Мазкур йўналишда рақамлаштириш тадбирлари амалга оширилиб, истеъмолчиларга таъминот хариди учун ИД-карта ҳам тақдим қилинган. Шу асосда истеъмолчиларга ўтган тўққиз ой давомида 56 минг 116 тонна суюлтирилган газ етказиб берилди.

— Суюлтирилган газ таъминотини янада яхшилаш мақсадида "Обод маҳалла" ва "Обод қишлоқ" дастурларига киритилган маҳаллаларга қўшимча маиший газ баллонлар етказилмоқда, — дейди филиалнинг суюлтирилган газ таъминоти бўйича масъул ходими Самандар Абдуназаров. — Шунингдек, аҳолининг таъминотга бўлган эҳтиёжи инобатга олинган ҳолда куз-қиш мавсумида вилоят аҳолисига етказиладиган суюлтирилган газ режаси ишлаб чиқилган. Унга кўра, истеъмолчиларга 2022 йилнинг тўртинчи чораги давомида жами 19 минг тонна 174 килограмм, 2023 йилнинг биринчи чораги давомида ҳам 19 минг тонна 174 килограмм, жами 7254 тонна 600 килограмм суюлтирилган газ етказиш режалаштирилган.

Вилоятда куз-қиш мавсумида суюлтирилган газ етказиш оғир бўладиган 56 та олис ҳудуд мавжуд. Бойсун, Денов, Олтинсой, Сариосиё ва Узун туманларининг мазкур маҳаллаларига транспорт ҳаракати қишнинг қировли кунларида бироз мураккаблашади. Шу боис тайёргарлик ҳозирдан бошланиб, суюлтирилган газ ташиш транспорт воситалари техник хавфсизлиги таъминланди. Маиший баллонларнинг яроқли эканлиги назорат қилинмоқда.

Шунингдек, истеъмолчиларга янада қулайлик яратиш мақсадида "Ҳудудгазтаъминот" АЖ томонидан аҳолига суюлтирилган газ етказиб бериш тартиби янгиланди. Унга кўра, оила аъзолари кўп бўлган ва рўйхатдан ўтган уй хўжаликлари энди белгиланган муддатда ўз ИД-карталари орқали бир ойда бир маротаба суюлтирилган газ олишлари мумкин. Аҳолига суюлтирилган газ етказиш жараёнида шулар ҳақида ҳам тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.