Мазкур мусобақада республикамизнинг деярли барча ҳудудларидан келган умидли, ёш спортчилар совринли ўринлар учун кураш олиб борди.
Мусобақанинг сўнгги кунида иштирокчилар 100 метр масофага баттерфляй, 200 метрга брасс, 400 метрга комплекс ва 4х100 метрга эркин усулда сузиш бўйича микст мусобақасида стартга чиқди.
Таъкидлаш жоизки, чемпионатнинг охирги кунги баҳслари ҳам муросасиз курашларга бой бўлди. Бу ҳам ўз навбатида, спортнинг ушбу тури юртимизда йил сайин ривожланиб, иқтидорли ёшлар сафи тобора кенгайиб бораётганидан далолат беради.
Бевосита натижаларга тўхталадиган бўлсак, 100 метр масофага баттерфляй усулида сузиш бўйича қизлар ўртасида бўлиб ўтган мусобақада 1-ўринни Республика олий спорт маҳорати мактаби вакиласи Уляна Назмутдинова эгаллади. У энг яқин таъқибчисини нақд тўрт сонияга ортда қолдиришга муваффақ бўлди.
100 метр баттерфляй (қизлар):
1. Уляна Назмутдинова (РОСММ) – 1:10.38
2. Муслима Топволдиева (Фарғона) – 1:14.95
3. Мунира Кенжаева (Тошкент ш.) – 1:21.04
Худди шу йўналишда ўсмирлар ўртасида бўлиб ўтган мусобақада эса аксинча, ғолиблик учун кураш сўнгги сантиметрларга қадар давом этди. Якунда навоийлик Бекпўлат Абдумуратов биринчи, Республика олимпия захиралари коллежи ўқувчиси Диёр Хўжаев эса иккинчи ўринни эгаллади. Кучли учликка андижонлик Муҳаммадсодиқ Мақсудов якун ясаб берди.
100 метр баттерфляй (ўсмирлар):
1. Бекпўлат Абдумуратов (Навоий) – 1:03.34
2. Диёр Хўжаев (РОЗК) – 1:03.88
3. Муҳаммадсодиқ Мақсудов (Андижон) – 1:04.81
Қолган йўналишларда қайд этилган натижалар билан танишинг:
200 метр брасс (қизлар):
1. Маҳдия Мухторова (Андижон) – 2:56.91
2. Виктория Клешко (Сирдарё) – 3:01.90
3. Маъмура Ортиқова (Фарғона) – 3:03.45
200 метр брасс (ўсмирлар):
1. Алексей Ким (Фарғона) – 2:30.15
2. Ўктамжон Ҳасанов (Бухоро) – 2:40.08
3. Муҳаммадислом Раҳмонов (Тошкент ш.) – 2:46.08
400 метр комплекс (қизлар):
1. Маҳдия Мухторова (Андижон) – 5:44.82
2. Ирода Бекмуродова (Андижон) – 5:48.00
3. Муслима Топволдиева (Фарғона) – 6:06.19
400 метр комплекс (ўсмирлар):
1. Иляс Гизов (РОСММ) – 5:10.89
2. Самир Абдужабборов (Тошкент ш.) – 5:15.10
3. Глеб Кадишев (РОЗК) – 5:20.75
Эстафета 4х100 м. Эркин усул. Микст
1. Андижон вилояти – 4:11.80
2. РОЗК – 4:13.11
3. РОСММ – 4:19.73
Умумжамоа ҳисобида 1-ўринни жами 39 та медал билан (19 та олтин, 13 та кумуш, 7 та бронза) Андижон вилояти вакиллари қўлга киритди. Фарғоналиклар 17 та (6-6-5) медал билан иккинчи, РОЗК жамоаси эса 15 та (3-5-7) медал билан учинчи бўлишди.
Шу тариқа, 2007-2008 йилларда туғилган ўсмир-қизлар ўртасида ўтказилган Ўзбекистон чемпионати якунига етди. Мусобақа сўнггида барча ғолиб ва совриндорларга медал ва дипломлар топширилди.