Мазкур марказ мамлакатимизда инсон капиталини тўлақонли ривожлантириш, олий ва профессионал таълимнинг сифатини ошириш, аҳоли кенг қатламини талаб юқори бўлган касбларга ўқитиш ҳамда малакали кадрлар тайёрлашнинг сифат жиҳатдан янги тизимини жорий этиш мақсадида ташкил этилди.
Шунингдек, Президентимизнинг 2020 йил 31 декабрдаги “Малакаларни баҳолаш тизимини тубдан такомиллаштириш ва меҳнат бозорини малакали кадрлар билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Сув хўжалиги вазирлиги ҳузурида “Сув хўжалиги соҳасида касбий малака ва билимларни ривожлантириш тармоқ кенгаши” фаолият йўлга қўйилди.
Тармоқ кенгашига мўлжалланган хоналар Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилган ҳамда ЮНЕСКО амалга ошираётган “Ўзбекистоннинг қишлоқ ҳудудларида ишга жойлашиш кўникмаларини ривожлантириш” лойиҳаси доирасида жиҳозланди.
Сув хўжалиги тизимидаги ўрта ва қуйи бўғин раҳбарларининг малакасини ошириш маркази Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги томонидан молиялаштирилаётган “Ўзбекистонда сув ресурсларини бошқариш миллий лойиҳаси. 2-босқич” доирасида жиҳозланди. Бу ерда ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари, насос станциялари ва энергетика бошқармалари, туманлар ирригация бўлимлари раҳбарлари, махсус хизмат, сув тежовчи технологиялар бўйича мутахассислар учун ўқув курслари ташкил этилади.