Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 10 июлдаги тегишли (ПФ-6024) Фармони ижроси доирасида 2021 йилда жами 515,2 минг гектар майдонда сув тежовчи технологиялар, шундан 197,5 минг гектар майдонда томчилатиб суғориш жорий қилинган. Натижада сув тежовчи технологиялар жорий қилинган жами ерлар 917 минг гектарга ёки суғориладиган майдонларнинг 20 фоизига етказилган.

Сувни тежайдиган технологияларни кенг жорий этиш орқали пахта хомашёсини етиштириш, интенсив боғларнинг 30,4 минг гектарида томчилатиб суғориш тизимини ташкил қилиш, янги узумзорлар барпо этиш ва уларни сув билан таъминлаш учун бурғуланган қудуқлар қазиш ва томчилатиб суғориш технологияларини жорий этишга жами 1,1 триллион сўмдан ортиқ маблағ ажратилган.

Шу билан бирга, муҳокама давомида сенаторлар томонидан қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш, янги узумзорларни барпо этиш учун бурғуланган қудуқлар қазиш ва томчилатиб суғориш технологияларини жорий этишга давлат бюджети ҳисобидан ажратилган маблағлардан, сув ресурслари ҳамда сувни тежайдиган технологиялардан самарали фойдаланишда қатор муаммолар мавжудлиги кўрсатиб ўтилди.

Хусусан, жорий қилинган сув тежовчи технологияларни фойдаланиш учун қабул қилиш ва субсидия маблағлари ажратиш бўйича айрим туман ишчи гуруҳлари томонидан носоз ҳолдаги технологияларга ижобий хулосалар берилиб, бюджет маблағларининг мақсадсиз сарфланишига йўл қўйилган.

Қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришда сув тежовчи технологиялар жорий қилинган бўлса-да, ерларни анъанавий усулда суғориш ва сувдан самарасиз фойдаланиш ҳолатларининг олди олинмаган.

Шунингдек, сув тежовчи технологияларни жорий қилишда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги ҳамда ҳудудий ва туман ишчи гуруҳлари масъулиятсизлиги оқибатида техник талабларга жавоб бермайдиган 848 та сувни тежайдиган технологиянинг лойиҳалари жорий этилган ҳамда қурилиш-монтаж ишлари сифатсиз бажарилган.

Қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришда сув тежовчи технологияларни қурувчи аксарият пудрат ташкилотлари томонидан ҳудудларнинг турли табиий иқлим, тупроқ, гидрогеолог-мелиоратив шароитлари тўлиқ инобатга олинмаганлиги, қурилиш-монтаж ишлари бир хил параметрли лойиҳалар асосида олиб борилганлиги натижасида суғориш тизимлари носоз ҳолатга келган.

Сенаторлар томонидан кўрсатиб ўтилган камчиликларни бартараф этиш юзасидан Сув хўжалиги вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туман ҳокимликлари томонидан замонавий суғориш технологияларини қўллаш ҳамда ушбу мақсадлар учун бюджетдан ажратилган маблағларнинг самарадорлигини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишларни кучайтириш ва масъулиятни ошириш зарурлиги таъкидлаб ўтилди.

Сенатнинг қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий қилиш ҳамда шу мақсадда ажратилган маблағларни ўзлаштириш борасидаги ишларни янада жадаллаштириш, мавжуд камчиликларни бартараф этишга қаратилган тегишли қарори қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати