Ер сайёрасида ҳаётнинг пайдо бўлишида ҳам бош омил сув бўлганини яхши биламиз.

Бугун ана шу тириклик манбаи захираси тугаб бораётгани ўта ташвишли ва хавотирли муаммога айланган. Буни фақат ОАВ ҳамда ижтимоий тармоқларда келтирилаётган факт ва рақамлар орқалигина эмас, балки кундалик турмушда, йил сайин чўлланиш, қурғоқчилик кучайиб бораётган муҳитда яшаб, кўриб, ўз ҳаётимизда ҳис этиб турибмиз. Хуллас, тириклик манбаининг ўзи бугун хавф остида.

Ер юзининг 71 фоизи сув билан қоп­ланган. Жами сув миқдорининг 97 фоиздан ортиқроғи океанлардаги шўр сувдан иборат. Чучук сув эса атиги 3 фоиздан ҳам кам. Унинг 70 фоизга яқини қутблардаги музлик­ларда жамланган. Ичишга яроқли сув манбаи­нинг асосий қисми ер остида тўпланган. Ер юзасидаги очиқ чучук сув манбалари 1 фоиздан ҳам камроқ.

“Экология” миллий ахборот агентлиги (NIA-ECO) тадқиқот натижаларида қайд этилишича, чучук сув йўқотилишининг 68 фоизи ер ости манбаларига, 18 фоизи ер усти сувларига, 5 фоизи қор захиралари камайишига тўғри келаётир. Глобал исишнинг йил сайин кучайиб бораётгани барча сув манбалари — ер ости ва ер усти сувлари, ҳатто “абадий”лик мақомини йўқотаётган қутб музликларининг юқори суръатда ­камайиб кетишига сабаб бўлмоқда.

Сабаблар

Саноатнинг ривожланиши, атмосферага тўхтовсиз ва ҳаддан зиёд миқдорда иссиқ­хона газлари чиқарилаётгани иқлим ўзгаришини келтириб чиқарди. Бу эса, ўз навбатида, барча соҳалар, айниқса, қишлоқ хўжалиги, саноатда сув истеъмолини кучайтирган. Айни пайтда дунё аҳолиси сони 8 миллиард 250 миллиондан ошиб кетган.

Сув ресурсларининг камайиши ­табиий равишда ҳосилдорлик тушиб кетиши, озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг ошиши ҳамда тақчилликка сабаб бўлади. Хуллас, ­эътибор берилса, булар барчаси  ўзаро боғлиқ масалалар. Бунинг устига сувдан самарасиз фойдаланиш, ер ости ва ер усти ресурсларининг инсон омили томонидан ифлосланиши муам­мони баттар чуқурлаштирмоқда.

Ҳисоб-китобларга кўра, оилада бир киши ҳар куни юз-қўл ювишга ўртача
8 литр, жўмракни очиб қўйиб тиш тозалашга 6-8 литр, ювинишга бир дақиқада
15-20 литр, ваннада чўмилишга 150 литр сув сарфлайди. Энди рақамларни оила аъзолари сонига, ундан сўнг 365 кунга кўпайтириб кўринг. Юртимиздаги хонадонлар ва аҳоли сонини ҳам эсдан чиқарманг. Ана шунда гўё арзимасдек кўринган муаммо қай даражада улкан хавотирни, аниқроғи, сув исрофгарчилигини келтириб чиқараётганини тасаввур этиш қийин эмас.

Қандай чора-тадбирлар кўрилаётир?

Дунё ҳамжамияти сувни асраб-авайлаш учун технологик, инфратузилмавий ва бош­қарув чоралари ёрдамида курашмоқда. Жумладан, гидротехник иншоотлар ва томчилатиб суғориш қурилмалари татбиқ этиляпти, қишлоқ хўжалигида сувдан самарали фойдаланишнинг илғор усуллари кенг кўламда жорий этилмоқда. Сув ресурсларини маҳаллий ва халқаро миқёсда бошқариш сифатини оширишга ҳаракат қилиняпти. Энг муҳими, кун тартибига чиққан бу “қайноқ” масалани бир мамлакат ёки бир минтақа ­доирасида ҳал қилиб бўлмаслигини ҳамма англаб, давлатлар ҳамжиҳатликда, ҳамкорликда кутилган мақсадга эришиш мумкин деган мантиқ билан ҳаракатланаётир.

Ташаббус ва халқаро эътироф

Президентимиз Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашувида сув хавфсизлиги масаласини стратегик устувор йўналиш сифатида белгилаб,
2026-2036 йилларни “Марказий Осиёда сувдан оқилона фойдаланиш бўйича амалий ҳаракатлар ўн йиллиги” деб эълон қилиш ташаббусини илгари сурди. Бу эзгу ташаббусга ҳамоҳанг тарзда бўлиб ўтган конференцияда Ўзбекис­тоннинг янги Сув кодекси тақдим этилди. Мазкур ҳуқуқий ҳужжатда мамлакатимизда сувдан оқилона фойдаланиш, соҳани тартибга солиш, муҳофаза қилиш, ер усти ва ер ости сувларини ўзаро боғлиқ ҳолда бошқаришга оид масалалар мажмуавий ҳолатда ёритиб берилган. Бу ҳужжатни чет эллик экспертлар “тарихий қадам” сифатида баҳолагани ҳам ОАВ ва ижтимоий тармоқларда қайд этилди.

Одатда масъуллар ҳисоботига кўра, таж­рибали экспертлар баҳоси холисроқдир. Шу маънода, тадбирда иштирок этган ҳамкор мутахассис — Осиё тараққиёт банкининг Лойиҳаларни бошқариш бўлими раҳбари Жануар Лауде фикрларини келтириб ўтишни жоиз деб билдик. У Марказий Осиёда сув танқислиги муаммосига стратегик ёндашув, етакчилик ва ҳамкорлик зарурлигини айтиб, бундай деди:

— Осиё тараққиёт банки Ўзбекистон ҳукумати ва Сув хўжалиги вазирлиги билан сув секторини замонавий, самарали ва иқлимга чидамли тизимга айлантириш йўлида узоқ йиллик лойиҳалар ва дастурларда, жумладан, янги Сув кодексини тайёрлашда фаол иштирок этди. Ушбу ҳужжатлар сув ресурсларини интеграциялашган бошқариш, шаффоф тақсимот, рақамлаштириш ва барқарорлик принциплари асосида тизимни тубдан янгилашга замин яратди. Янги кодекс институционал ваколатларни аниқ белгилаб, сув фойдаланувчилари иштирокини кенгайтирди ва экологик ҳамда иқтисодий тамойилларни бошқарувга интеграция қилди. ОТБ келгусида ҳам вазирлик билан яқин ҳамкорликни давом эттириб, 2050 йилгача мўлжалланган сув секторини ривожлантириш стратегияси ва миллий сув хавфсизлиги дастурини ишлаб чиқишда амалий ёрдам беради. Ўзбекистон ҳукумати етакчилиги ва олиб бораётган ислоҳотларини юқори баҳолаймиз. ОТБ эса бу борадаги ташаббусларни қўллаб-қувватлайди.

Сув танқислиги муаммоси айрим мамлакатлар эмас, бутун дунё аҳолисига хавф солаётгани аниқ-равшан кўриниб қолди. Бу мавзуда гапирганда баъзи кўллар қуриб қолаётгани, айримлари қурғоқчилик ва ифлосланиш хавфи остида экани ҳақида ташвишли маълумотга тез-тез кўзимиз тушади. Дунё бўйича бундай ўнгланмас ҳолатга тушган жами ирмоқлар, анҳору булоқларни ҳисоб­лаб чиқиш мушкул эканини таъкидламоқда мутахассислар.

Албатта, дунё ҳамжамияти бундай салбий ўзгаришларнинг олдини олиш учун биргаликда турли лойиҳаларни амалга оширишга киришган. Табиатни асраш, муҳофаза қилиш борасида турли даражада имкониятга эга мамлакатлар тобора жипслашаётир. Мавжуд технология ва илм-фан ютуқлари, илмий тадқиқот хулосалари ушбу муаммони ҳал этишга йўналтирилаётгани ҳам кўнгилга қисман таскин беради. Аммо бу масалани барчамизнинг бурчимиз сифатида қабул қилар эканмиз, уни кейинги авлодларга қай даражада етказиб бера оляпмиз деган савол туғилади. Ахир сув билан боғлиқ юксак қад­риятлар ва қарашларимиз сусайиб кетганини ҳам тан олиш керак. Келажакда шундай давом этаверса, яна қандай оғир муаммоларга дуч келамиз? Табиат эса бу муаммоларга ­эътиборсизликни кечирмайди.

Рустам БОЙТЎРА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири