнис Трокш, “CLEANTECH LATVIA” компанияси ижрочи директори Эвия Пудане,  “Ўзсувтаъминот” АЖ раҳбарияти ва мутахассислари, жамиятнинг лойиҳа офиси ҳамда ҳудудий сув таъминоти корхоналари вакиллари иштирок этди.   

Ўқув дастури доирасидаги делегация таркибига тажрибали мутахассислар жалб этилди.

Ўқув курсларида иштирок этаётган “Ўзсувтаъминот” АЖ ходимларига лойиҳани амалга ошириш доирасида кўзда тутилган мавзулар бўйича батафсил тушунча бериш мақсадида махсус семинарлар дастури ишлаб чиқилган.

Мутахассислар инвестиция лойиҳаларини қандай амалга ошириш, мониторинг, назоратни қандай олиб бориш ва натижаларга қандай баҳо бериш бўйича маълумот беради.

Семинарларнинг катта қисми лойиҳанинг техник-иқтисодий асосланишига бағишланган. Шунингдек, семинарларда харидларни бошқариш, шартномаларни назорат қилиш масалаларига ҳамда “FIDIC”нинг “қизил” ва “сариқ” китобларига тўхталиб ўтилади. Аҳоли учун тарифларни ҳисоблаш ва лойиҳалар бўйича молиявий ҳисоботни юритиш муҳокама қилинади.

Ўқув курсларининг якунида махсус сертификатлар топширилади.