Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Пискент туман бўлими томонидан ЭТК ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган терговга қадар текширувда “S.G.” МЧЖ раҳбари Ш.З. МЧЖ ер майдонида назорат тамғалари бўлмаган электр ҳисоблагичдан ўзбошимчалик билан фойдаланиб, жами 525,6 млн сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганлиги аниқланган. 

Шу каби, Департаментнинг Самарқанд вилоят бошқармаси томонидан газ таъминоти бўлими ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган терговга қадар текширувда фуқаро Т.Х. (муқаддам судланган) ва бошқалар Пастдарғом туманидаги янги қурилган кўп қаватли бинони умумий фойдаланишдаги газ тармоғига тижорат мақсадида ўғрилик йўли билан улаб, жами 221,4 млн сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдаланганликлари аниқланган. 

Худди шундай, Департаментнинг Бекобод шаҳар бўлими томонидан “Тошкент сув таъминоти” МЧЖ шаҳар филиали ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган терговга қадар текширувда фуқаро Ж.З. “Нурли йўл” МФЙ ҳудудидаги кўп қаватли ва кўп тармоқли хизмат кўрсатишга мўлжалланган нотурар биносини тижорат мақсадида ўғрилик йўли билан марказлашган ичимлик сув қувури ва оқова сув чиқариш хизматига улаб, жами 156,6 млн сўмлик ичимлик сувидан ноқонуний фойдаланганлиги аниқланган. 

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) ва 185-2-моддаси (электр, иссиқлик энергияси, газ, водопроводдан фойдаланиш қоидаларини бузиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.