Улар жумласига шланглари, термопласт ва ПВХ қувурлари киради. Яқинда бу ерда сув тежовчи технологияларининг уловчи ва бутловчи фитинглари ва фильтрларини ишлаб чиқариш ҳам йўлга қўйилди.

Бу йил мамлакатимизда сувни тежовчи технологияларни беш бараварга кўпайтириш ва 430 минг гектар майдонда жорий этиш режалаштирилган. Шундан томчилатиб суғориш 210,7 минг гектарни ташкил этади.

Таҳлилларга кўра, 2019 йилда 34,5 минг гектар майдонда томчилатиб суғориш технологияси жорий этилган бўлиб, технологияларнинг 90 фоиз ускуналари ва бутловчи қисмлари хорижий давлатлардан келтирилган эди.

Ўтган 2020 йилда сувни тежовчи технологияларнинг асбоб-ускуналари ва бутловчи қисмларини ишлаб чиқарувчи маҳаллий корхоналар сони 10 тага етказилди. Йил давомида 43 минг гектарда томчилатиб суғориш технологияси жорий этилган бўлса, шундан 30 фоизи, яъни 13 минг гектари маҳаллий корхоналар маҳсулотига тўғри келди.

Бугунги кунда сувни тежовчи технологияларнинг ускуналари ва бутловчи қисмларини маҳаллий шароитда ишлаб чиқарувчи корхоналар сони 30 тага етди. Бу билан 2021 йилда сув тежовчи технологиялар жорий қилинадиган майдонларнинг 50 фоизини маҳаллий корхоналар маҳсулоти қамраб олишига имкон яратилди.

Йил якунига қадар эса маҳаллий корхоналар сонини 100 тага етказиш мўлжалланган. Натижада маҳсулот таннархи сезиларли даражада пасаяди ҳамда бу турдаги технологияларни жорий этиш имкониятлари кенгаяди, деб хабар беради Сув хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати.