Мамлакатимизда аҳолининг ўсимлик мойига бўлган йиллик талаби 475 минг тоннани ташкил этади. Ёғ-мой корхоналари эса, йилига 259 минг тонна ўсимлик мойи ишлаб чиқармоқда. Рақамлардан англаш мумкинки, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан бу борадаги талабнинг 55 фоизи таъминланиб, қолгани импорт ҳисобига қопланмоқда. Демак, ўсимлик мойларининг турини кўпайтириш, сифатини янада яхшилаб, ишлаб чиқариш ҳажмини кенгайтириш долзарб масала. Айниқса, озиқ-овқат ва дори-дармонлар, қолаверса, қимматбаҳо косметик маҳсулотларни тайёрлаш жараёнида кенг қўлланиладиган зайтун мевасига ҳам бугун эҳтиёж катта.
Жорий йилнинг 2 август куни “Зайтун мойи ва зайтун меваси тўғрисидаги халқаро битимга Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши ҳақида”ги қонун имзоланди. Ҳужжат асосида соҳада ривожланган мамлакатлар билан ҳамкорликда янги зайтун плантациялари ташкил этилиб, қайта ишлаш корхоналари ишга туширилади ҳамда экспорт ҳажмлари оширилади. Қувонарлиси, соҳада селекция ва агротехник усулларни қўллаш бўйича ўзаро ҳамкорлик йўлга қўйилади.
Қайд этиш жоиз, жорий йилда Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида 530 гектар, жумладан, Сурхондарё вилоятининг Олтинсой, Музрабод ва Узун туманларининг ҳар бирида 100 гектар, Термиз, Жарқўрғон, Сариосиё, Бандихон туманларининг ҳар бирида 50 гектар, Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманида 30 гектар майдонда зайтун плантацияси барпо этиш кўзда тутилган.
Совуқ урса ҳам қайта униб чиқади
Олтинсой туманида яшовчи, Алишер Қобилов зайтун етиштириш сирлари, ундан келадиган даромад ҳақида сўзлаб берди. Алишер Навоий бобомиз “Деҳқонки дона сочар, ерни ёрмоқ бирла, ризқ йўлин очар”, деганларидек, қаҳрамонимиз ҳам меҳнати ортидан оиласига насиба келишига сабабчи бўляпти. Яна бир муҳим томони томорқасидан омилкорлик билан фойдаланиб, ҳосил олаётган хонадон соҳиблари нафақат ўзларининг эҳтиёжини қондириб, қўшимча даромад олмоқда, балки мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга ҳам баҳоли қудрат ҳисса қўшмоқда.
Унинг таъкидлашича, нафақат меваси, мойи, шунингдек, барги ҳам фойдали саналган зайтун ўсимлиги узоқ умр кўради, бақувват илдизга эга. Ўзбекистон шароитида зайтун мевалари 3-4 йилда ҳосилга киради. Маълумот ўрнида айтиш жоизки, 1 гектар зайтун плантациясидан 15-17 минг доллар, уни қайта ишлаш орқали эса 45-50 минг доллар миқдорида даромад олиш мумкин.
— Дастлаб мазкур экинни етиштирганимизда совуқ уриб кетди, — дейди Алишер ака. — Аммо ўсимликнинг яхши хусусияти шунда эканки, бундай ҳолатда унинг тупроқ остида қолган, ухлаб ётган куртаклари уйғониб, униб чиқади. Биласизми, ўсимлик умуман тупроқ танламайди. Шўрланган, қумоқ ерларда ҳам бемалол ҳосил бера олиши билан тупроқдан фойдаланиш самарадорлиги ортади.
Ҳозирги кунда бутун инсоният олдида тупроқ унумдорлигини сақлаб қолиш вазифаси ҳам долзарб масалага айланган. Бу ўсимликнинг қулай ва манфаатли томонлари кўп бўлса, нима учун уни етиштирадиган деҳқонлар сони нисбатан кам, деган савол туғилиши табиий. Ноодатий саналган бу экинни етиштиришдан олдин бизнинг иқлимга тўғри келадими, даромад ололаманми, деган иккиланишлар сабаб кўпчилик одатий экинларни танлайди.
— Албатта, ҳар бир ўсимлик парваришининг ўзига яраша қийинчилиги бор, — дейди Алишер Қобилов. — Боғдорчиликни тушунмаган инсонлар томонидан қаламча қилиб сотилган зайтун кўчатлари яхши ҳосил бермаяпти. Шу боис, одамларда нотўғри тушунча уйғониб, Ўзбекистонда зайтун ҳосил бермайди деган фикр туғилишига сабаб бўлмоқда. Шуни ишонч билан айтишим мумкинки, бизнинг юртимизда ҳам ушбу соҳанинг келажаги порлоқ.
“Орзуларим зайтун ва соя далаларига экилган”
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 4 мартдаги “Мавжуд ер майдонларидан самарали фойдаланиш ва 2021 йил ҳосили учун қишлоқ хўжалиги экинларини оқилона жойлаштириш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, бу йил барча вилоятларда мойли экинларни экиш ва улар майдонини кенгайтиришга алоҳида эътибор берилмоқда. Бунга сабаб ўсимлик мойи маҳсулотларининг нархи ошиб бораётганидир.
Қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор Дилором Ёрматова озиқ-овқат саноати ва бошқа соҳалар учун сифатли мой берувчи зайтун ўсимлигини мамлакатимиз иқлим шароитига мослаштириш бўйича илмий иш олиб бормоқда. Олиманинг изланишлари туфайли яратилган “Изумруд”, “Қоракўз” зайтун навлари давлат реестрига киритилган. Кечаси, бугуни, эртаси далалар тақдирига қўшилиб кетган Дилором опа “Менинг орзуларим зайтун ва соя далаларига экилган”, дея такрорлайди.
—Дастлаб одамлар зайтун бизнинг иқлимга мослашиши, мева тугишига ишонмади, — дейди Дилором опа. — Аммо вақт ўтиши билан ҳосилга кирган дарахтлар деҳқонлар фикрини ўзгартирди. Мазкур ўсимлик ёруғликка талабчан, қуёшни яхши кўради. Жанубий вилоятлар танланганининг боиси шунда. Зайтуннинг фойдали жиҳатлари жуда кўп. Хусусан, ичаклар, ошқозон ости бези ва жигар ишини яхшилайди ҳамда ўт халтасида тошлар пайдо бўлишининг олдини олади. Кальцийнинг шиддат билан сўрилиб, суякларнинг ўсишини кучайтиради, қон босимини яхшилайди. Кўкрак бези, йўғон ичак саратони каби касалликлар зайтун истеьмол қилиш мобайнида йўқолиб боради. Бу ўсимлик мевасини радиацияга қарши профилактик восита сифатида астронавтларнинг овқат рационига киритилган. Қатор фойдали хусусиятлари сабаб ундан тайёрланган маҳсулотлар харидоргир. Уни ўзимизда етиштирсак, мана шу талабни ўзимиз қопласак, давлатимиз иқтисодиёти учун ҳам катта фойда.
Мутахассиснинг таъкидлашича, зайтуннинг яшил (пишмаган) меваси таркибида углевод, оқсил, пектин, кул моддалар, сапонинлар, калий, фосфор, темир тузлари, В ва С витаминлари ҳамда каротин мавжуд. Буларнинг барчаси ошқозон-ичак ва жигар ишини яхшилайди. Бу меванинг таркибидаги ёғ клетчаткаси организм томонидан яхши ўзлаштирилади, ошқозондаги кислота концентрациясини пасайтиради ва ошқозон яраси ҳамда гастритдан ҳимоя қилади.
Зайтун мевасини биринчи сиқиш (пресслаш) йўли билан олинган биринчи мойлар энг яхши ва қиммат саналади. Шу билан бир қаторда, ундан учинчи прессдан ажратиб олинган мой ҳам техник мақсадларда совун, бўёқ олишда ишлатилади. Бу унинг моддий жиҳатдан фойдалилигини янада оширади
Ҳар ниҳол — қадрдоним
Олтинсой туманидаги “Эрали шаҳрон” фермер хўжалиги бошлиғи Қўшбоғ Раҳмонов зайтун етиштиришнинг мана шундай афзалликларини ўз вақтида англаганлардан.
— Зайтунни 25 сотих майдонга экканман. — дейди фермер. — Кўпайтириш осон экан. Ҳар бир чуқурчага иккита турли жинсга мансуб қаламча экиш тавсия этилади, шунда унинг гуллари чангланиши осон кечади. Қаламчалар ҳам тайёрлаб, сотяпман. Аввалига одамлар иккиланишди: пул сарфлаб сотиб олса-ю ҳосилга киритолмаса, меҳнат бесамар кетади. Аммо кейинчалик унинг ҳосилини кўргач, уларда ҳам ишонч пайдо бўлди. Харидорга зайтун етиштириш ҳақида ётиғи билан тушунтираман. Сабаби, деҳқон куйишини истамайман, қолаверса, ҳар бир ниҳол қадрдонимдек бўлиб қолган. Уларни шунчаки фойда олиш илинжида сотмайман, қадалган ерига мустаҳкам жойлашиб, ўсиб-унсин, мева тугиб, деҳқонига фойда берсин, дейман.
Зайтун октябрь-ноябрь ойларида пишиб етилади. Унинг меваси таркибида 25-80 фоиз буғланмайдиган мой мавжуд. Кунжараси эса, чорва моллари учун тўйимли озуқа ҳисобланади. Савдо расталарида сотилаётган четдан келтирилган 250 грамм зайтун мойининг ўртача нархи 28 минг сўм. Агар уни ўзимизда етиштирсак, бу нарх анча пасаяди.
Истеъмол қилинадиган мойлар ичида инсон организми учун энг фойдали ва сифатли деб тан олинган мой — зайтун мойидир. Таркибида саломатликни мустаҳкамлайдиган 104 хил элемент мавжуд. У осон ҳазм бўлиши, она сути таркибидаги мойга жуда ўхшашлиги билан ажралиб туради. Шу боис Абу Али ибн Сино ундан кўплаб хасталикларни даволашда фойдаланган. Хуллас бугун юртимизда зайтунчиликни ривожлантириш учун табиий иқлим шароити ҳам тегишли ҳуқуқий база ва эътибор ҳам бор. Энди гап мана шу имкониятлардан янада кенг ва унумли фойдаланишда қолган.
Феруза ЖЎРАЕВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири