Бундан икки йил олдин давлат раҳбарининг бизнес вакиллари билан очиқ мулоқот шаклидаги учрашуви ташкил қилиниб, тўпланиб қолган масалаларга биргаликда ечим топиш амалиёти йўлга қўйилган эди.

2021 йилда мана шундай мулоқот ортидан 57 та, 2022 йилда эса 55 та муҳим ташаббус илгари сурилди. Шу йил 18 август куни бўлиб ўтган очиқ мулоқотда ҳам биз, тадбиркорлар кўнглидаги кўплаб гаплар айтилди. Хусусан, очиқ мулоқотда корхонамиз номи қайта-қайта тилга олинди. “...Чет эл брендини олиб келинг, маҳсулот сифатини оширинг, дунёга чиқинг”, деди давлатимиз раҳбари. Бундан  бошимиз осмонга етди.

Кичик бизнес — бу маҳаллага, туманга янги муҳит олиб кирадиган, одамларимизга шиж́оат берадиган тадбиркорлик субъекти. Иқтисодиёти жадал ривожланаётган кўплаб давлатларда иш ўринларининг 70-80 фоизи шу соҳа вакиллари томонидан яратилмоқда.

Биз учун яна бир муҳим янгилик. Энди кичик бизнес лойиҳасининг 10 фоизига тадбиркор инвестиция кирит́са, 45 фоизига Бизнесни ривожлантириш банки, қолган 45 фоизи учун давлат кўмагида ресурс йўналтирилади.

Кредитлар тадбиркорларга 5-7 йил муддатга имтиёзли шартлар асосида берилади. Ушбу маблағларнинг 150 миллион доллари бўйича кредит линиялари 1 октябрдан очиладиган бўлди. Ўз бизнесини йўлга қўя олган, кредит ва солиқ тарихи тоза тадбиркорларга фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш учун кредит олишда гаров талаби 50 фоиз камайтирилиши ҳам соҳа ривожига хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Лойиҳани амалга оширишда қўшимча ресурсга эҳтиёжи бор корхоналарга мавжуд кредитга қўшимча маблағ ажратишга рухсат берилади. Бунинг учун йилига қўшимча 1 триллион сўм ажратилади. Шунингдек, лойиҳа доирасида олиб кириладиган асбоб-ускунани суғурталаш, хомашё ва материалларни сертификатлаш харажатлари марказлар томонидан қоплаб берилади. Энг муҳими, дастурда иштирок этаётган кичик бизнес корхоналари фаолиятини уч йилгача текширишга йўл қўйилмайди.

Тўғриси, “Шуҳрат” медалига лойиқ кўриламан, деб ўйламаганман. Бундан жуда хурсанд бўлдим. 

Келгусида мана шу енгиллик ва имкониятлардан фойдаланиб,  мамлакатимизнинг иқтисодий салоҳиятини ривожлантириш ва қўшимча иш ўринлари, рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқаришга ўз ҳиссамни қўшишга ҳаракат қиламан.

Ўктамжон ОРТИҚОВ,

Асака туманидаги “Sino International Invest”

МЧЖ директори,

“Шуҳрат” медали соҳиби