Билдирилишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Асака тумани бўлими томонидан терговга қадар текширув ўтказилган. Унда фуқаро Ю.Т. «Беруний» МФЙ ҳудудидаги новвойхонада табиий газ тармоғига ўзбошимчалик билан тўғридан-тўғри уланиб олгани аниқланган. Мазкур қонунбузилиш ҳолати оқибатида 253,3 млн сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдаланганлиги маълум бўлган.

Шу каби яна бир ҳолат, Департаментнинг Бухоро шаҳри бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда ҳам аниқланган. Унга кўра, «А.П.» оилавий корхонаси раҳбари Б.У. «Жўбор» МФЙ ҳудудидаги фермасида умумий фойдаланишдаги табиий газ тармоғига девор орасидан пластик қувур орқали яширинча уланиб, 218,1 млн сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдалангани фош бўлган.

Шунингдек, Департаментнинг Хоразм вилояти бошқармаси томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда Қўшкўпир тумани йўллардан фойдаланиш давлат муассасаси масъул шахслари умумий фойдаланишдаги табиий газ тармоғига ўзбошимчалик билан тўғридан-тўғри уланиб 182,9 млн сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдаланиб келгани аниқланган.

Бундан ташқари, Департаментнинг Оҳангарон шаҳри бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда ҳам «М.Х.» МЧЖ раҳбари Т.К. МЧЖ меҳмонхонасида умумий фойдаланишдаги табиий газ тармоғига тижорат мақсадида тўғридан-тўғри уланиб олгани маълум бўлган. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, мазкур қонунбузарлик оқибатида 176 млн сўмлик зарар етказилган.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.