Жаҳон иқтисодиётида ҳам саноат соҳаси иқтисодий ўсишни таъминловчи муҳим тармоқлардан. Ҳозир саноат глобал ялпи ички маҳсулотнинг тахминан 26 фоизини ташкил этади. Унинг таркибида қайта ишлаш саноати алоҳида аҳамиятга эга. У жаҳон ЯИМнинг 16-17 фоизини таъминлайди ҳамда саноат қўшилган қийматининг қарийб 80 фоизини шакллантиради.

Шунингдек, жаҳон иқтисодиётида иш билан банд аҳоли сони тахминан 3,5 миллиардни ташкил этиб, уларнинг қарийб 24 фоизи саноат тармоқларида фаолият юритади. Шу билан бирга, глобал миқёсда асосий капиталга киритилаётган хорижий инвестиция ва кредитларнинг асосий қисми саноат тармоқларига йўналтирилмоқда. Бу ҳолат саноатнинг глобал иқтисодиётда иш ўринлари очиш ва иқтисодий барқарорликни таъминлашда муҳим ўрин тутишини кўрсатади.

БМТнинг Саноатни ривожлантириш ташкилоти томонидан тайёрланган 2026 йилги Саноат ривожланиши ҳисоботига кўра, саноат соҳаси технологик тараққиёт ва барқарор ривожланишни таъминлашда асосий драйверлардан. Хусусан, халқаро ташкилотлар ҳисоботида таъкидланишича, келгуси ўн йилликларда глобал иқтисодий ривожланиш рақамлаштириш, сунъий интеллект технологиялари, “яшил” энергетика, яримўтказгичлар ишлаб чиқариш ва электр транспорт воситалари каби янги технологик йўналишлар таъсирида шаклланади. Шу билан бирга, саноатлашув иш ўринлари очиш, инновацияларни рағбатлантириш ва қиймат занжирларини кенгайтириш орқали иқтисодий номутаносибликларни камайтириш ҳамда барқарор иқтисодий ривожланишни таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Шу нуқтаи назардан, жаҳон тажрибаси барқарор иқтисодий ўсишга эришган мамлакатлар саноатни модернизация қилиш ва технологик ривожлантиришни устувор йўналиш сифатида белгилаганини кўрсатади.

Ўзбекистонда ҳам 2017 йилдан бошлаб иқтисодиётни либераллаштириш, хусусий секторни қўллаб-қувватлаш ва инвестиция муҳитини яхшилашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Бу жараён Ҳаракатлар стратегияси доирасида бошланиб, кейинчалик Тараққиёт стратегияси орқали изчил давом эттирилди. Ушбу ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида “Ўзбекистон — 2030” стратегияси саноат соҳасидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга хизмат қилмоқда.

“Ўзбекистон — 2030” стратегиясининг БМТ Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ) билан уйғунлиги мамлакатнинг глобал майдондаги позициясини мустаҳкамлаб, ­саноат соҳасидаги ислоҳотларни жадаллаштирди. Стратегиянинг 48-мақсади доирасида саноатда қўшилган қийматни ҳозирги 36,5 миллиард доллардан 60 миллиард долларга етказиш, тоғ-кон саноатида маҳаллийлаштириш, ­саноат кооперацияси ҳамда шатакка олиш тизими дои­расида маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар ҳажмини ҳозирги 1,5 миллиард доллардан
2 миллиард долларгача етказиш, тўқимачиликда калава ипни қайта ишлаш даражасини ҳозирги 65,9 фоиздан 100 фоизга етказиш бўйича вазифалар белгиланган.

Натижада қайта ишлаш саноатини кенгайтириш, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва “яшил” индустриал ривожланишни таъминлаш устувор вазифаларга айланди. Шу жиҳатдан 2017-2025 йилларни Ўзбекистон саноатида таркибий трансформация босқичи сифатида баҳолаш мумкин.

Макроиқтисодий ҳолат ва инвестиция

Кейинги йилларда Ўзбекистон иқтисодиё­ти барқарор ўсиш тенденциясини ­намоён қилди. Ушбу даврда ялпи ички маҳсулот (ЯИМ)нинг ўртача йиллик ўсиш суръати тахминан 6 фоизни ташкил этди. Жумладан, иқтисодий ўсиш 2017 йилда 4,7 фоизни ташкил этган бўлса, 2022 йилда 6,1 фоизга кўтарилди ҳамда 2025 йилда 7,7 фоиз даражасида қайд этилди. Натижада 2025 йилга келиб, мамлакат ЯИМ ҳажми тарихда илк бор 147 миллиард доллардан ошди. Мазкур ўсишда саноат тармоқларининг ҳиссаси сезиларли бўлди. Жумладан, 2025 йилда саноат ишлаб чиқариши 6,8 фоиз ўсди.

Саноат тармоқларида ялпи қўшилган қиймат ҳажми ҳам сезиларли даражада кенгайди. Хусусан, мазкур кўрсаткич 2017 йилда 73,3 триллион сўмни ташкил этган бўлса, 2025 йилга келиб, 472,7 триллион сўмга етди. Инфляция таъсирини ҳисобга олганда, ўсиш суръати тахминан 2,8 баробарни ташкил этди.

Шу билан бирга, ЯИМ таркибида саноатнинг улуши ҳам ўсиш тенденциясини намоён қилди. Жумладан, 2017 йилда ­саноат ялпи қўшилган қийматининг ЯИМдаги улуши 22 фоизни ташкил этган бўлса, 2025 йилга келиб, 26,8 фоизга етди. Бу ҳолат саноат тармоқларининг миллий иқтисодиётдаги аҳамияти ортаётгани ва иқтисодий ўсишда саноатнинг драйвер сифатидаги роли куча­йиб бораётганини кўрсатади.

2017-2025 йилларда Ўзбекистон иқтисодиётига киритилган умумий хорижий инвестиция ҳажми тахминан 130 мил­лиард долларни ташкил этди. Ушбу даврда асосий капиталга киритилган хорижий инвестициялар ва кредитларнинг ўртача ҳисобда қарийб 70 фоизи саноат тармоқларига ­йўналтирилди. Бунда тоғ-кон, ишлаб чиқариш саноати, электр энергияси, газ ва буғ билан таъминлаш, шунингдек, сув таъминоти ва канализация тармоқлари асосий инвес­тиция қабул қилувчи соҳалар бўлди.

2025 йилда янги асосий фондларни яратишга қаратилган хорижий инвестиция ва кредитлар 33,5 миллиард доллар (422,1 триллион сўм)ни ташкил этди. Уларнинг тармоқлар кесимида тақсимланишига кўра, 33,2 фоизи ишлаб чиқариш саноатига, 17,1 фоизи электр ва газ таъминотига, 11,9 фоизи тоғ-кон саноатига, 2,1 фоизи эса сув таъминоти ва канализация хизматларига тўғри келди.

Умуман олганда, 2025 йилда асосий капиталга киритилган инвестициялар 591,1 триллион сўмни ташкил этиб, шундан 24,75 миллиард доллари саноат тармоқларига йўналтирилди. Натижада ушбу тармоққа йўналтирилган инвестициялар улуши 2017 йилдаги 45 фоиздан 2025 йилда 53 фоизгача ошди.

Йирик инвестиция лойиҳалари асосан металлургия, мисни қайта ишлаш, нефть-газ кимёси, қурилиш материаллари ҳамда автомобилсозлик соҳаларида амалга оширилди. Инвестициялар ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва маҳаллийлаштириш даражасини оширишга хизмат қилди.

Қайта ишлаш ва таркибий трансформация

Ушбу сармоялар асосида қайта ишлаш саноатида сезиларли ўсиш кузатилди.
2017-2025 йилларда Ўзбекистон саноати таркибида қайта ишлаш саноати етакчи ўринни эгаллаб, иқтисодий ўсишнинг асосий драйверига айланди. Бу даврда саноат таркиби диверсификацияланиб, қурилиш материаллари, машинасозлик ва автосаноат каби тармоқларда юқори ўсиш суръати кузатилди. Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 2017 йилда 148,8 триллион сўмни ташкил этган бўлса, 2025 йилга келиб, 1101,1 трил­лион сўмга етди. Инфляцияни ҳисобга олганда реал ўсиш тахминан 3,2 баробарни ташкил қилди.

Қайта ишлаш саноатининг саноат таркибидаги улуши 2017 йилдаги 78,1 фоиздан 2025 йилга келиб, 86 фоизгача ошди. Номинал ҳажм эса 112,7 триллион сўмдан 947,2 триллион сўмгача кўпайди. Айниқса, қурилиш материаллари ва машинасозлик тармоқларида сезиларли ўсиш кузатилди. Хусусан, цемент ишлаб чиқариш 2017 йилдаги 8,5 миллион тоннадан 2025 йилда 20,2 миллион тоннагача ошди, енгил автомобиллар ишлаб чиқариш эса қарийб 135,5 минг донадан 403,5 мингдан ортиққа етди.

Шу билан бирга, саноат таркибида тоғ-кон саноати улуши 2017 йилдаги 12,7 фоиздан 2025 йилга келиб, 7 фоизга тушди. Электр, газ ва буғ билан таъминлаш ҳамда сув таъминоти тармоқларининг улуши ҳам бир оз қисқарган бўлса-да, уларнинг номинал ишлаб чиқариш ҳажми сезиларли ошди. Умуман олганда, бу даврда саноат таркибидаги ўзгаришлар иқтисодиётда диверсификация жараёнлари кучайиб, юқори қўшилган қийматга асосланган индустриал ривожланиш модели шаклланаётганини кўрсатади.

Экспорт ва диверсификация

Кейинги 9-10 йилда Ўзбекистон ташқи савдосида саноат экспорти таркибий жиҳатдан диверсификацияланди. Умумий экспорт ҳажми 13,9 миллиард доллардан 33,8 миллиард долларгача ўсди. 2025 йилда ­саноат товарлари экспорти қарийб 4 миллиард долларга етди ва унинг умумий экспортдаги улуши 11,8 фоизни ташкил этди. Шу билан бирга, экспорт таркибида олтин (29,3 фоиз) ва хизматлар (28,9 фоиз) асосий улушни сақлаб қолди.

2017 йилга нисбатан 2025 йилга келиб, экспорт таркибида хомашёга боғлиқлик муайян даражада қисқариб, қайта ишланган маҳсулотлар улуши ортди. Айниқса, металлар (рух, алюминий, мис), машина ва ускуналар, кимё маҳсулотлари ҳамда тўқимачилик тайёр маҳсулотлари экспорти сезиларли ўсди. 2025 йилда саноат экспорти таркибида тўқимачилик маҳсулотлари 7,8 фоиз ва кимё саноати маҳсулотлари 6,3 фоизни ташкил этди.

Шу билан бирга, экспорт географияси ҳам кенгайди. 2017 йилда мамлакатимизнинг асосий савдо ҳамкорлари Хитой, Россия, Қозоғистон ва Туркия бўлган бўлса, 2025 йилга келиб, улар билан бир қаторда Франция, БАА, Афғонистон ва Покистон каби янги бозорларнинг аҳамияти ортди. Умуман олганда, мазкур даврда саноат экспорти таркиби ва географиясидаги ўзгаришлар Ўзбекистон иқтисодиётида диверсификация жараёнлари кучайиб бораётганидан далолат беради.

Меҳнат бозори ва технологик ривожланиш

2024 йилда Ўзбекистон иқтисодиётида банд бўлган аҳоли сони 14,3 миллионни ташкил этган. Шундан 12,1 фоизи саноат тармоқларида фаолият юритган. Ушбу кўрсаткич саноатнинг мамлакат меҳнат бозорида муҳим ўрин тутаётгани ва иқтисодий ривожланишда аҳолини барқарор иш билан таъминлаш манбаи сифатида хизмат қилаётганини ифодалайди.

Саноат тармоқларида бандлик асосан ишлаб чиқариш ва тоғ-кон саноати, электр ва газ таъминоти ҳамда коммунал хизматлар соҳалари ҳиссасига тўғри келади. Бу тармоқлар юқори қўшилган қиймат яратиш имкониятига эга. Меҳнат унумдорлигини ошириш ва саноатлашув жараёнини чуқурлаштиришда муҳим аҳамият касб этади. Шу билан бирга, саноатда бандликнинг ўсиши мамлакат иқтисодиётида таркибий ўзгариш­лар ва индустриал ривожланиш жараёнларининг фаоллашаётганини англатади.

Саноатда технологик даража ва инновация жараёнлари мамлакатимизнинг рақобатбардошлиги ва барқарор ўсишини белгилайдиган асосий омиллардан. Юқори технологик даражага эга тармоқлар автоматизация, рақамли ечимлар ва “ақлли” ишлаб чиқариш тизимлари орқали самарадорликни оширса, инновация жараёнлари янги маҳсулотлар, ресурстежамкор технологиялар ва глобал бозорга мослашувчан моделларни яратади.

Ўзбекистонда саноат ривожланишини экологик барқарорлик тамойиллари асосида шакллантиришга қаратилган “яшил” индустриал трансформация жараёнлари фаоллашмоқда. Хусусан, қайта тикланувчи энергия манбалари улуши 2017 йилдаги 12,7 фоиздан 2025 йилга келиб, 31 фоизга етди. Бу эса энергетика тизимини диверсификация қилиш ва саноатда энергия таъминоти барқарорлигини таъминлашга хизмат қилмоқда. Стратегик режаларга кўра, 2030 йилгача мазкур кўрсаткични 54 фоизга етказиш мақсад қилинган.

Шу билан бирга, иқтисодиётга энергия тежамкор ва илғор технологияларни жорий этиш натижасида ресурслардан самарали фойдаланиш даражаси ошиб бормоқда. Хусусан, 2025 йилда 1 долларлик қўшилган қиймат яратиш учун сарфланадиган энергия харажати 15 фоиз камайди. Бу тенденция саноат тармоқларида энергия самарадорлигини ошириш ва ишлаб чиқариш харажатларини қисқартиришга хизмат қилмоқда.

Келгусида “яшил” саноат ривожланишини янада чуқурлаштириш мақсадида 2030 йилга қадар қатор стратегик вазифалар белгиланган. Жумладан, саноатда меҳнат унумдорлигини ҳозирги 16,5 минг доллардан 30 минг долларгача ошириш, минг долларлик қўшилган қиймат яратиш учун сарфланадиган энергия миқдорини 1,5 баробар камайтириш ҳамда ялпи ички маҳсулот ­бирлигига нисбатан иссиқхона газлари чиқиндисини 2010 йилдагига нисбатан 35 фоиз қисқартириш режалаштирилган. Бу чоралар саноатнинг экологик барқарорлигини таъминлаш ва узоқ муддатли “яшил” иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.

Зарурат ва хулосалар

Ўзбекистон саноатида сўнгги йилларда сезиларли ўсиш ва таркибий ўзгаришлар кузатилган бўлса-да, соҳанинг барқарор ва рақобатбардош ривожланишини таъминлаш билан боғлиқ айрим долзарб масалалар сақланиб қолмоқда. Хусусан, БМТнинг Саноатни ривожлантириш ташкилоти (United Nations Industrial Development Organization) томонидан тайёрланган 2026 йилги ­Саноат ривожланиши ҳисоботига кўра, жаҳон саноатида технологик трансформация, рақамлаштириш ва глобал қиймат занжирларининг қайта шаклланиши жараёни жадаллашиб бормоқда ва бу мамлакатлар саноат сиёсатига янги талаблар қўймоқда.

Биринчидан, саноат тармоқларида технологик даражани янада ошириш зарурати мавжуд. Қайта ишлаш саноатида ҳозирча асосан паст ва ўрта технологияли тармоқлар устунлик қилаётгани юқори технологияли маҳсулотлар улушини босқичма-босқич кенгайтиришни талаб этмоқда. Юқори технологияли тармоқлар саноатнинг энг юқори қўшилган қиймат яратувчи сегментлари ва улар глобал қиймат занжирларида рақобатбардошликни белгилайди.

Иккинчидан, саноатда меҳнат унумдорлигини янада ошириш зарур. Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатадики, саноат тармоқларида технологик модернизация ва рақамлаштириш жараёнлари меҳнат унумдорлигини оширишнинг асосий омилларидан. Шу боис, ишлаб чиқариш жараёнига рақамли технологиялар, автоматизация ҳамда ­инновацион бошқарув усулларини кенг жорий этиш муҳим аҳамият касб этади.

Учинчидан, экспорт таркибини янада диверсификация қилиш ва юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар улушини ошириш вазифаси ҳам муҳим. Қайта ишланган саноат маҳсулотлари экспорти иқтисодиётнинг барқарор ўсишини таъминлашда зарур омилдир.

Юқорида қайд этилган масалаларни ҳал этиш мақсадида саноат сиёсатини янада такомиллаштириш ва қатор стратегик йўналиш­ларга алоҳида эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ.

Аввало, юқори технологияли саноат тармоқларини ривожлантиришга қаратилган саноат сиёсатини изчил такомиллаштириш саноатнинг технологик салоҳиятини босқичма-­босқич ошириш ва рақобатбардошликни мустаҳкамлаш имконини беради. Хусусан, электроника, кимё саноати, фармацевтика, машинасозлик ҳамда рақамли технологиялар соҳаларида инновацион ишлаб чиқаришни рағбатлантириш саноатнинг технологик салоҳиятини янада оширишга хизмат қилади.

Иккинчидан, саноат корхоналарида рақамли трансформация жараёнларини кенгайтириш меҳнат унумдорлигини ошириш ва ишлаб чиқариш самарадорлигини босқичма-босқич яхшилаш имкониятини беради. “Индустрия 4.0” элементлари — автоматлаштирилган ишлаб чиқариш, рақамли бошқарув тизимлари ва маълумотларга асосланган қарор қабул қилиш механизмларини босқичма-босқич жорий этиш меҳнат унумдорлигини ошириш ва ишлаб чиқариш самарадорлигини юксалтириш имконини беради.

Учинчидан, саноат кластерларини ривожлантириш ва маҳаллийлаштириш даражасини чуқурлаштириш муҳим йўналиш­лардан. Бу ишлаб чиқариш занжирларини мустаҳкамлайди, кичик ва ўрта бизнес субъектларининг саноат кооперациясидаги иштирокини кенгайтиради.

Тўртинчидан, экспортни қўллаб-қувватлаш сиёсати изчил давом эттирилиб, қайта ишланган ва юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар экспортини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ. Янги ташқи бозорларни ўзлаштириш, логистика инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда савдо тартиб-таомилларини ­соддалаштириш бу жараённи янада фаоллаштириши мумкин.

Бешинчидан, “яшил саноат” тамойилларини кенг жорий этиш саноатнинг экологик барқарорлигини таъминлаш ва узоқ муддатли иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлашда стратегик аҳамиятга эга. Энергия тежамкор технологияларни татбиқ этиш, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш ҳамда экологик стандартларга риоя этиш саноат тармоқларининг экологик барқарорлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Охирги йилларда Ўзбекистон саноати ривожланишида муҳим таркибий ўзгариш­лар ва сифат жиҳатдан янги босқич билан тавсифланади. Бу даврда иқтисодиётни либераллаштириш, инвестиция муҳитини яхшилаш ва хусусий сектор фаоллигини рағбатлантиришга қаратилган ислоҳотлар саноат ўсиши учун мустаҳкам асос яратди.

Натижада саноат ишлаб чиқариш ҳажми бир неча баробар ошди, қайта ишлаш саноатининг улуши сезиларли даражада кенгайди ва иқтисодиётда диверсификация жараёни фаол­лашди. Саноат таркибида хомашё секторининг нисбий улуши қисқариб, юқори қўшилган қиймат яратишга йўналтирилган ишлаб чиқариш занжирлари шакллана бошлади. Шу билан бирга, инвестиция оқими ва инфратузилманинг ривожланиши янги ишлаб чиқариш қувватларини барпо этишга хизмат қилди.

Саноатни янада модернизация қилиш, технологик даражани ошириш, инновацияларни кенг жорий этиш ва “яшил” индустриал ривожланишга ўтиш келгуси йиллардаги асосий вазифалардан бири бўлиб қолмоқда. Агар ушбу йўналишлардаги ислоҳотлар “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида белгилангани каби изчил давом эттирилса, саноат иқтисодиётимизнинг етакчи драйвери сифатида янада мустаҳкамланиши, мамлакатимизнинг глобал иқтисодий тизимдаги рақобатбардошлиги сезиларли даражада ошиши шубҳасиз.

Искандар ЎРОҚБОЕВ,

Барқарор ривожланиш маркази бўлим бошлиғи