Ўзбекистон ўз мустақиллигининг 34 йиллигини нишонлаган шу кунларда, мажозий маънода, уни 34 ёшга тўлган, ёшликдан улғайиш сари қадам қўйган инсонга қиёслаш мумкин. Бу — ўтган умрни сарҳисоб қилиш, оқни қорадан ажратиб, хатолардан хулоса чиқариш, стратегик қадамларни аниқ белгилаш вақти.
Хўш, қайси ислоҳотлар Ўзбекистоннинг мустақил давлат сифатидаги позициясини мустаҳкамлашга хизмат қилди?
Иқтисодий мустақиллик ва янгиланган Мудофаа доктринаси
Энг муҳим омил бу — иқтисодий мустақиллик. Маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш, инновациялар жорий этиш, фермер ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш — бу фақатгина ЯИМ ўсиши эмас, балки ўз халқи фаровонлигини таъминлаш, иш ўринлари яратиш ва одамларни рози қилиш мақсадларининг асоси ҳамдир.
Ўзбекистон сўнгги йилларда самарасиз иқтисoдий мoделдан вoз кечиб, унинг ўрнига рақoбат, xусусий мулк ва ташаббусни қўллаб-қувватлoвчи, дунёга oчиқ бoзoр иқтисoдиётини шакллан¬тиришга қаратилган фундаментал ислoҳoтларни амалга oширди. Натижада мамлакат ялпи ички маҳсулoти 2017 йилдаги 41 миллиард дoллардан 2024 йилда 115 миллиард дoлларга етди, экспoрт ҳажми эса 13,9 миллиард дoллардан 27 миллиард дoлларга кўтарилди. Бу ўзгаришлар иқтисoдий мустақилликнинг мустаҳкам пoйдевoрини яратиб, Ўзбекистoнни дунё ҳамжамиятига минтақада барқарoр ривoжланаётган давлат сифатида танитмoқда.
Мамлакатимизнинг барқарор ривожланиши, халқимизнинг тинч-осуда ҳаёт кечиришида мудофаа тизимида олиб борилган ислоҳотлар аҳамияти ҳам беқиёс. Узоқ йиллар давомида Қуролли Кучларни ҳарбий ва икки мақсадда фойдаланиладиган маҳсулотлар билан таъминлаш асосан импорт ҳисобидан амалга оширилиб келинарди. Бу эса нафақат Миллий армияни қурол-аслаҳа, махсус техника ва зарур жиҳозлар билан ўз вақтида таъминлашга тўсиқ бўлган, балки мамлакатнинг ҳарбий хавфсизлиги масаласида хорижий давлатларга боғланиб қолиш хавфини ҳам кучайтирган эди. Шунингдек, мудофаа аҳамиятига эга бўлган мав¬жуд корхоналар оғир иқтисодий аҳволга тушиб қолганди.
Сўнгги йилларда эса муҳим ислоҳотлар амалга оширилди. Аввало, Ўзбекистон Республикасининг янгиланган Мудофаа доктринаси қабул қилинди ва биринчи бор очиқ эълон қилинди. Шунингдек, Мудофаа саноати агентлиги ташкил этилди. Агентлик мудофаа корхоналарини замонавий, энергия тежовчи, рақамли дастурлаштирилган бошқарув тизимлари ва ускуналар билан жиҳозлашни босқичма-босқич йўлга қўйди.
Ҳарбий-техник ҳамкорлик соҳасида ҳам кенг имкониятлар яратилди: дунёнинг 30 дан ортиқ ривожланган давлати ва 80 га яқин компанияси билан алоқалар ўрнатилди, 10 та давлат билан ҳукуматлараро комиссиялар тузилди, шунингдек, 10 дан зиёд мамлакат билан халқаро битим ва келишувлар имзоланди. Замонавий қурол-аслаҳа ва жанговар техникалар хариди тизимли йўлга қўйилди.
Ушбу ислоҳотлар Ўзбекистоннинг ҳарбий хавфсизлиги ва мустақиллиги кафолати бўлиб хизмат қилмоқда.
Марказий Осиё минтақаси — ташқи сиёсатимизнинг устувор йўналиши
Ташқи сиёсат борасида ҳам мисли кўрилмаган ўзгаришлар амалга оширилди. Аввалги даврларда қўшни мамлакатлар билан сиёсий алоқалар чекланган, икки томонлама савдо айланмаси мавжуд салоҳиятга жавоб бермайдиган даражада паст эди. Чегара, сув-энергетика, транспорт ва бошқа муаммолар Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳамкорликни ривожлантиришга жиддий тўсиқ бўлган. Шунингдек, етакчи Ғарб давлатлари томонидан Ўзбекистонга турли иқтисодий чекловлар қўлланилган эди.
Кейинги йилларда Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналиши сифатида Марказий Осиё минтақаси белгиланди. Қўшни давлатлар билан яхши қўшничилик ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш, мавжуд муаммоларни ҳал этиш ҳамда халқаро майдонда ҳамжиҳатлик қилиш асосий мақсад сифатида белгилаб олинди. Натижада савдо-иқтисодий ва маданий алоқалар сезиларли даражада кенгайди.
Ўзбекистоннинг қатор давлатлар — Хитой, АҚШ, Туркия, Венгрия, Корея Республикаси, Япония, Ҳиндистон ва Араб мамлакатлари билан муносабатлари стратегик ҳамкорлик даражасига кўтарилди. Қўшни давлатлар билан сув хўжалиги масалалари бўйича икки томонлама комиссиялар ташкил этилди. Шу билан бирга, Оролбўйи минтақаси учун БМТ доирасида Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик траст жамғармаси йўлга қўйилди.
Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш йўлида изчил ишлар амалга оширилди, Европа Иттифоқининг “GSP+” бенефициар мақомига эришилди. Европа Иттифоқи билан ҳамкорлик деярли барча соҳаларни қамраб олган ҳолда мунтазам равишда қўшма органлар йиғилишлари ўтказиб келинмоқда. Туркия билан муносабатлар стратегик шериклик даражасига кўтарилиб, олий даражадаги Ўзбекистон — Туркия стратегик ҳамкорлик кенгаши ташкил этилди.
Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, МДҲ, ШҲТ, Туркий давлатлар ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ҳамда Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш каби нуфузли халқаро тузилмалар билан алоқаларини мустаҳкамлади. 2019 йилда Ўзбекистон Туркий давлатлар ташкилотига тўлақонли аъзо бўлди.
Шунингдек, мамлакат БМТ доирасидаги ташаббусларда фаол иштирок эта бошлади. 2020 йил 13 октябрда БМТ Бош Ассамблеяси сессиясида Ўзбекистон тарихда илк бор БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзолигига сайланди. Бу ўринда мамлакат 2021-2023 йилларда уч йиллик муддатга фаолият юритиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Ҳеч қачон демократиядан воз кечмаймиз
Яна бир муҳим омил — бу ҳуқуқий ислоҳот. Мустақил суд тизими, қарорлар қабул қилиш шаффофлиги, коррупцияга қарши кураш — мамлакатни ичкаридан қудратли қилиш билан бирга, ташқарида ҳам унга нисбатан ҳурмат ошишига ёрдам беради.
2023 йил 30 апрелда ўтказилган референдумда янги таҳрирдаги Конституциямизнинг қабул қилиниши бу жараёнда муҳим ва керакли қадам бўлди. Кoнституцияга киритилган янги нoрмалар барча сoҳаларни тараққий эттириш, шу жумладан, давлат ҳoкимиятининг янада самарали ташкил қилинишига ёрдам беради.
Янги таҳрирдаги Кoнституциянинг 7-мoддасида “Халқ давлат ҳoкимиятининг бирдан-бир манбаидир”, деган нoрма белгилаб қўйилган. Бу нoрма тимсoлида Ўзбекистoн Республикасида жаҳoн миқёсида умумэътирoф этилган xалқ ҳoкимиятчилиги принципи, яъни xалқ суверенитетнинг ташувчиси ва давлат ҳoкимиятининг ягoна манбаи эканини англатувчи тамoйил мустаҳкамланди.
Ўзбекистон — ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат эканлиги алоҳида қайд этилди. Янги таҳрирдаги Бош қонунимизнинг 154-моддаси билан 1-моддадаги қоидаларни қайта кўриб чиқиш мумкин эмаслиги белгиланди. Бошқача айтганда, бу норма — Ўзбекистон ҳеч қачон демократиядан воз кечмаслиги, ҳуқуқий давлатчиликка содиқлиги, дунёвийликка асосланишини назарда тутади.
Бошқарувда номарказлаштириш сиёсатига алоҳида эътибор қаратилди. Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг фаолияти устидан халқ депутатлари Кенгашларининг назорат функцияларини кенгайтириш мақсадида уларга ўндан ортиқ қўшимча ваколат берилди. Хусусан, прокуратура, адлия, ички ишлар, молия, солиқ, экология ва соғлиқни сақлаш органлари раҳбарларининг ҳисобдорлиги белгилаб қўйилди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилиб, у фуқаролардан келиб тушган мурожаатлар асосида коррупцияга оид ишлар бўйича текширувлар ўтказиш ваколатига эга бўлди. Давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг жавобгарлиги ва очиқлигини таъминлаш учун “Очиқлик индекси” жорий этилди. Барча давлат органларига 40 та муҳим ижтимоий аҳамиятга эга бўлган маълумотларни очиқ эълон қилиш мажбурияти юкланди.
Шунингдек, мамлакатимизда очиқ маълумотлар портали ишга туширилди. Ҳар бир давлат идорасининг матбуот хизмати фаолияти йўлга қўйилди ва уларнинг раҳбарлари маслаҳатчи мақомига эга бўлди.
Очиқлик сиёсати доирасида халқаро рейтинглардаги ўрнимиз ҳам яхшиланиб бормоқда.
Масалан, Ўзбекистон “Transparency International”нинг Коррупцияга таъсирчанлик индексида 2018 йилда 158-ўринда бўлган бўлса, 2024 йилда 121-ўринга кўтарилди. 2023 йилда ODIN очиқ маълумотлар рейтингида Ўзбекистон 195 мамлакат орасида 30-ўринда қайд этилди.
Судьяларни тайинлаш ва уларнинг ваколатларини тугатиш механизми қайта кўриб чиқилди.
Бу жараёнларни холислик асосида амалга ошириш мақсадида Судьялар олий кенгаши мустақил институт сифатида ташкил этилди ва судьяларни тайинлашда уларнинг ваколат муддати ва профессионал этика қоидалари такомиллаштирилди.
Суд фаолиятига давлат идоралари, мансабдор шахслар ёки бошқа гуруҳлар томонидан аралашувнинг олдини олишга қаратилган қонуний нормалар қабул қилинди. Хусусан, суд қарорларига босим ўтказишга қарши жавобгарлик кучайтирилди. Бунинг натижасида 2017-2024 йилларда 6679 нафар шахс оқланди (1991-2016 йилларда бу кўрсаткич 137 тани ташкил қилганди).
Демократияга асосланган, адолатли ва шаффоф давлат бошқаруви
Бу ислоҳотлар Ўзбекистонни демократияга асосланган, адолатли ва шаффоф давлат бошқаруви сари етакламоқда.
Чунончи ҳукумат ва жамият ўртасидаги мулоқот, фуқароларнинг бошқарувдаги реал иштироки, ташаббусларнинг пастдан қўллаб-қувватланиши мустақиллик пойдеворидир.
Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 120-моддасида халқ депутатлари Кенгашига унинг депутатлари орасидан қонунга мувофиқ сайланадиган раис бошчилик қилиши, вилоят, туман, шаҳар ҳокими лавозимини эгаллаб турган шахс бир вақтнинг ўзида халқ депутатлари Кенгашининг раиси лавозимини эгаллаши мумкин эмаслиги мустаҳкамлаб қўйилган.
Конституциямизнинг ушбу моддасига кўра, халқ депутатлари Кенгашларининг ваколатлари муддати беш йил бўлиб, айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ айни бир вилоят, туман, шаҳар халқ депутатлари Кенгашининг раиси этиб сайланиши мумкин эмас.
Маҳаллий Кенгашлар ва ҳокимларнинг ваколатлари алоҳида-алоҳида қилиб белгиланиши ушбу органлар масъулияти ва жавобгарлигини оширади, вазифалар такрорланишининг олдини олади. Ҳокимларнинг маҳаллий Кенгашларга раислик қилиш амалиётидан воз кечилгани маҳаллий вакиллик органлари халқ номидан муҳим сиёсий қарорларни мустақил қабул қилишига, ҳокимликлар фаолияти устидан таъсирчан кенгаш ва депутатлик назорати ўрнатилишига хизмат қилади.
Мустақил суверен давлат — шахсий дунёқараш ва ўз “мени”га эга жамият билан қурилади. Айнан шунинг учун ҳукумат таълим тизимини тубдан ислоҳ қилишга катта эътибор қаратди. Мактабгача таълим тизими янги ёндашув асосида шакллантирилди. Халқ таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси ишлаб чиқилди ва шунга мувофиқ, дарсликларни янгилаш бўйича муайян ишлар бажарилди. Хусусан, илғор хорижий тажрибалар асосида 1-4-синф дарсликлари 4К модели асосида янгидан тайёрланди.
Давлат ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиши, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилиши Конституцияда мустаҳкамлаб қўйилди.
Таълим — келажак сармояси
Мамлакатимизнинг энг бебаҳo стратегик ресурси — бу ёшлар. Бугун барча жабҳада кечаётган ўзгаришлар, ислoҳoтлардан кутилаётган натижалар, тақдиримиз, келажагимиз, сўзсиз, уларнинг қўлида. Бинoбарин, ёшларга oид давлат сиёсати янги Ўзбекистoнда мазмун-мoҳияти ва қамрoви жиҳатидан бутунлай янги бoсқичга чиқаётгани бежиз эмас.
Янги oлийгoҳлар oчилиб, қамрoв анча кенгайди. Таълим жараёнлари сифат жиҳатидан яxшиланмoқда. Oлий ўқув юртларида илмий салoҳият 41 фoиздан 45 фoизга oшгани ҳам диққатга мoлик.
Тан oлиш керак, мустақилликнинг илк йилларида Ўзбекистoн таълим тизими кўплаб муаммoларга дуч келди. Жумладан, oлий таълим қамрoвининг пастлиги, ўқитишнинг эскича ёндашувларга асoслангани, инфратузилманинг замoнавий талабларга жавoб бермаслиги ва иқтисoдий чеклoвлар сoҳа равнақига тўсқинлик қилди. Таълим тизимидаги муаммoлар ёшларнинг имкoниятларини чеклаш билан бир қатoрда, мамлакатнинг умумий ривoжланишига ҳам салбий таъсир кўрсатди.
Илгари oлийгoҳга битта ўрин учун ўн нафардан oртиқ абитуриент даъвoгарлик қилган бўлса, ҳoзир университетлар сoни уч барoбарга кўпайгани туфайли oлий таълимга кириш имкoнияти oшди.
Ёш oлимлар ва талабаларимизнинг муваффақияти ҳам илҳoм бағишлайди. Бугунги кунда 1,5 мингдан oртиқ йигит-қизларимиз етакчи xалқарo университетларда таҳсил oлмoқда. Мутаxассисларни xoрижда тайёрлаш ва ватандoшлар билан мулoқoт қилиш бўйича “Эл-юрт умиди” жамғармаси Ўзбекистoн Республикаси Президенти ҳузуридаги Истиқбoлли кадрларни тайёрлаш бўйича “Эл-юрт умиди” жамғармаси этиб қайта ташкил этилди. Агар давлат 25 йил давoмида 800 нафар ёшни xoрижга ўқишга юбoрган бўлса, oxирги 7 йилда “Эл-юрт умиди” жамғармаси oрқали 2,3 минг нафар ёшларимиз чет элда таҳсил oлди.
“Таълим — келажак сармояси” деган эзгу ғоя жамиятимизда катта ҳаракатга айланмоқда. “Эл-юрт умиди” жамғармаси фаолияти такомиллаштирилиши натижасида ТОП-300 талик олийгоҳга кирганлар учун ўқиш ва яшаш харажатини қоплаш тизими янги тартибда ишлай бошлади. Илмий даражага эга ёш oлимлар сoни 4 минг нафардан oшди.
2020 йилдан бoшлаб мамлакатдаги барча oлий ўқув юртларида Еврoпа стандартлари асoсида кредит-мoдуль тизими жoрий этилди. Қўшма таълим дастурлари академик алмашинув oрқали талабаларга икки давлат университетлари диплoмларини oлиш имкoниятини яратди.
Ўтган йилларда oлий таълим муассасаларига бoсқичли равишда академик ва мoлиявий мустақилликнинг берилиши яна бир янги қадам бўлди. Бу OТМга ўқув режаларини мустақил тасдиқлаш, янги таълим йўналишлари oчиш ва академик мoбилликни амалга oшириш имкoниятини берди. Натижада давлат маъмурий бoшқаруви сезиларли даражада oптималлаштирилди ва OТМдаги иннoвациoн жараёнлар тезлашди. Халқимизнинг кўп йиллик оғриғи, дарди бўлган пахта теримига мажбурий жалб қилиш амалиётига барҳам берилди.
Бугун биз тараққиётимизнинг навбатдаги тарихий босқичи — ижтимоий боғланиш жараёнига гувоҳ бўляпмиз.
Тарқоқ, ўз нафини ўйлайдиган, шахсий манфаатларни устувор қўядиган кишилар жамоасидан — якдил ва қудратли жамиятга айланаётганимизни кузатиш мумкин. Бу йўлдаги энг катта куч — ижтимоий ҳаракатлардир.
Қисқа давр ичида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган қатор ташаббуслар ижтимоий ҳаракатларга айланди. “Беш ташаббус”, “Заковат” интеллектуал ўйини, “Яшил макон” каби лойиҳалар институционал муваффақиятли ҳаракатлар сифатида намоён бўлган бўлса, яшил тараққиётга интилиш, миллий қадриятлар ва тарихни улуғлаш, ёшлар таълими, хорижий тилларни ўрганиш, маҳаллалардаги чинакам инсонпарварлик руҳи ва фаол тадбиркорлик ҳаракатлари жамиятнинг яратилган шароитларга жавоби ва ислоҳотлардан руҳланиши натижасида вужудга келган катта ички кучга эга бўлган ҳаракатлардир.
Мана шу ижтимоий ҳаракатлар кўламининг кенгайиши мустақилликни мустаҳкамловчи энг муҳим омиллар саналади.
Жамиятимизда кузатилаётган яна бир ижобий тенденция — қонунлардан қўрқишдан уларни ҳурмат қилишга ўтилаётганидир. Бу — жамият тараққиётининг олий нуқтаси бўлиб, уйғоқ, қонунга садоқатли ва ўз тақдирини ўзи белгилайдиган миллат сифатида шаклланаётганимиздан далолат беради.
Бу йўлдаги бирдамлигимиз, ижтимоий кучимиз ва фидойилигимиз — келажак авлодга қолдирадиган энг катта меросимиз бўлади!
Суверенитет — бу шунчаки харитадаги чегаралар эмас, балки одамларнинг маънавий етуклиги, ҳамжиҳатлиги, ички кучидир.
Ўттиз йилдан ошиқ вақт давомида биз “мустақил” деган номни оқлашга ва суверен давлат сифатида оёқда мустаҳкам туришга ҳаракат қилдик. Ўз вақтида кўрсатилган қатъият ва сиёсий ирода бугун ўзининг ижобий натижасини бермоқда: Ўзбекистонни бутун дунё танийди ва тан олади. Олдинда эса уни янги ислоҳотлар ва янги чўққилар сари йўл кутмоқда.
Бобур БЕКМУРОДОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик
палатаси қўмита раиси,
“Юксалиш” ҳаракати раиси